Линклар

logo-print

Қирғиз исëни ортида ким турибди?


7 апрел воқеалари ортидан берган илк интервюсида Бакиев ўзининг ҳайдалиши ортида Россия раҳбарияти турганига ишорат қилди.

7 апрел воқеалари ортидан берган илк интервюсида Бакиев ўзининг ҳайдалиши ортида Россия раҳбарияти турганига ишорат қилди.

Ҳокимиятдан қувилганидан сўнг берган илк интервюсида Бакиев мамлакатни қамраб олган ғалаёнларда ташқи кучлар қўли борлигини даъво қилди. Аммо навбатдаги суҳбатда Бакиев бу воқеаларда Вашингтон ë Москванинг алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Ҳукумат қўшинларининг 7 апрел куни Бишкек марказига тўпланган намойишчиларга қарата ўт очиши натижасида камида 75 одам ўлди, юзлаб жароҳатланди.

Аввалига Талас ва Норин вилоятларида бошланиб¸ тезлик билан пойтахт Бишкекка кўчган халқ норозилиги ҳали ҳукумат ўзгаришига олиб келмай турибоқ¸ бу воқеалар ортида қандайдир кучлар турганлиги тўғрисидаги тахмин ва даъволар оммавий ахборот воситалари юзини кўрди.

Воқеаларнинг кўринмас дирижëри бўлиш эҳтимоли ҳақидаги тахминларга ҳатто ҳокимиятдан қувилган президент Бакиевнинг ўзи ҳам ойдинлик кирита олмади - у бир куннинг ичида бири-бирини инкор этувчи икки хил баëнот берди.

“Эхо Москвы” мухбири Дзядконинг 7 апрел кунги воқеалар ортида бирор ташқи кучлар турган бўлиши мумкинми¸ деган саволига Қурмонбек Бакиев:

- Мен айнан қайси мамлакат эканлигини кўрсатмоқчи эмасман, лекин ташқи кучларсиз бундай мувофиқлаштирилган жараённи амалга ошириш мумкин эмас¸ дея жавоб қайтарди.

Аммо “Эхо Москвы” мухбири билан суҳбатдан саноқли соатлар ўтиб¸ Франс пресс мухбири саволларига жавоб бера туриб айнан Бакиевнинг ўзи:

- Мен на Россия ва на АҚШ бу воқеаларга алоқадор¸ деган фикрдаман¸ деган гапни айтди.

Бакиевнинг бундай қарама-қарши баëнотлари баробарида бу саволга жавоб излаëтган аксар таҳлилчи ва сиëсатшунослар Қирғизистон воқеалари ортида Россиянинг қўли борлигини таъкидлашмоқда. Россиянинг Қирғизистон воқеаларига алоқадорлиги, айрим тахминларга кўра, Қирғизистонга берилган 300 миллион долларлик Россия кредитининг бакиевчиларга тегишли бўлган тижорат банкларга тарқатилиши ва Бакиевнинг АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш ҳақида Москвага берган ваъдаси устида турмагани билан боғлиқдир. Россия Қирғизистонга сотилаётган ёқилғи нархларини 1 апрелдан оширган ва бу халқ норозилиги устига мой сепган эди.

Айни пайтда¸ Қирғизистон воқеалари ортида ташқи кучлар¸ хусусан Россия турибди¸ деган тахминларга қўшилмаëтган таҳлилчилар ҳам талайгина. Шулардан бири Москвадаги мустақил таҳлилчи Санобар Шерматовадир.

- Мен бу воқеаларда Москва ёки Вашингтон қўли борлигига умуман ишонмайман. Бу Қирғизистонннинг ички вазиятидан келиб чиқиб содир бўлган воқеалардир. Ҳукуматнинг ўзи халқ норозилигини юзага келтириш учун барча шароитларни яратиб берди. Москванинг қандайдир махфий тизимлар қўли билан бу ҳаракатларни бошқараётганлигига асло ишонмайман¸ дейди таҳлилчи Санобар Шерматова.

Қирғизистонда ҳали ҳукумат алмашинуви содир бўлмай турибоқ¸ Россия Бош вазири Владимир Путин бўлиб ўтаётган воқеаларга Россиянинг, хусусан унинг шахсан алоқаси йўқлигини билдирди:

- Айтадиган гапим шу: на Россиянинг, на менинг ва на Россия расмий доираларининг бу воқеаларга алоқамиз бор. Шахсан мен учун бу воқеалар кутилмаган бўлди¸ деди Россия ҳукумати раҳбари Владимир Путин.

Озодликнинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Паниэр Қирғизистон воқеаларига четдан туриб муайян кучлар таъсири масаласига доир ўзгача фикр билдирди:

- Менимча, Қирғизистон воқеаларида Ғарб давлатларини айблаш жуда қийин. Ҳеч ким учун сир эмаски, Россия собиқ ҳукуматни қўллаб-қувватламади. Бунинг сабабларидан бири¸ Бакиев ҳукуматининг Москва томонидан берилган пулларни шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборганидир. Воқеалардан олдин, эътибор берган бўлсангиз, Россия ахборот воситаларида, хусусан “Вести”¸ “Новости”ларда, Бакиев бошқаруви қаттиқ танқидга учраган эди. Москва қирғиз ҳукуматидан жуда норози эди. Шунинг учун собиқ ҳукумат Москвани бу воқеаларда қўли борликда айблаши мумкин. Аммо бу жуда хавфли ўйин. Марказий Осиёда ҳақиқий сиёсий таъсирга эга ягона давлат Россиядир¸ Америка эмас, Хитой эмас, айнан Россиядир. Россия Марказий Осиёда жуда осонлик билан ҳар қандай сиёсий ўйинларни ташкиллаштириши мумкин. Лекин бу воқеаларда бировни айблаш ҳам нотўғри. Халқ Бакиевдан норози. Бакиев эса ўзи кетишни истамаяпти. Россия эса ҳозир кейинги бошқарувчини танлашга киришган ҳам бўлиши мумкин.
- деган фикрда Озодликнинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Паниэр.

АҚШ давлат Департаменти вакили Филип Кроули Қирғизистон ҳодисалари мантиқий ниҳоясига етмаган 7 апрел куни, Бакиев ҳукуматини назарда тутган ҳолда “Биз вазиятни кузатиб бормоқдамиз. Биз ҳокимият тепасида қонуний ҳукумат турганлигидан келиб чиқиб гапиряпмиз”, дея баëнот берган эди,

Бакиевнинг ҳукуматдан четлаштирилиши ортидан “КазТаг” ахборот агентлигига интервю берган Қирғизистон собиқ президенти Асқар Ақаев¸ бу воқеалар учун АҚШ ҳукуматини айблади.

- Қирғизистонда бўлаётган воқеалар- бу АҚШнинг демократияни ёйиш баҳонаси билан суверен давлатнинг ички ишларига аралашуви натижасидир¸ деб хулоса чиқарди айнан халқ қўзғолони оқибатида 2005 йилнинг 24 март куни Москвага қочиб келган собиқ қирғиз президенти Асқар Ақаев.

Қирғизистон воқеалари ортидаги “айбдорни” қидириш авж паллага кирган бир вақтда, Владимир Путин ва Барак Обама янги ҳукумат раҳбари Роза Ўтунбаева билан телефон орқали сўзлашиб¸ янги ҳукуматни тан олганини билдирдилар. Айни пайтда АҚШ маъмурияти Вашингтонда расмий учрашувга ҳозирланаётган собиқ ҳукумат Ташқи ишлар вазири Қодирбек Сарбаевга аввал белгиланган музокараларнинг тўхтатилганлигини билдирди.

Бу жараëнлар билан бир пайтда¸ 9 апрел куни муваққат халқ ҳукумати бошлиғи ўринбосари Алмаз Атамбаев бошчилигидаги делегациянинг вужудга келган вазиятни муҳокама этиш ва ваъда қилинган молиявий ёрдам олиш мақсадида Москвага жўнаб кетгани хабар қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG