Линклар

Врачлар бичиш бўйича давлат планини бажармоқда


Мажбурий стерилизация амалиëтларини кучайтириш орқали Тошкент ҳукумати туғилиш даражасини тўхтатишга уринмоқда.

Мажбурий стерилизация амалиëтларини кучайтириш орқали Тошкент ҳукумати туғилиш даражасини тўхтатишга уринмоқда.

Бу гапни Озодликка айни шундай режа топширилган гинеколог врачлардан бири хабар қилди. Айтилишича¸стерилизацияга кўнмаëтган аëлларга милицияга олиб кетиш ва болаларининг нафақа пулларини кесиш билан таҳдид қилинмоқда.

Ўзбекистонда аёлларни улар ихтиёрига зид тарзда стeрилизация қилиш ҳолатлари ортаётгани ҳақида Озодлик орқали аввал хабар берилилганди.

Ўзбек аёлларини мажбурий стeрилизация қилиш амалиётида шахсан иштирок этаётган шифокорлардан бири Озодликка интервью бериб, айни тадбир борасида қўшимча маълумотлар билан таништирди.

Шунингдек, Озодлик ихтиёрий жарроҳлик контрацепцияси деб аталаётган ушбу амалиёт давомида мажбуран жарроҳлик столига олиб келинган аёллардан бири билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Озодлик¸ суҳбатдошларнинг илтимосига кўра, уларнинг исми шарифлари, яшаш манзилларини ошкор қилмайди.

Ўзбекистоннинг чекка қишлоқларидан бирида яшовчи суҳбатдошимиз - 30 ёшли аёл¸ икки ўғил бир қизнинг онаси. У яна бир қиз кўришни орзу қилар, унга Лайло деб исм ҳам топиб қўйганди. Аммо у бу орзусининг эндиликда амалга ошмаслигидан ўкинади.

Боиси бу ëш аёл жорий йилнинг 10 март куни туман марказий шифохонасининг жарроҳлик столига олиб келиниб, унинг бачадон йўли бичиб ташлан ва эндиликда умуман туға олмайди.

- 2010 йилнинг 10 март куни туман марказий шифохонасида ИЖК (ихтиëрий жарроҳлик контрацепцияси) да бўлдим. Бачадонни тикар эканда. Киндикнинг тагидан 7-8 сантиметр қирқиб кейин бачадон бўйнидан боғлар экан.

Озодлик: Бу пайтда оғриқ сезиладими? Қанақа бўлади?

- Булар наркоз берар экан.

Озодлик: Операциядан кейин ўзингизни қанақа сездингиз?

- Наркоз берилар экан. Икки соат ëтқизиб қўяр экан. Кейин уйга жавоб берар экан, дейди аёл.

Аëлнинг айтишича, уни жарроҳлик столига мажбурий равишда олиб келишган.

- Ҳар куни докторлар уйимга келиб ИЖК қилдирасан деб мажбурладида. Шундан кейин боришга мажбур бўлдим.

Озодлик: Энди мажбурлади деяпсиз. Масалан, нима қилишди?

- Ҳар куни келадида улар. Районнинг катта докторлари келади. Бизнинг қишлоқнинг докторларини ҳеч ўз ҳолига қўймайдида. ИЖК қилдирасан¸ ИЖК қилдиришга мажбурсан¸ деб урушади. Районнинг катта докторлари келиб қишлоқнинг аëлларини ўз ҳолига қўймайдида. Қишлоқнинг аëлларининг ҳаммасини мажбурлаб¸ бешта-олтита-ўнта район болницасига олиб бориб¸ ИЖК қилдираяптида. Навбатма навбат туришибдилар.

Озодлик: Нима дейишдики¸ сиз бориб ИЖК қилдиришга мажбур бўлдингиз?

- Кўнмасак мажбурмизда. Ҳар куни докторлар келишадида. Бўлмаса¸ милицияларга айтиб мажбурлаб олиб чиқамиз¸ дейишди. Кейин нафақаларингизни тўхтатамиз¸ дейишди. Болаларнинг нафақа пулларинида. Мажбур¸ ҳаммага мажбур. 40 ëшгача мажбурда¸ иккита боласи борми¸ учтами ҳаммага мажбур. Ҳозирча милицияга берамиз¸ деб қўрқитиб олиб чиқаяпти. Тилидан тилхат ëздириб олиб кетаяпти. Бўлмаса милицияларни олиб бориб мажбурлаб қўйдирамиз¸ деяптида. Мажбурлаб¸ дўқ қилиб ҳаммасига. Битта мен эмасда. Тумандаги ҳамма қишлоқдагиларни мажбурлаб олиб бораяптида. Селсоветларга бормаганларнинг рўйхатларини бериб¸ нафақа ололмайсизлар деб ҳаммасини мажбур қилишаяптида.

Озодлик: Сиз болаларингизга қанча пул нафақа олардингиз?

- 50-55 минг сўм пул олардим.

Озодлик: Агар сиз операцияга кўнмасангиз¸ пулни бермай қўйишлари мумкин эдими?

- Ҳа-да.

Озодлик: Шундан қўрқдингизми?

- Ундан ҳам қўрқдим. Кейин мажбур ҳам бўлдикда. Ҳар кун докторлар келгандан кейин¸ тўрт ойдан бери районнинг катта докторлари қишлоқларни оралаб юрибдида, дейди суҳбатдош аёл.

Аёл ИЖК сўзини тилга олди. Бу ихтиёрий жарроҳлик контрацепсияси дегани. Демак, аёлнинг сўзларига кўра, ихтиёрий экани айтилаётган ушбу амалиёт мажбурий тарзда амалга оширилаяпти.

ИЖКнинг мажбурий кўринишда эканлигини айни амалиётда шахсан қатнашаётган шифокорлардан бири ҳам тан олади.

Ушбу шифокор Озодлик билан суҳбатда ҳомиладорликнинг олдини олиш мақсадида ўзбек аёллари мажбурий тарзда стeрилизация қилингани ҳолатларига ойдинлик киритади.

- ИЖК дегани ихтиëрий жарроҳлик контрацепсияси деганида. Ўзи бу ихтиëрий равишда хотиннинг агар кўп болали ë қони кам бўлса¸ эрнинг¸ хотин кишининг рухсати билан амалга оширилиши керак бу. Лекин мажбурий равишда олиб борилади. Тушунаяпсизми? Уни тиббиëт ходимлари мажбурлаб олиб боришади. Кейин у ерда ИЖК қилинади. Бачадон йўли бўйни боғланади. Қорин кесилиб бачадон йўли боғланади. Киндигидан паст қовуқ қисми 7-8 сантиметр кесилиб бачадон йўли боғланади туғмайдиган қилиб. Уруғ ўтмайдиган қилинадида. ИЖК ихтиëрий жарроҳлик йўли билан туғишдан сақланиш деганида. Бу нарса эркин равишда эр-хотиннинг розилиги билан иккови келишган ҳолда амалга оширилиши керак. Лекин бизда мажбурий равишда амалга оширилаяпти, дейди шифокор.

Шифокор суҳбатдош аёлларни мажбурий тарзда жарроҳлик столига олиб келиш амалиёти қай тарзда амалга ошаётганини тасвирлаб беради. Унга кўра, шифокорларнинг ҳар бирига ойига қанчадир аёлни ихтиёрий жарроҳлик тарзи билан ўтадиган стерилизацияга рози қилиш вазифаси юкланган.

- Уни докторларга районнинг бош врачи туман соғлиқни сақлаш бошқармасининг бошлиғи томонидан атрофдаги участкадаги¸ қишлоқ участкаларидаги ҳамма тиббиëт ходимларига врачдан тортиб қоровули, санитаркагача солиқ солган. Врачларга 10 тадан ИЖКга одам топасан¸ фелдшер ҳамшираларга бештадан¸ санитарка қоровулларга биттадан деб ишлатгани ўз ҳолига қўймай мажбурлашади ҳар куни. План тушганда. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан подполный план берилган. Шулар бажариши керак. Ҳар ойда бир марта вилоят ҳокимлигига ахборот бериб турилади. Вилоят ҳокими ҳар бир ойда вилоятдаги туманларнинг туман соғлиқни сақлаш бўлими раҳбарларини чақириб¸ топшириқ беради. Биттама-битта нима қилиб разбор қилишади. Улар қўл остидаги отдел бошлиқларига¸ участка шифохонасида ишлайдиган тиббиëт ходимларига мажбурият қўяди топасан деб¸ дейди шифокор суҳбатдошимиз.

Жарроҳлик столига келтирилган аёл учун ушбу опреция умуман бепул бўлиб, аёл ҳатто йўл кирасига ҳам пул тўламаслигини айтади шифокор суҳбатдошимиз.

- Бу текинга¸ бепул амалга оширилади.

Озодлик: Бунинг харажатларини ким кўтараяпти?

- Харажатларини марказий шифохона кўтаради. Давлат бюджетидан пул ажратилган. Ҳамма керакли медикаментлар¸ шприцлар¸ укол-дорилар ажратилган. Фақат йўл харажатини докторлар кўтаради. Ким аëл кишини шу жойга олиб борса¸ шу одамнинг ўзи кўтаради. Хотин киши бир сўм ҳам пул тўламайди. Шифокорлар ўзи йўл кирасини тўлаб машинасига миндирибми¸ машинаси йўқ бўлса¸ кира қилиб такси ушлайдими туман жарроҳлик бўлимига ëки шошилинч тез тиббий ëрдам бўлимига ëки роддомга олиб бориб ИЖК қилдириб¸ яна олиб келиб уйига қўйиб кетиши керак, дейди шифокор.

Ушбу шифокорнинг айтишича, улар аёлни стерилизация қилишга кўндириш учун жуда кўплаб усулларни қўллашади.

- Хотинларни ўз ҳолига қўймай “юрасан¸ бошқа қиласан” деб ҳар куни уйма уй юриб, дўқ-пўписа қилинади¸ ялинади. Шундай нима қиладида энди. Эрига айтади¸ қайнота-қайноналарига айтади¸ ўзига айтади¸ ялинади¸ илтимос қилади¸ ишқилиб кўндирадида. Кейин бу нарсалар қишлоқ фуқаролар йиғинларига рўйхати берилган. Янги контрацептив воситаларига қарши чиқувчи¸ хоҳламаганларнинг ҳаммасининг рўйхати берилган. Буларга нафақа пулларини¸ бола тарбия пулларини беришни ҳам кечиктираяпти. “Доктордан справка олиб келасан¸ кейин нафақа пули чиқади. Доктордан справка олиб келасан¸ ИЖК қўйдирасан¸ спирал қўйдирасан¸ кейин бола тарбия пули чиқади” деган гаплар қилинаяпти. Бу бутун Ўзбекситон бўйича. Хоразмда ҳам¸ Тошкентда ҳам¸ Бухорода ҳам¸ Қорақалпоғистонда ҳам¸ Сурхондарëда ҳам¸ Жиззахда ҳам, бутун Ўзбекистон бўйича бўлаëтган жараëн бу, дейди шифокор.

Шу каби ҳатти-ҳаракатлар натижасида бичилаётган аёллар сони кун сайин кўпаётганини айтади суҳбатдош.

- Мисол учун ўтган йили туман бўйича 1200 та аëл киши ИЖК қилинди. Бу йил 2000 га бориб қолди. Бу йил жуда тез кетаяпти, дейди аёлларни мажбурий стерилизация қилиш амалиётида шахсан қатнашаётган шифокор.

Жорий йилнинг 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили мамлакатда аёллар мажбуран стерилизация қилинаётганини инкор қилгани тўғрисида хабар пайдо бўлганди.

Ушбу хабардан 8 кун ўтиб бугун суҳбатлашганимиз 30 ёшли аёл жарроҳлик столига олиб келинди ва туғмасга айлантирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG