Линклар

Бакиев Қирғизистонни тарк этиши мумкин


Маълумотларга кўра, 11 апрел куни Қурмонбек Бакиев уйидаги барча жиҳозларни қишлоқдошларига тарқатиб берган.

Маълумотларга кўра, 11 апрел куни Қурмонбек Бакиев уйидаги барча жиҳозларни қишлоқдошларига тарқатиб берган.

Қирғизистоннинг ҳокимиятдан четлатилган президенти Қурмонбек Бакиев мамлакатни тарк этишга қарор қилган кўринади. Бу ҳақда ёзаётган Россия оммавий ахборот воситалари Бакиевнинг 12 апрел куни АҚШга учиб кетиши кутилаётгани тўғрисида хабар тарқатдилар.

Москвада чиқадиган “Время новостей” газетасининг дипломатик манбаларга таяниб ёзишича, Қирғизистондаги воқеалар АҚШ президенти Барак Обама ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг кеча Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувининг асосий мавзусига айланган.

Бугун эрталаб эса Қирғизистон муваққат ҳукумати раисаси Роза Ўтунбаева АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Татиана Гфеллер билан учрашди. Гарчи учрашув тафсилотлари ҳали ошкор қилинмаган бўлса-да, кузатувчилар унда Бакиевнинг АҚШга учиб кетиши масаласи ҳам муҳокама қилинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Бироқ АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси 12 апрел куни тарқатган баёнотида Қўшма Штатлар президент Қурмонбек Бакиевга бошпана бериш ёки унинг Қирғизистондан кетишига кўмаклашиш режаси йўқлигини билдирди. "Бунга зид бўлган ҳар қандай хабар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди", дейилади элчихона баёнотида.

Ҳали ҳам ўзининг қонуний президентлигини таъкидлашда давом этаётган Қурмонбек Бакиев айни пайтда Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилоятида экани хабар қилинмоқда. Фарғона.ру ахборот агентлигининг ёзишича, якшанба куни Қурмонбек Бакиев ўз қишлоқдошларига уйидаги барча жиҳозларни улашиб берган.

“Бакиев ўзининг кичик ватани билан хайрлашаётгани тушунарли эди”, деб ёзади агентлик.

Қайд этиш жоизки, ўтган кунлар ичида Бакиев яқинларининг президентни қўллаб кўп минг кишилик митинг ўтказиш уринишлари самара бермади. Масалан, 11 апрел куни Бакиевнинг тарафдорлари ана шундай митингга атиги 500 кишини йиғишга муваффақ бўлолдилар. Бугун эрталаб ҳам, Озодликнинг қирғиз хизмати маълумотларига кўра, Жалолободнинг Сузоқ туманидаги Тейит қишлоғида Қурмонбек Бакиев тарафдорлари иштирокида митинг бўлиб ўтди. Минг чоғли киши қатнашган бу митингда сўзга чиққан Қурмонбек Бакиев мухолифат ҳокимиятни қонунга зид равишда босиб олганини таъкидлади. Қурмонбек Бакиевнинг олдида унинг укалари Жанибек, Одил ва Аҳмад Бакиевлар ҳам борлиги, аммо президентнинг ўғиллари Марат ва Максим митингда иштирок этмаётгани хабар қилинмоқда.

Аснода Қирғизистон муваққат ҳукумати вакиллари ҳали ҳам Бакиев ўз тарафдорларини қуролли қўзғолонга олиб чиқиши мумкинлигини истисно қилмаяптилар. Улар Қурмонбек Бакиев Қирғизистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринган тақдирда, унга қарши куч ишлатилиши ва Бакиев ҳибсга олиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқдалар.

- Бакиев истеъфо бериши ва бу ҳақдаги қарорини халққа эълон қилиши керак, деди муваққат ҳукумат расмийларидан бири Ўмурбек Текебаев Озодликнинг қирғиз шўъбаси мухбири билан суҳбатда.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбоева эса Рейтер мухбирига Бакиевни 81 одам ўлими юзасидан судга тортиш масаласи ҳам кўриб чиқилаётгани хусусида гапирган.

Аввалроқ Ўтунбаева хоним Бакиев ўз ихтиёри билан истеъфога чиқса, унинг хавфсизлиги таъминланишини айтган эди.

Бугун Бишкекда матбуот анжумани ўтказган муваққат ҳукумат раис ўринбосари Алмазбек Атамбаев эса Қурмонбек Бакиевни тутиш учун махсус амалиёт режалаштираётганини маълум қилди.

- Ўз қишлоғида ўтирган Бакиев моҳиятан ўз қишлоқдошларини хавф остига қўймоқда. Бизнинг куч ишлатар тизим ходимлари махсус амалиёт бошламоқчи бўлиб турибдилар, аммо биз яна бегуноҳ кишилар нобуд бўлишини истамаймиз, деди Алмазбек Атамбаев.

Айни пайтда Қирғизистон пойтахти Бишкек ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида вазият изига туша бошлади.

Президент Бакиевнинг ҳокимиятдан ағдарилиши билан якун топган чоршанба кунги тўқнашувларда 81 киши ҳалок бўлган, 1600 одам яраланган эди.

Қирғизистонда нарх-навонинг ошиб кетиши ва коррупция билан боғлиқ қўзғолон ортидан хокимият муваққат ҳукумат ихтиёрига ўтди.

Қирғизистон жанубига қочган Қурмонбек Бакиев Бишкекдаги янги ҳукуматни тан олмаслиги, аммо у билан музокараларга тайёрлигини айтди.

Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати маъмурияти бошлиғи Эдил Байсалов эса Бакиев билан ҳеч қанақа музокара ўтказилмаслигини таъкидлаб, муваққат ҳукумат у билан сўзлашувлар олиб бораётгани ҳақида аввал тарқалган хабарларни ҳам рад этди.

- Биз Қурмонбек Бакиев билан ҳеч қанақа музокара ўтказганимиз йўқ ва ўтказмаймиз, деди Байсалов.

Шунингдек, муваққат ҳукумат расмийлари чоршанба кунги қўзғолонда ҳалок бўлганлар учун Бакиевдан қасос олишни истаётган одамлар ҳам борлигини қайд этаяптилар.

- Бир гуруҳ одамлар келиб, "бизга қурол беринг, биз Бакиевни ўзимиз топиб ундан қасос оламиз, уни ўлдирамиз керак", деган гапларни айтмоқда. Биз эса Қурмонбек Бакиев ҳаётини сақлаб қолиш, уни хавфсизлигини таъминлаш учун чораларни кўришимиз керак, деди Эдил Байсалов.

Қирғизистон жанубида яширинган Қурмонбек Бакиев истеъфога чиқиш нияти йўқлигини яна бир бор таъкидлади. Якшанба куни Рейтер мухбири билан суҳбатда Бакиев БМТни Қирғизистонга ўзининг тинчликни сақлаш кучларини юборишга чақирган. Айни суҳбат чоғи Бакиев чоршанба кунги тартибсизликлар пайти ҳалок бўлган юртдошларининг яқинларига таъзия ҳам изҳор этди.

- Мен ўз яқинларини йўқотган оилаларга чуқур таъзиямни изҳор этаман ва яна бир бор айтаманки, биринчи ўқ улар тарафидан отилди. Оқ уйни қўриқлаётганлар резина ўқлар, кўздан ёш чиқазувчи газ воситаларини қўллашган. Лекин, президент маъмурияти биноси деразалари ўқ отар қуроллардан нишонга олинар экан, қўриқчилар, табиийки, ҳеч қанақа буйруқсиз бунга ўт очиш билан жавоб қилишга мажбур бўлади, деди Бакиев.

Рейтер агентлиги мухбири билан суҳбатда Бакиев ўзига қарши куч ишлатилгани тақдирда, "Қирғизистон қонга ботиши" ҳақида ҳам огоҳлантирган ва чоршанба кунги ҳодисалар халқаро текширувчилар тарафидан тафтиш қилиниши кераклигини айтган.

Айни пайтда муваққат ҳукумат раисаси Роза Ўтунбаева 2010 йилнинг 7 апрелида қабул қилинган Декрет асосида Бакиев ҳукуматида ишлаган ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўнғантиевни, мудофаа вазири Бақитбек Қалиевни, Давлат миллий хавфсизлик хизмати раиси Мурат Суталиновни ўз вазифасидан озод қилиш ҳақида буйруқ имзолади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG