Линклар

Бакиев билан музокара ўтказиладими?


Айрим маълумотларга кўра, муваққат ҳукумат қўли қонга ботган президент билан музокарага боришни истамаётир.

Айрим маълумотларга кўра, муваққат ҳукумат қўли қонга ботган президент билан музокарага боришни истамаётир.

Қирғизистон ва хорижий ўлкалар оммавий ахборот воситаларида муваққат ҳукумат ва президент Қурмонбек Бакиев ўртасида музокаралар бошлангани ҳақида бир-бирига зид бўлган хабарлар тарқалишда давом этмоқда.

Қирғизистон жанубида яширинган президент Қурмонбек Бакиев Ўш шаҳри мэри билан сўзлашув чоғида халққа қарши қурол қўлламасликка ваъда қилган.

- Ўшдаги мувофиқлаштирувчи кенгаш топшириғини бажариш мақсадида Қурмонбек Солиевич билан муваққат ҳукумат ўртасида музокара олиб бораяпман. Икки ўртада тўқнашув чиқишига, Бишкекда бўлгани каби қонли воқеаларнинг такрорланишига йўл қўймасликка ҳар икки тараф ҳам ваъда бераяпти, дер экан Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзақматов бу мулоқотни расмий музокаралар ўлароқ билмаслигини ҳам қўшимча қилди.

- Бир нарсани айтиб қўяй - у кишининг (Қурмонбек Бакиев назарда тутилмоқда, – таҳр.) қуролли тўқнашув қилиш фикри йўқ, деди Мелис Мирзақматов.

Шу билан бирга, Ўш шаҳар мэри ҳудудда вазият таранглигича қолаётганини қайд этди.

- Бугунги кунда Ўш шаҳрида турли фитначи ва радикал кучлар миллатлараро муносабатни таранглаштиришга ҳаракат қилаяпти, шунингдек, талончиликка ундаган кўринишлар бўлаяпти, дейиш асносида Мирзақматов бундай ноқонуний ҳаракатларга қарши кескин чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, 7 апрел куни Бишкекдаги қуролли тўқнашувда 70 дан зиёд киши ҳалок бўлиши ортидан президент Қурмонбек Бакиев мамлакат жанубига учиб кетган бўлиб, унинг ҳозир Жалолобод вилоятида экани айтилмоқда.

Куни кеча хорижий оммавий ахборот воситаларига интервю берган Қурмонбек Бакиев ўзининг намойишчиларни отишга буйруқ берганлиги ҳақидаги айбловларни рад этиб, истеъфога чиқиш учун асос кўрмаётганини билдирганди.

- Сиз нима деб ўйлайсиз, президент, бутун халқ сайлаган давлат раҳбари ўз халқига қарши қурол ўқталиб чиқиши мумкинми? Буни ким ўйлаб топди? Мен ҳозирча ўз лавозимимни топширишга шошмайман. Бунга асос йўқ. Мен бир неча кундан кейин ҳаммаси ойдин бўлади, деб ўйлайман. Бугун ўзини раҳбар эълон қилган кишилар мамлакатни бошқаришга лаёқатсиз. Улар жавоб берадиган кун узоқ эмас, дея “Эхо Москви” радиосига интервю берган Қурмонбек Бакиев 7 апрел кунги воқеаларни ташқи кучлар ёрдамида амалга оширилган амалиёт бўлганини таъкидлади.

Бакиевнинг истеъфога кетишни истамаётгани, атрофига ўзига хайрихоҳ бўлган одамларни йиғаётгани ҳақидаги хабарлар, муваққат ҳукумат вакилларига кўра, унинг бундан буён қурол қўлламаслик ҳақидаги ваъдаларини йўққа чиқармоқда.

- Президент Бакиев ўз халқига ўқ отиб, сўнг яна уялмай “мухолифат лидерлери билан музокара ўтказаман”, дейишга маънавий ҳақи йўқ, бунга қонун ҳам йўл бермайди. У шунча одамнинг қонини тўкди, шу сабабли халқни қўзғамай, лавозимини тинчгина топшириб кетса, яхши бўларди, деган муваққат ҳукуматнинг Ўш вилоят мувофиқлаштирувчи кенгаши аъзоси Таалай Зикиров бошқаларга сабоқ бўлсин учун Қурмонбек Бакиев ва унинг оила аъзолари қонун доирасида жазоланмагунича бу масалага нуқта қўйилмаслигини айтади.

Аввалроқ Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг махсус вакили Жанибек Карибжанов ҳам Қирғизистон муваққат халқ ҳукумат вакиллари мамлакатдаги сиёсий бўҳронга чек қўйиш мақсадида президент Қурмонбек Бакиев билан мулоқот бошлагани ҳақида маълум қилганди.

- Музокаралар натижаси ҳақида ҳозир ҳеч нарса дея олмайман. Бироқ энг муҳими ушбу жараённинг бошланганидир, деганди ЕХҲТ вакили 10 апрел куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида.

Бу маълумот кечанинг ўзида рад этган Роза Ўтунбаева ўзи раислик қилаётган муваққат ҳукумат жума куни Бакиевдан истеъфо бериш ва мамлакатни тарк этишни талаб қилганини таъкидлади.

Муваққат ҳукуматнинг ижтимоий жабҳа бўйича мувофиқлаштирувчиси Элмира Ибраимова эса Қирғизистонда фуқаролар уруши чиқиб кетиш хавф йўқ, дея мулоҳаза билдирди. Унга кўра, бугунги кунда ўз халқига қарши ўқ отган президентни эс-ҳуши жойида бўлган фуқаролар қўлламайди.

Айни пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қирғизистонга сиёсий вазиятни барқарорлаштиришда кўмак кўрсатмоқчи. Бу ҳақда 10 апрел куни Қирғизистонга келган БМТ бош котибининг махсус элчиси Ян Кубиш муваққат ҳукуматнинг раис ўринбосари Ўмурбек Текебаев билан учрашув чоғида билдирди.

БМТ вакилига кўра, бугунги кунда энг муҳим масалалардан бири “мамлакат ичидаги сиёсий жараёнларни қонуний ўзанга қайтариш”дан иборатдир.

Учрашувда Қирғизистондаги ижтимоий-сиёсий вазият, бўлажак парламент ва президентлик сайловлари, мамлакат Конституциясининг янги таҳрири муҳокама қилинди.

Айни пайтда Вашингтон ҳам Қирғизистон муваққат ҳукуматини ҳар томонлама қўллашга ваъда қилмоқда. 10 апрел куни Қирғизистон муваққат ҳукумати раисаси Роза Ўтунбаева билан сўзлашган АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон мамлакатдаги вазиятни изга солиб, уни инсон ҳуқуқлари риоя қилинадиган, демократик ва иқтисодий тараққиёт йўлига тушириш уринишларида Қўшма Штатлар инқилобий ҳукуматни дастаклашини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG