Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:23

Олмаотада ҳукумат сиёсатига қарши митинг бўлиб ўтди


Қирғизистонда бўлиб ўтган қонли воқеалар муносабати билан қозоқ полицияси хизматнинг кучайтирилган тартибига ўтказилгани боис Олмаотадаги норозилик акциясини юзлаб полициячи назорат қилиб турди.

11 апрел куни Олмаотадаги “Остона” марказий майдонида қозоғистонликларнинг норозилик акцияси бўлиб ўтди. Акция иштирокчилари қозоқ ҳукуматининг айни кунларда юритаётган сиёсатига нисбатан кескин норозилик билдириш мақсадида марказий майдонга йиғилганларини маълум қилдилар.

Олмаотадаги норозилик акциясининг асосий ташкилотчилари мамлакатдаги ёшлар ташкилотлари экани айтилмоқда. Маълум бўлишича, мазкур ташкилотлар бугун шаҳар майдонига кўплаб талабалар ва мамлакатнинг бутун вилоятларидан ташриф буюрган қозоқ ёшларини олиб чиқишни режалаган.

Норозилик акциясига келганлар мамлакатдаги ижтимоий вазиятнинг оғирлашиб бораётгани, ишсизлар сони кўпаяётгани, коммунал хизматларнинг оширилаётгани, мамлакатда бир қанча киши сиёсий мотивлар бўйича ноҳақ қамалгани юзасидан ўз норозиликларини билдирдилар.

Митинг ташкилотчилари бундан бир неча кун аввал Олмаота шаҳар ҳокимлигига ариза ёзиб, шаҳар марказида митинг ўтказишга рухсат сўраган бўлсалар-да, шаҳар маъмурияти Қирғизистонда бўлиб ўтган тартибсизликлар сабабли Қозоғистонда ҳам ижтимоий-сиёсий вазиятни кескинлаштирмаслик мақсадида норозилик акциясини ўтказишга рухсат бермаганди.

Митингда иштирок этган Қозоғистон социал-демократик партиясининг раис ўринбосари Маржан Аспандиёрова Озодлик мухбирига бугунги митингнинг олдини олиш учун қозоқ ҳукумати турли чоралар кўрганини маълум қилди.

- Бутун шаҳарни полиция ходимлари ўз назоратларига олдилар. Талабаларга: “Митингга чиқманглар” деб, норозилик акциясига чиққан талаба ўқишдан ҳайдалишини айтиб қўрқитишган. Телевизордан ёшларга Қирғизистонда бўлиб ўтган воқеаларни кўрсатиб, “майдонга чиқсанглар, ана шундай аҳволга тушасанлар”, деб халқни қўрқитган. Кўп олийгоҳларда талабаларга ўқув юртлари раҳбарлари, “осмонимиз тинч, қорнимиз тўқ, сенларга яна нима керак?” деб уқтиришибди. Ҳукумат халқни қўрқитмай, унинг муаммоларига қулоқ тутиши керак, дейди мухолифатдаги партия вакиласи Маржан Аспандиёрова.

Айни пайтда Олмаотадаги митинг ҳам юзлаб полиция ходимлари назорати остида ўтди. Митингда иштирок этган тўрт одам ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

- Биз ўша тўрт одамни полиция маҳкамасига олиб кетганимиздан сўнг бошқа намойишчилар ҳам тинчланди. Ўша тўрт одам майдонда ўзларини тажовузкорона тутдилар. Одамларни тартибсизлик чиқаришга тарғиб қилдилар. Ҳозир биз ҳибсга олинганларни қўйиб юборамиз, аммо бунинг эвазига майдонга йиғилганлар ҳам уй-уйларига тарқалишлари керак, деди полиция вакили Избосар Бектуров.

Полициячилар ултиматумидан кейин митинг иштирокчилари маҳаллий вақт билан соат 13 ларда тарқалиб кетдилар. Аммо улар апрел ойида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ҳукумат сиёсатига қарши яна қатор норозилик акциялари уюштиришга ваъда қилдилар.

Айтиб ўтиш жоизки, Қозоғистон расмийлари Қирғизистонда бўлиб ўтган воқеаларга ўта эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Қозоқ парламенти эса Қирғизистонда содир бўлган тартибсизликларни муҳокама қилмасликни маъқул кўрди. Озодлик радиоси қозоқ хизматининг Остонадаги мухбири 9 апрел жума куни парламентнинг навбатдаги йиғилишида аксар депутатлар ана шундай қарорга келганлари ҳақида хабар қилди.

Маълум бўлишича, парламент йиғилишида сенатор Ғани Қосимов палата спикери Қосимжўмарт Тўқаевдан Қирғизистондаги вазиятни парламент муҳокамасига олиб чиқишни сўраган. Ўз навбатида, парламент спикери мазкур масалани овоз бериш жараёни орқали ҳал қилишни таклиф қилган.

- Мен Қирғизистондаги вазиятни парламентда муҳокама қилиниши, бу борада Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги ва бизнинг ҳуқуқ-тартибот органлари сўнгги маълумотни етказишлари ҳақидаги масалани илгари сурдим. Аммо депутатлар бу масалани муҳокама қилишдан бош тортдилар. Ҳозир бирор-бир давлат Қирғизистондаги вазият бўйича ташаббусни қўлга олиб, Марказий Осиё минтақасидаги қўшни давлатлар миллий хавфсизлигига дахл қилиши мумкин бўлган ҳаракатлар қилишига йўл қўймайдиган сиёсий чоралар кўрилиши керак. Мен Қирғизистондаги вазият бирор-бир йирик давлат эмас, балки халқаро ташкилотлар назорати остида бўлишини истардим. Чунки биз дунёдаги воқеалар қандай содир бўлаётганини ва уларнинг қандай оқибатларга олиб келаётганини кўриб турибмиз, деди сенатор Ғани Қосимов.
XS
SM
MD
LG