Линклар

“Тожик мулозимлари қирғиз инқилобидан ибратланиши лозим”

  • Гулнора Равшан

Қирғизистондаги апрел инқилоби чоғида қурбон бўлганлар сони, расмий маълумотларга кўра, айни пайтда 80 дан ошиб кетди.

Қирғизистондаги апрел инқилоби чоғида қурбон бўлганлар сони, расмий маълумотларга кўра, айни пайтда 80 дан ошиб кетди.

Қирғизистонда рўй берган воқеалар шу кунда қўшни Тожикистонда ҳам муҳокама объектига айланган. Тожикистонликлар Бишкек воқеалари ўз мамлакати расмийлари учун ҳам сабоқ бўлиши керак, дея фикр билдирмоқдалар.

Расмий Душанбе Қирғизистонда рўй берган воқеаларга муносабат билдирди.

“Тожикларга дўст қўшни мамлакатда сиёсий тинчликнинг сақланиб қолиши биз учун жуда муҳим. Биз бу мамлакатда мавжуд бугунги вазият қонун доирасида изга туширилишига умид қиламиз”, дейилади Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Давлат Назриев ўқиб эшиттирган ҳукумат баёнотида.

Шунингдек, Давлат Назриев тожикистонлик дипломатлар мамлакатнинг Қирғизистонда яшаётган фуқаролари ўша воқеа ҳодисаларда қатнашмасликлари ва зарар ҳам кўрмасликлари борасида зарур чоралар кўришаётганини билдирган.

Аснода тожик жамиятидаги сиёсий доиралар ҳам, оддий фуқаролар ҳам Қирғизистонда рўй берган қонли инқилобдан ғамгин эканларини билдириш баробарида бу ҳодисалар минтақа бошқа давлатлари, хусусан, Тожикистон расмийлари учун сабоқ бўлиши керак, дея мулоҳаза билдиришади.

Тожикистондаги сиёсий партия вакилларининг аксарияти Қирғизистондаги мухолифатни намойишга чиқишга ва пировардида Қурмонбек Бакиев бошлиқ ҳукумат тўнтарилишига ундаган омиллар Тожикистонда ҳам мавжудлигини айтишмоқда.

- Лекин бизнинг жамиятдаги мухолиф кучлар тинчликпарвардир. Улар барча масалалар тинч йўл билан ҳал қилиниши истайди. Аммо иқтидордаги расмийлар буни эътиборга олмайди ва мухолифатни заиф, деб билади. Менимча, ҳукумат мулозимлари Қирғизистонда рўй берган қонли инқилобдан тўғри хулоса чиқариб, ибрат олиши лозим, дейди Социал-демократик партия раиси Раҳматулло Зоиров.

Социал-демократлар лидери фикрича, Қирғизистонда сўнгги беш йил мобайнида рўй берган иккинчи инқилоб Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга таъсир ўтказмай қолмайди.

- Чунки минтақа мамлакатларидаги давлат бошқариш сиёсати бир-бирга деярли ўхшашдир. Халқ манфаатлари учун қабул қилинган қонунлар доим қоғозларда қолиб кетаётирки, бу, ўз навбатида, халқ сабр косасини бир кун келиб тўлишига туртки бўлади, дея қўшимча қилади Раҳматулло Зоиров.

Оддий тожикистонликларнинг кўпчилиги ҳам айни фикрдалар.

- Биз кузатиб бораяпмиз у ерда бўлаётган воқеаларни. Масалан, “Мир” телеканали бу борада жуда яхши ахборот бериб турди. Энди менинг тушунишимча, халқнинг ғашига теккан нарса кўпроқ давлат идораларидаги коррупция экан. Бизда ҳам бу муаммо бор. Давлат айрим мулозимлари халқ қонини сўриб, қуритаётгани сир эмас. Менимча, Қирғизистондаги воқеалар бизнинг жамиятимизга ёмон таъсир қилмай қолмайди. Хусусан, ёшлар у ердаги муаммоларни бу ердаги муаммолар билан солиштириб кўришади, давлатдан ҳақини талаб қилишни ўрганади албатта, дейди Рима деб ўзини таништирган душанбелик суҳбатдош.

Бироқ унинг қўшниси Бибисоро ая бу фикрларга қўшилмайди.

- Биз уруш кўрдик, шунинг ўзи бизга ибрат. Кўп қурбонлар бердик. Биз оналарга ҳозир энг қиммат нарса тинчлик, болаларимизнинг тинчлиги. Тўғри, турмушимизда қийинчиликлар бор, буни тан олиш керак, лекин қотган нон есак ҳам тинч бўлайлик, дейди Бибисора ая.

Ортда қолган ҳафта давомида Қирғизистонда рўй берган воқеаларнинг сабаблари ва унинг қўшни давлатларга таъсири атрофида тожик жамиятида баҳслар қизиётган бир пайтда Тожикистон ҳукумати Қирғизистонда давлат тепасига келган муваққат ҳукуматни эътироф қилиш ёки қилмаслик устида бош қотираётгани кузатилади.

Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар маркази расмийси Сайфулло Сафаров халқ томонидан сайланган Қурмонбек Бакиев ўз истаги билан истеъфо бермагунига қадар давлат тепасига келган ҳар қандай ҳукумат ноқонуний ҳисобланишини таъкидлайди. Тожик расмийсига кўра, қонун бўйича бирорта давлат бундай ҳукуматни эътироф қилишга ҳақи йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG