Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:16

Полша президенти авиаҳалокатда ҳалок бўлди


Полша президенти Леҳ Качинский ва унинг рафиқаси Мария.
Полша президенти Леҳ Качинский ва унинг рафиқаси Мария.

Полша президенти Леҳ Качинский минган учқич Смоленск яқинида ҳалокатга учради.Полша ахборот агентликлари тарқатган хабарга кўра, ҳалокатдан ҳеч ким омон қолмаган. Ушбу хабарни Смоленск губернатори Сергей Антуфев ҳам расман тасдиқлади.

Дастлабки малумотларга кўра, президент учқичи бугун соат 10.50 атрофида Смоленск вилоятидаги “Северний” аэропортига кўнаётган маҳал ҳалокатга учраган. Россия Прокуратураси қошидаги тергов қўмита вакилининг билдиришича, ТУ-154 русумдаги самолёт бортида 96 киши, жумладан, Полша президенти Леҳ Качинский, унинг турмуш ўртоғи ҳамда Полша ҳукуматининг бошқа юқори мартабали расмийлари ҳам бўлган. Ҳозирча фожиа сабаблари маълум эмас. Айрим ахборот агентликларига кўра, авиаҳалокатга об-ҳаво шароитининг ёмон бўлганлиги ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Авиаҳалокат натижасида учоқ бортидаги йўловчиларнинг барчаси ҳалок бўлган.
-Фожиа рўй берган ҳудудда 174 киши ва 50та махсус техника иш олиб бормоқда. Президент Дмитрий Медведев топшириғи билан Фавқулодда ҳолатлар вазири Сергей Шойгу авиаҳалокат рўй берган жойга учиб кетди ва 30-40 дақиқа ичида у ерга етиб боради.

Бундан ташқари Москва вақти билан соат 14.00да Москва яқинидаги Раменское аэродромидан Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг иккита вертолёти Смоленскка йўл олади.

Вертолётлар бортида суд-мед экспертиза мутахассислари бўладилар. Шунингдек, Владимир вилоятидаги яна бир вертолёт фожиа жойига учиб кетишга шай турибди,-деди фожидан сўнг журналистларга гапирган Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги матбуот вакили Ирина Андрианова.

10 апрел куни Катиндаги ҳарбий қабристонда 1940 йилда собиқ совет махфий хизматлари НКВД томонидан қатлиом қилинган полякларни хотирлаш маросимини ўтказиш режаланган эди. Леҳ Качинскийнинг Полша делегациясига раҳбарлик қилиши кутилаётган эди.

-Жиддий фожиа рўй берди. Смоленск вилоятига парвоз қилган Полша президенти, унинг турмуш ўртоғи ва бир нечта юқори мартабали расмийлар ҳалок бўлдилан,-деди Кремлда журналистлар билан учрашган Россия президенти Дмитрий Медведев.

Россия раҳбари шунингдек Смоленскдаги авиаҳалокат тафсилотларини ўрганиш комиссиясни ташкил этиш тўғрисида кўрсатма бериб, ушбу комиссияга мамлакат Бош вазири Владимир Путинни раис этиб тайинланганини билдирди.

Полшаликлар Варшавадаги президент саройи ёнига келиб, таъзия билдирмоқдалар.
Айни пайтда жаҳон давлатлари етакчилари президент Леҳ Качинскийнинг фожиали ўлими муносабати билан Полша халқига таъзия билдирмоқдалар.

Буюк Британия Бош вазири Гордон Браун Леҳ Качинскийни Полша замонавий сиёсатининг етук намояндаларидан бири деб атаб, бугунги фожиадан ҳайратга тушганини билдирди.

-Мен президент Качинский билан бир неча бор учрашганман. Мен у билан яқинда мулоқотда бўлган эдим. Менимча, жаҳоннинг ҳар бир давлати етакчиси Полша халқига ўз ҳамдардликларини изҳор қиладилар,-деди Буюк Британия Бош вазири.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ҳам бундай оғир дамларда Полша халқини қўллаб-қувватлашини билдирди. Маълумки, ҳозирги кунда Афғонистонда халқаро кучлар сафида Полшанинг икки мингдан ортиқ аскари хизмат қилмоқда.

ЕИ номидан гапирган Испания Ташқи ишлар вазири Полша халқига ЕИ ёрдамини таклиф қилди. АҚШ президенти Барак Обама, Франция президенти Николя Саркози, Германия канцлери Ангела Меркел, НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен ва бошқа расмийлар Смоленскдаги фожиа муносабати билан Полша халқига ҳамдардлик изҳор қилдилар.

ЕХҲТнинг ҳозирги раиси, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Канат Саудабаев Смоленскдаги авиаҳалокат муносабати билан Полша халқи ва фожиа қурбонлари оила-аъзоларига чуқур таъзия билдирди.

-Полша халқи ҳамда ушбу мудҳиш фожиа қурбонлари оила аъзоларига чуқур таъзиямни изҳор қиламан. Бундай оғир дамларда қайғуингизга шерикмиз,-дейилади Канат Саудабаевнинг эълон қилинган баёнотида.

Леҳ Качинскийнинг фожиали ўлими ортидан мамлакат парламенти спикери Бронислав Коморовский вақтинчалик президент лавозимини бажаришга киришди.

Мамлакат Конституциясига мувофиқ Коморовский келаси 14 кун ичида муддатидан аввал ўтказиладиган президент сайлови санасини эълон қилиши лозим.

Озодликнинг Варшавадаги мухбирига кўра, мамлакат Бош вазири Доналд Туск ҳукумат аъзолари билан фавқулодда мажлис ўтказган.

Смоленск яқинида ҳалокатга учраган учқич бортида президент Леҳ Качинскийдан ташқари Полша ҳукуматининг бошқа юқори мартабали расмийлари ва жамоат арбоблари бўлган.

Полша президенти вазифасини вақтинчалик бажарувчи Бронислав Коморовский Полша бўйлаб бир ҳафталик мотам эълон қилди.






XS
SM
MD
LG