Линклар

Смоленск авиаҳалокатида 96 киши нобуд бўлди


Полша президенти Леҳ Качинский минган самолёт Смоленск яқинида ҳалокатга учради.

Полша ахборот агентликлари тарқатган хабарга кўра, ҳалокатдан ҳеч ким омон қолмаган. Ушбу хабарни Смоленск губернатори Сергей Антефев ҳам расман тасдиқлади.

Хабарларга кўра, учқич бугун соат 10.50 атрофида Смоленск вилоятидаги “Северний” аэропортига кўнаётган маҳал ҳалокатга учраган. Россия Прокуратураси қошидаги тергов қўмита вакилининг билдиришича, ТУ-154 русумдаги самолёт бортида 96 нафар йўловчи, жумладан Полша президенти Леҳ Качинский, унинг турмуш ўртоғи ҳамда Полша ҳукуматининг бошқа юқори мартабали расмийлари бўлган.

10 апрел куни Катиндаги ҳарбий қабристонда 1940 йилда собиқ совет махфий хизматлари НКВД томонидан қатлиом қилинган полякларни хотирлаш маросимини ўтказиш режаланган эди. Леҳ Качинскийнинг Полша делегациясига раҳбарлик қилиши кутилаётган эди.

Россия президенти Дмитрий Медведев зудлик билан Смоленскдаги авиаҳалокат тафсилотларини ўрганиш комиссиясни ташкил этиш тўғрисида кўрсатма берган ва ушбу комиссияга мамлакат Бош вазири Владимир Путин раис этиб тайинланган.

Сўнги хабарларга кўра, Россия Фавқулодда ҳолатлар вазири Сергей Шойгу воқеа жойига йўл олган.

Айни пайтда ЕХҲТнинг ҳозирги раиси, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Канат Саудабаев Смоленскдаги авиаҳалокат муносабати билан Полша халқи ва фожиа қурбонлари оила-аъзоларига чуқур таъзия билдирди.

-Полша халқи ҳамда ушбу мудҳиш фожиа қурбонлари оила аъзоларига чуқур таъзиямни изҳор қиламан. Бундай оғир дамларда қайғуингизга шерикмиз,-дейилади Канат Саудабаевнинг эълон қилинган баёнотида.
XS
SM
MD
LG