Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:15

Халқ инқилоб қилишга ҳақлими?


Бундан роппа-роса 5 йил муқаддам президент Ақаевни қувганида қирғизистонликлар президент Бакиевнинг назарида Халқ эди. Ўша воқеани президент Бакиев Инқилоб, деб атаб, у ҳақда ҳатто китоблар ёзди. Куни кеча ўзини қувган қирғизистонликларни президент Бакиев оломон, деб атади.

Кечаги воқеани президент Бакиев "давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниш", деб баҳолади.

Жаноб Бакиевнинг дастлабки баҳоларини ҳам, энг сўнгги баҳоларини ҳам самимий, деб қабул қилиб бўлмайди.

Зеро, 5 йил олдинги воқеалардан у манфаатдор, кечагисидан кейин эса ўша манфаатларини йўқотди.

Бас, шундай экан, асл ҳақиқат қаерда?

Халқ билан оломон ўртасидаги, инқилоб билан давлат тўнтариши ўртасидаги чизиқни илғаб олса бўладими?

Умуман, халқнинг инқилоб қилишга ҳуқуқи борми?

"Жамият ва қонун" рукни доирасида эътиборингизга ҳавола қилинадиган суҳбатдан мана шу саволларнинг жавоби чиқиб қолса ажабмас.

Суҳбатдошимиз ўзбек сиёсатшуноси ва социологи Камолиддин Раббимов.

6 апрелдан бери Қирғизистонда давом этаётган воқеаларнинг қонунга қанчалик алоқаси бор? Умуман, қонун ҳақида гапириш мумкинми мана шу шароитда?

- Биласизми¸ менинг назаримда, Қирғизистондаги воқеаларда икки тушунча нисбатан тўқнашаяпти дейишимиз мумкин. Биринчиси¸ қонунийлик¸ иккинчиси легитимлик. Яъни бу икки тушунча бир-биридан фарқ қилади. Қирғизистоннинг қонунларига мувофиқ давлат ҳокимиятини куч билан ағдариш катта жиноят ҳисобланади. Tўққиз ой олдин Бакиев иккинчи муддатга сайланган эди. Яъни расман қонунчилик доирасида айнан жиноий бир жазога тортиладиган ҳокимият тўнтарилиши амалга оширилди. Бу қонунчилик нуқтаи назаридан. Лекин иккинчи бир муаммо борки¸ иккинчи бир ëндашув легитимлик. Легитимлик ҳокимиятнинг¸ шахснинг ëки бирор-бир гуруҳнинг халқ томонидан қўллаб-қувватланиш даражаси. Агарки ҳокимиятни легитим дейдиган бўлсак¸ уни халқ қўллаб-қувватлайди ва у халқнинг кучига¸ халқнинг иродасига асосланган ҳолатда фаолият кўрсатаяпти дегани. Баъзан ҳокимиятлар легитим бўлади¸ лекин қонундан ташқари бўлиши мумкин. Ëки тескари ҳам бўлиши мумкин. Яъни қонунлар доирасида¸ расман қонунлар доирасида фаолият кўрсатади, лекин у ҳокимиятни легитим, деб айтиб бўлмайди. Чунки халқнинг мутлақ кўпчилиги ëки аксарият қисми уни қўллаб-қувватламайди.

Бакиев расман легал¸ лекин нолегитим президент

Камолиддин Раббимов: Қирғизистондаги охирги сайловларни, масалан, демократик деб айтиш қийин. Кўпгина демократ бўлган шахслар сайловга қўйилмади. Сўз эркинлиги кейинги беш йилда жуда ҳам кучли бостирилди. Ақаев даврида Қирғизистондан чиқиб кетмаган журналистлар Бакиев даврида Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлди. Биламизки¸ ҳатто отиб ўлдирилганлари ҳам бўлди. Уларнинг баъзилари Ўзбекистонга алоқадор ҳолатда ўлдирилди. Баъзи бир қирғизистонлик ички журналистлар ҳам мана шундай жабр-зулмга юз тутди. Демак¸ демократик ўзгаришлар¸ яъни инқилоб соясида ҳокимиятга келган Бакиев легитимликни йўқотди. У халқнинг қўллаб-қувватланишидан маҳрум бўлди.

Озодлик: Демак¸ Қурмонбек Бакиев ҳар ҳолда сиз билан гаплашаëтганимиз соатларда¸ 9 апрел куни Прага вақти билан соат 12 ларгача¸ Қурмонбек Бакиев президентлик ваколатларини расман топширгани йўқ. Шундан келиб чиқадиган бўлсак¸ у легал президент¸ лекин легитим президент эмас. Шундайми?

- Легитим президент эмас.

Янги ҳукумат расман нолегал¸ лекин легитим

Озодлик: Энди янги ҳукуматнинг легаллиги ва легитимлиги масаласини тушунтирсангиз.

- Янги ҳукуматни¸ менинг тасаввурим бўйича¸ бундай социологик тадқиқотлар йўқ¸ лекин Бакиевлар ўзини обрўсизлантирганлиги¸ яъни ўзини дискредитация қилганлигидан келиб чиқиб янги ҳукуматга ишонч кредити берилаяпти. Жамиятда қайтадан кутиш ҳолати пайдо бўлди. Янги ҳукуматни легитим деб шартли равишда айтиш мумкин. Лекин бизда референдум орқали ëки социологик тадқиқотлар орқали аниқ маълумотлар йўқ. Лекин бунинг қонунийлиги бўйича таъриф бериш, яъни миллий қонунчилик асосида буни қандай баҳолаш мумкин¸ бу муаммоли ҳолат. Ҳақиқатан, айтганингиздай, Бакиевда зиддият мавжуд. У айнан революция билан ҳокимиятга келиб, ўзининг ҳокимиятини легитим ва қонуний деган эди. Ўртадан олти йил ўтиб¸ ўзини дискредитация қилганидан кейин янги ҳукуматни ëввойилик, деб баҳолади. Бу ерда ҳақиқатан зиддият мажвуд.

“Ўзбекистон ғирт демократик давлат”

Озодлик: Энди Қирғизистондан бироз чекинамиз-да умумий масалаларга ўтсак. Мана конституцияларда¸ хусусан, Ўзбекистон конституциясида ҳам “ҳокимиятнинг манбаи халқ” дейилган. Бас шундай экан¸ халқ ўзига ëқмаган ҳокимиятни¸ айтайлик, Қирғизистондагига ўхшаш йўллар билан алмаштиришга ҳаққи борми-йўқми?

- Бунинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон қонунчилигида йўқ. Чунки бу ерда муаммо шундан иборатки¸ Ўзбекистон қонунчилиги доирасида Ўзбекистон ғирт демократик давлат. У ерда сўз эркинлиги ҳам бор¸ сайловлар мутлақ эркин¸ ҳокимиятлар бўлинган ва ҳоказо. Айнан президент¸ 20 йилдан ортиқ ўтирган президент конституциянинг, яъни ўша демократик тамойилларнинг кафолатчиси ҳисобланади. Ўзбекистонда тинч йўллар билан демократик институтлар билан ҳокимиятни алмаштириш мутлақо мумкин эмас. Биз биламизки¸ тарихда бир қанча инқилоблар бўлган. Дунëнинг ҳозирги пайтдаги энг демократик давлатлари¸ Ғарбий Европадаги кўплаб давлатлар демократик ислоҳотлар 17-18 асрдаги зулмкор режимлар¸ монархияларни айнан инқилоб орқали ағдариб ташлаб¸ бугунги кунда улар демократияга эришди. Демак¸ биринчи хулоса қилишимиз мумкин бўлган нарса - ҳокимият қонуний ва легитим бўлиши лозим. Яъни қонунчилик доирасида демократик институтлар муттасил ишлайдиган бўлса¸ ҳокимият ўз ўзидан тезда алмашиб туради. Ҳокимият тинч ва расмий институтлар орқали алмаштириш имкониятини йўқотар экан¸ жамиятда бирдан бир имконият ëки бирдан бир йўл инқилобга мурожаат қилишдан бошқа иложи қолмайди. Биздаги муаммо шундан иборатки¸ бизнинг қонунчилигимизда демократик тамойиллар айтилади¸ лекин у ҳаëтда мутлақо ишламайди. Унинг ишлатилиши ҳозирги режимни ва ҳозирги давлат раҳбарларини сиëсий саҳнадан улоқтириб ташлашга олиб келади. Ғарб давлатлари¸ умуман, демократик давлатларда ҳокимият тез-тез алмашиб туради. Чунки у ердаги қонунлар ҳақиқатан ишлайди. Улар ўша айтилган тамойиллар ва қонунлар оғзаки айтиладиган оддий бир сўз эмас. Уларнинг қудратли кучи бор. Шунинг учун Ғарб давлатларида революцияларга ëки инқилобларга мутлақо эҳтиëж йўқ. Қонун доирасида ҳокимият жуда ҳам тез-тез ўзгариб туради.

“Ё эркинлик, ё ўлим!” ёки ҳар бир французнинг инқилоб қилиш ҳуқуқи бор
(Франция тажрибаси)


Озодлик: Конституцияларда инқилобларга рухсат бериб қўйилишининг ўзи сал ғалатироқ кўринади. Ëки ундай эмасми? Жаҳон тажрибаси қандай?

Камолиддин Раббимов: Жаҳон тажрибасида ҳуқуқлар классификация қилинади. Халқнинг, яъни жамиятнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари. Халқаро тажриба бўйича приоритет айнан шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари миллий манфаатлардан¸ миллий ҳақ-ҳуқуқлардан кўра устун дейилган бир ҳолат кузатилади. Шунинг учун халқнинг манфаатлари ва инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамма нарсадан устун дейилганлиги учун халқаро қонунчиликнинг бир қанча ҳолатларида революцияни тан олиш ëки революцияга имконият берувчи ҳолатлар кузатилади.

Озодлик: Масалан...

Камолиддин Раббимов: Биласизми¸ 1789 йилда Францияда инқилоб бўлган ва мана шу ерда давлат томонидан бир тамойил¸ Франциянинг асосий марказий тамойили конституцияда ҳам¸ барча қонунларда ҳам белгилаб берилган. У асосан ҳозирги кунда учта сўздан иборат. Лекин ўша 1789 йилда бироз радикал кўринишда ифодаланган эди. Яъни эркинлик¸ тенглик¸ биродарлик ëки ўлим деган принцип олдинга сурилган эди. Халқнинг эркинликка¸ тенгликка ва биродарликка ҳаққи¸ ҳуқуқи мавжуд. Бунга "кимки қаршилик кўрсатса¸ биз у билан курашамиз" деган анча радикал шаклда ифодаланган эди. Мана шу тамойил бор-йўғи 1950 йилларга келиб ўзгарди. Бешинчи республикага келгандан кейин бу тамойиллар мутлақо давлатнинг табиатига сингиб кетгандан кейин ва бу тамойилларга раҳна солувчи кучлар Францияда қолмагандан кейин бу тамойил бироз силлиқлашди. Уни радикаллик ҳолатидан мўътадил ҳолатга келтиришди.

Озодлик: Демак¸ Париж инқилобидан буëн ХХ асрнинг 60-йилларигача конституцияси француз халқига инқилоб қилиш ҳуқуқини кафолатлаган, десак бўладими?

- Бу ҳалигача мавжуд. Бу кафолатланган ҳуқуқ. Чунки Франция халқнинг инқилоб қилиш ҳуқуқини ҳеч қачон яширмаган. Умуман Франция каби социал-демократик давлатлар халқнинг инқилоб қилиш ҳуқуқини ҳеч қачон иккинчи¸ учинчи даражага туширмаган. Бу нарса бутун ғарб тафаккурига чуқур сингиб кетган ҳолат. Умуман Франция¸ ҳатто социал-демократик¸ ҳаттоки либерал демократик қонунчиликда¸ тафаккурда бу чуқур илдиз отган. Шахснинг ва халқнинг ҳақ-ҳуқуқлари бир бирига чамбарчас боғлиқ. Биринчи приоритет шахснинг эркинликларига ва ўша шахснинг эркинликларидан келиб чиқиб¸ шахсларнинг эркинликларини фундаментал мустаҳкамлаган ҳолда халқнинг эркинликлари кафолатланган. Агар Ўзбекистондаги каби диктатура бўладиган бўлса¸ ҳокимият фақатгина мажбурлов орқали ушлаб туриладиган бўлса¸ халқда, шак-шубҳасиз, бундан ҳокимиятни ағдариб ташлашга ҳуқуқи мавжуд.

“Инқилобий уруш”дан тўралган давлат
(Америка тажрибаси)

Камолиддин Раббимов: Америка тажрибаси ҳақида гапириш анча осон. Гап шундаки¸ Америка мустақиллиги учун бўлган урушни инглиз тилида “Revolutionary war” (Инқилобий уруш) дейишади. Булар мустақилликни айнан инқилобий уруш орқали олинганлиги тўғрисида маълумот берувчи ҳолат. Америка ўзининг давлат мустақиллигига инқилобий уруш орқали эришганлигини ҳамма жойда таъкидлайди. Американинг қонунчилигига ва бугунги сиëсий тафаккурига келадиган бўлсак¸ Америка ҳам шу пайтгача дунë тажрибасида шаклланган бир ҳолатни инобатга олади. Шундан золим сиëсий режимлар бўладики¸ уларни инқилоб орқалигина ағдариб ташлаш мумкин, деган хулосага келган.

Озодлик: Обаманинг ўрнига диктатор келиб қоладиган бўлса¸ шунга қарши курашиш учун конституцияси рухсат берадими?

Камолиддин Раббимов: Гап шундаки¸ Америкадаги сўз эркинлиги ва сайловлар ҳалигача бирор-бир издан чиққани йўқ. Шунинг учун Америкада ҳеч бир президент икки мартадан ортиқ бўлмаган. Фақатгина иккинчи жаҳон уруши даврида Рузвелт уч марта президентлик муддатини тўлиқ ижро этган ва тўртинчи муддатга сайланиши биланоқ касаллиги туфайли вафот этган. Улар фақатгина уруш муносабатлари билан боғлиқ деб кўпроқ айтишади¸ лекин Америкада мана кичкина Жорж Бушнинг рейтинги жуда ҳам пастга тушган эди. Мана шу пайтда жуда ҳам қудратли бўлган кўпгина шахслар мухолифатга ўтиб кетди ва улар тинимсиз фаолият кўрсатди. Охир-оқибатда нафақат Жорж Бушни, балки унинг партиясини ҳам ҳокимиятдан улоқтириб ташлашди. Демак¸ Америкадаги демократик институтлар анчагина мустаҳкамки¸ жамиятнинг раволюция қилишгача қонунчиликдан ташқари бўлган ҳатти-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга ëки унга мурожаат қилишга эҳтиëж мавжуд эмас.

Озодлик: Америка конституциясидаги “Ҳар бир америкалик қурол олиб юришга ҳақли, қурол сақлашга ҳақли” деган мазмундаги моддасини мана шу бугунги суҳбатимиз мавзуидан келиб чиқиб шарҳлаш мумкин эмасми?

- Балки буни шарҳлаш мумкиндир. Инсонларнинг ўзини ўзи ҳимоя қилишга ва шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари устуворлигини кўрсатадиган ҳолат. Лекин ҳокимиятни ағдариб ташлаш тўғрисида Америкада жамоатчилик фикри жуда ҳам мустаҳкам. Агар демократик институтлар орқали бу нарсани амалга ошириш мумкин бўлмаса¸ Америкада албатта революция кутиш мумкин. Лекин Америка¸ Ғарбий Европа¸ Канада¸ Австралия каби давлатларда демократик институтлар шу қадар жамиятнинг тафаккурига сингиб кетганки¸ бу ерларда айнан инқилобга қонундан ташқари бўлган ҳокимиятни ағдариб ташлаш усулларига мутлақо эҳтиëж йўқ бугунги кунда¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Халқ билан оломон ўртасидаги, инқилоб билан давлат тўнтариши ўртасидаги чизиқни илғаб олса бўладими?

Умуман, халқнинг инқилоб қилишга ҳуқуқи борми?

Бу саволларга "Жамият ва қонун" рукнининг ўқиб бўлганингиз сонида ўзбек сиёсатшуноси ва социологи Камолиддин Раббимов билан ўтказганимиз суҳбатда жавоб изладик.
XS
SM
MD
LG