Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:32

Ўтунбаева: "Парламент республикаси бўламиз, Бакиевни қамаймиз"


Роза Ўтунбаева президентлик бошқаруви Қирғизистонга тўғри келмайди, деб ҳисоблайди.
Роза Ўтунбаева президентлик бошқаруви Қирғизистонга тўғри келмайди, деб ҳисоблайди.

Қирғизистон муваққат халқ ҳукумати мамлакатни парламент бошқарувидаги республикага айлантирмоқчи. Шунингдек, Роза Ўтунбаевага кўра¸ 9 апрел куни муваққат халқ ҳукумати президент Бакиевни қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарган.


7 апрел куни иқтидорга келган Қирғизистон муваққат халқ ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбаева 9 апрел куни Бишкекдаги ўзбек хизмати мухбири саволларига жавоб қайтарди.

Озодлик: Роза Исақовна, муваққат халқ ҳукуматининг айрим аъзолари, жумладан, Ўмурбек Текебаев Қирғизистонни парламент бошқарувидаги республикага айлантириш ғоясини ўртага ташламоқдалар. Муваққат ҳукумат раҳбари сифатида Сиз бу ғояни қувватлайсизми ва Қирғизистоннинг парламент республикасига айлантириш фикри нақадар жиддий?

Роза Ўтунбаева:
Бизда бу борада қатъий лойиҳа бор. Биз, яъни барча мухолифатчи партиялар бу борада якдилмиз. Бундан бир йил аввал мухолифат партиялари қабул қилган меморандумда ҳам биз Қирғизистонни парламент бошқарувидаги давлат сифатида кўришимиз таъкидланган. Президентлик бошқаруви Қирғизистон шароитига тўғри келмаслигини вақт кўрсатди. Президентлик ҳокимияти мамлакатимизда мустабидлик ҳокмиятига айланиб қолмоқда. Куни-кеча бўлиб ўтган воқеалар, хунрезлик буни яна бир бор исботлади.

Мен майдонга чиққан ва кейин яраланиб касалхонага тушган йигитлар билан гаплашдим. Улардан “Майдонга ўз ихтиёрларинг билан чиқдингларми?” деб сўрадим. Улар “Ҳа”, деб жавоб беришди. “Бунга сизларни нима мажбур қилди?” деб сўрасам, улар “Биз бундан буён бундай яшашни ҳоҳламаймиз, янгиланишларни истаймиз. Биз бундай бошқарувда мамлакатимиз келажагини кўрмаймиз”, деб жавоб беришди.

Биз қурбон бўлганлар, яраланганлар олдида, бутун халқ олдида жуда катта масъулиятга эгамиз. Уларнинг ҳаммаси ёшлар эди.

Озодлик:
Роза Исақовна, айни пайтда сизнинг ўринбосарингиз Алмазбек Атамбаев Россияда Кремл расмийлари билан учрашмоқда, деган гаплар бор. Расмий Кремл Қирғизистон муваққат ҳукуматини қўллаяптими?

Роза Отунбаева: Алмаз Атамбаев менинг Владимир Владимирович Путин билан телефон орқали ўтказган мулоқотимдан сўнг музокаралар олиб бормоқда. Путин мулоқот чоғида жуда илтифотли бўлди ва бизга ёрдам бериши мумкинлигини айтди. Алмаз Атамбаев айни пайтда Москвада. У Қирғизистонга молиявий, иқтисодий ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилади. Путин телефон мулоқоти чоғида Алмаз Атамбаевни қабул қилишини ва муҳокамага тайёрлигини билдирди. Мен бу учрашув бўлиб ўтади, деб умид қиламан.

Озодлик: Айни пайтда президент Қурмонбек Бакиев билан боғлиқ турли миш-мишлар бор. Гўёки у турли чиқишларга тайёргарлик кўраётганмиш... Бу гапларда жон бор деб ўйлайсизми? Умуман, Бакиевнинг келажаги ҳақида нима дея оласиз?

Роза Ўтунбаева: Мен унинг мурожаатини ва “Эхо Москвы” радиосидаги чиқишини эшитдим.

Мен муваққат ҳукуматнинг хавфсизлик масалалари бўйича масъули Азимбек Бекназаровга Бакиевни қўлга олиш ҳақида кўрсатма бердим ва бу тўғридаги қарорни имзоладим.

Бугун одамлар гавжум бўлган уч ерда миналарни топдик ва зарарсизлантирдик. Бакиев ва унинг собиқ аёнлари жуда катта маблағга эга. Улар мана шундай йўллар билан барқарорлашаётган вазиятни яна издан чиқаришга ҳаракат қилмоқдалар.

Бу ҳақда бизда ишонарли далиллар ва фактлар бор.

Бундан ташқари Бакиев аввал ҳам Оқ уйни ўзи ўқ отиб ҳимоя қилишини айтган эди. Мана энди у отиб бўлди.
XS
SM
MD
LG