Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:55

Бакиевларга жиноят иши очилди


Қурмонбек Бакиев вазиятни таранглаштирмоқчи.
Қурмонбек Бакиев вазиятни таранглаштирмоқчи.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Кенешбек Душебаев қуролли тўқнашув содир бўлишига йўл қўймаслик мақсадида президент Қурмонбек Бакиевга нисбатан қатъий чоралар ҳозирча қўлланилмаётганини билдирди. Айни пайтда Бакиевларга нисбатан жиноий ишлар ҳам очилган.

Кенешбек Дуйшебаевнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига Бакиевнинг қаерда экани маълум.

-Қурмонбек Бакиев Жалолобод вилоятининг айрим ҳудудларини 15-20 чоғли одам қуршовида кезиб юрибди. У айнан қайси жойларга кўпроқ бораётганини яхши биламиз. Қуролли тўқнашув бўлиб кетмаслиги учун, ҳозирча Бакиевга нисбатан қатъий чора кўрмаяпмиз. Биз ака-ука Бакиевлар эс –ҳушини йиғиб олади, деган умиддамиз,-деди Кенешбек Дуйшебаев.

Расмийнинг айтишича, айни пайтда президен Бакиевнинг ўғиллари Максим ва Марат ҳорижда. Бакиевнинг укаси, Давлат қўриқлаш хизмати раҳбари бўлган Жаниш Бакиев эса Чуй вилоятига яширинган. Оператив маълумотларга кўра, унга тиш-тирноғигача қуролланган гуруҳ ҳамроҳлик қилаётир.

Айни пайтда Қирғизистон Бош прокуратураси Бакиевлар оиласининг бир қатор аъзоларига нисбатан жиноят иши очилганини эълон қилди. Максим ва Марат Бакиевлар мамлакатда ўзгача фикрловчиларни қувғин қилганликда, бир қатор сиёсий қотилликларни ташкил этганликда шубҳа қилинмоқдалар. Жаниш Бакиев эса 7-8 апрел кунлари президент саройи ҳимоясини амалга оширган. Норозиларга қарши ўқ отар қуролдан қў узилиши оқибатида 75 киши ҳалок бўлган. Муваққат ҳукумат расмийларининг айтишларича, норозиларга қарши ўқ узишга Қурмонбек Бакиев ва Жаниш Бакиев буйруқ берган.

Қирғизистон Бош прокурори Бойтемир Ибраевнинг айтишича, зарур бўлган процедуралар якунлангач, Қурмонбек Бакиевнинг ўзини ҳам жиноий жавобгарликка тортиш жараёни бошланади.

Қирғизистон муваққат ҳукумати Қурмонбек Бакиев фуқаролик уруши бошланишига сабаб бўладиган ҳаракатларни амалга ошираётгани ҳақида баёнот тарқатди. Баёнотда айтилишича, Бакиев Қирғизистон жанубида одамларга пул ва қурол тарқатаябди ва ноқонуний қуролли тузилма ташкил этишга уринаябди.

Қурмонбек Бакиев эса “Эхо Москви” радиосига берган суҳбатида қон тўқилишига мухолифат сабабчи эканини айтган ва мухолифатни хунрезликда айблаган.

Бунга жавобан муваққат ҳукумат мамлакатга мустақил халқаро комиссия чақирилишини маълум қилган.
“Қурмонбек Бакиев содир бўлган воқеага алоқаси бор эканини тан олгачгина у билан музокаралар бўлиши мумкин. Шундагина биз унинг хавфсизлигига кафолат бера оламиз”, деб ёзилади муваққат ҳукумат баёнотида.
XS
SM
MD
LG