Линклар

Бакиевни ҳибсга олишга ордер берилмаган


Қирғизистон муваққат халқ ҳукумати ўз раҳбари Роза Ўтунбаеванинг президент Қурмонбек Бакиевни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берилгани тўғрисидаги баёнотини инкор қилди.

Бу ҳақда Россия ахборот агентликлари муваққат халқ ҳукумати вакилларидан бири Эдил Байсаловга таянган ҳолда хабар тарқатдилар.

- Мен бу маълумотни инкор қиламан. Янги ҳукумат Қурмонбек Бакиев хавфсизлигини таъминлаш муҳим эканлигини билади ва унинг хаёти хавф остида қолгудек бўлса, уни ҳимоя қилишга тайёрмиз, деди Эдил Байсалов.

Байсаловнинг гапини мамлакат Бош прокуратурасида ҳам тасдиқладилар.

- Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, ҳибсга олиш учун санкцияни фақат судгина бериши мумкин. Бугун якшанба бўлгани учун судлар ишламайди, дея иқтибос келтиради Қирғизистон Бош прокуратураси вакили сўзларидан Новости ахборот агентлиги.

Аввалроқ Ройтерс агентлигига интервю берган муваққат халқ ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбаева президент Қурмонбек Бакиев ва унинг яқинларини ҳибсга олишга ордер берилганини маълум қилган эди.

Ўтунбаева, шунингдек, янги ҳукумат президентга нисбатан куч ишлатмаслиги билдириб, айни пайтда Бакиев билан ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаётганини ҳам қўшимча қилганди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Бакиев ҳозирда Жалолобод вилоятида, бироқ унинг аниқ қаерда экани ҳозирча маълум эмас.
XS
SM
MD
LG