Линклар

logo-print

Халқ қандай овоз беради?

  • Фаррух Юсуфий

Бакиев ва унинг ҳукумати тақдирини халқдан ўғирланган сайловлар эмас¸ балки кўчаларга чиққан ғазабнок халқнинг овози ҳал қилди.

Бакиев ва унинг ҳукумати тақдирини халқдан ўғирланган сайловлар эмас¸ балки кўчаларга чиққан ғазабнок халқнинг овози ҳал қилди.

Сайловларни томошага айлантирган Марказий Осиë ҳукмдорлари фалон фоиз халқ менга овоз бериб¸ президентликка сайлади¸ деб ўз легитимликларини тасдиқлашга уринишади. Аммо Қирғизистонда халқ овоз беришнинг бошқача йўлини тутмоқда.

Қирғизистондаги рўй берган воқеалар бундан бир-икки ҳафта олдин ҳозирда тақдири муаллақ қолаëтган ва (буни тан олмаётган бўлсада) де-факто ҳокимиятдан ағдарилган президент Қурмонбек Бакиев у ёқда турсин, мухолифат етакчилари ва исён кўтарган қирғиз халқининг тушига ҳам кирмаган бўлса керак.

Чунки мухолифатнинг Бакиев ҳукуматидан норозилиги кундан-кунга кучаяётган, халқнинг қашшоқлиги кундан-кунга ошиб бораётган бўлсада, бундай воқеалар рўй беришидан дарак берувчи омиллар кузатилмаётган эди. Ҳар қалай Қирғизистондаги ҳамкасбларимиз юбораётган лавҳаларда бундай исëн нафаси кўп ҳам йўқ эди.Таҳлилчилар эса¸ бири олиб¸ бири қўйиб Қирғизистонда халқнинг норозилик потенциали тугагани¸ энди халқни кўчага олиб чиқиш имконсизлигидан баҳс қилаëтган эди.

Лекин ҳаммаси бир кунда ҳал бўлди¸ қўйди.

Бундан беш йил аввал Қурмонбек Бакиевни ҳокимиятга олиб келган “Лолақизғалдоқ инқилоби”ни ҳам ўша пайтларда ҳеч ким башорат қилмаган, ўшанда ҳам ҳаммаси бир кунда ҳал бўлганди қўйганди.

“Лолақизғалдоқ инқилоби”дан аввал ҳам, 7 апрел исёнидан аввал ҳам ҳукмдорлар жамиятда барқарорлик ҳукм сураётгани, расмийлар вазиятни назорат қилаётганини гапирган эди. Ҳокимиятдан ағдарилишидан бир-икки кун аввал Бакиев БМТ Бош котибини меҳмон қилган ва унинг қаддини ғоз тутиб тушган суратлари халқаро ахборот воситалари томонидан чоп этилган эди.

Лекин воқеаларни кузатарканман¸ ҳозирда қидирувдаги жиноятчидек қаердадир яшириниб юрган президент, 7 апрел куни эрталаб ҳуқуқ тартибот идоралари Таласдаги вазиятни назорат қилаётгани таъкидлаган ва бу гапларига ўзи ҳам ишониб кетиб исёнчиларнинг “танобини” шахсан тортиб қўйиш учун Таласга борган Ички ишлар вазири Мўлдомуса Қўнғантиевнинг тақдири қандай тугагани Қирғизистондаги воқеалар Марказий Осиёнинг бошқа авторитар етакчилари учун сабоқ бўлармикин, нега қирғизлар беш йил ичида ноҳақликларга қарши икки марта исён қилдию, минтақанинг бошқа халқлари бундан беш баттар ноҳақликларга чидаб келмоқда, деган саволлар ҳаёлимни чулғаб олган.

Албатта, бу саволларга Андижонда халқ кўтарилдику, нима билан тугаганини эсдан чиқардингми, деб жавоб бергувчилар кўп.

Лекин бундай жавоб бергувчилар "андижонча", тўғрироғи "ўзбекча" исённинг қирғизчасидан фавқулодда катта фарқи борлигини ҳам билади, албатта.

Бу фарқ Таласда халқ қалқиганда, Қирғизистоннинг деярли барча минтақаларида ҳам халқ кўтарилганидадир.

Мен билан тунги навбатда ишлаётган қирғиз ҳамкасбларимдан бири Бакиевнинг энг катта хатоси қўшни давлатлардан бирининг президентидан ўрнак олиб, ўз рақибларини бирма-бир қамоққа ташлаганида бўлди, деган фикрни айтди.

Ҳақиқатан, Бакиев беш йил давомида ўзининг собиқ сафдошлари орасидаги норзилардан қутилишга ҳаракат қилди. Рақибларнинг баъзиларини қамади. Талас исёнининг биринчи кунида мухолифат етакчиларини ҳибсга олсам ҳаммаси тинчиб кетади, деб ўйлади. Натижада етакчиларсиз қолган норози халқ оломонга айланди, қон тўкилди.

Мен эса ўзимча қўшни давлатдаги ҳамкасбидан ўрнак олган Бакиевдан фарқли ўлароқ, қирғиз халқи қўшни халқлардан ўрнак олмайдиган хилидан бўлиб чиқди, деган бўлдим.

Ўзимча, қирғиз халқини қафасдан қўйиб юборилган қушга қиёслагим келди (таҳдид туғилганда катакларига қочиб кириб кетадиган товуқ, ўрдак каби хонаки паррандалар бундан мустасно). Ҳатто Бакиевнинг репрессив тус ола бошлаган иқтидори ҳам бу қушни қайта қафасга сололмади.

Бугун Бакиев “Мени президент этиб сайлашганига ҳали бир йил ҳам бўлгани йўқ. Мен учун халқнгинг 77 фоизи овоз берган, шунинг учун халқ менга қарши исён қилганига ишонмайман, истеъфога чиқмайман”, дея ўзини овунтиришга, алдашга уринмоқда.

Лекин беш йил ичида Қирғизистонда рўй берган иккита исёндан Бакиевдан кейин Қирғизистон ҳокимиятига келадиганлар ҳам, қўшни давлатдаги бошқа авторитар режимлар ҳам чиқарадиган асосий сабоқ, менимча, уларнинг рейтинги ҳох 77 фоиз, хоҳ 99 фоиз бўлсин, халқ оёққа қалқса бу рейтинглар билан биргаликда мамлакат бўйлаб осиб ташланган йирик портретларига ҳам ўт қўйилиши бир кунда ҳал бўладиган иш эканини, ҳатто бундай бўлиши бугун тушларига кирмасада, эртага ҳаммаси бир кунда ҳал бўлиши ҳеч гапмаслигини ёдда тутишлари лозимлигидадир.
XS
SM
MD
LG