Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:46

Тожикистон жанубида тошқин юз берди


Ўтган йили Ёвон туманида юз берган тошқин оқибатида ўнлаб хонадонлар бошпанасиз қолганди.
Ўтган йили Ёвон туманида юз берган тошқин оқибатида ўнлаб хонадонлар бошпанасиз қолганди.

11 апрел куни Тожикистон жанубида юз берган сув тошқини оқибатида 170 га яқин оила бошпанасиз қолди. Табиий офатдан зарар кўрган Кўчабоғ қишлоғи аҳолиси орасида қурбонлар қайдга олинмаган.

11 апрел кунги сув тошқинидан Хатлон вилоятининг қатор туманлари моддий зарар кўргани айтилмоқда. маълумотларга кўра, мазкур вилоятга қарашли Восеъ туманининг Яхсу дарёси қирғоқлари бўйида жойлашган Кўчабоғ қишлоғи сув остида қолган.

- Ёмғир аслида 10 апрелдан буён ёғмоқда, мана ҳозир ҳам ёмғир тинмай ёғаяпти. 11 апрел кундузи Яхсу тошди. Жон талвасасида сув чиқмайдиган тепаликка қочиб, жон сақлаб турибмиз. Уйларимиз, чорвамиз, борингки, бутун анжомларимиз сув тагида қолди. Биз бу ерда қамалдамиз, тўрт томонимиз сув. Лекин, икки кундирки, на ҳукуматдан ва на фавқулодда ҳолатлар қўмитасидан бирор киши келиб, бизни қутқаргани йўқ, дейди зарар кўрганлардан бири Муҳаммад Шарипов телефон орқали суҳбатда.

Суҳбатдошимиз ўзи яшаган қишлоқда 170 хўжалик борлигини, кечаги тошқинда камида 1200 киши бошпанасиз қолганини айтади.

- Тўрт нафар етим болам бор, ўтган йили акаларим кўмагида бир амаллаб, икки хона уй қургандик. Мана шу ҳам насиб қилмади етимларимга, сув тагида қолди. Тўплаган заҳираларимиз, кўрпа- тўшагимиз, чорвамиз ҳам. Кеча туни билан шу тепаликда қолиб кетдик. Ҳукуматдан бирор киши келиб бизни қутқармади, энди зарарларимизни қоплашига ҳам кўзим етмайди, дея зорланади қорабоғлик аёллардан бири.

Аснода Восеъ туман фавқулодда ҳолатлар идораси подполковниги Неъматов 12 апрел куни эрталаб Кўчабоғ аҳолиси қайиқларда хавфсиз жойларга кўчирилганини билдирди. Расмийга кўра, тошқиндан фақат уч киши тан жароҳати олган.

- Айни пайтда шу ҳолат бўйича штаб тузилган. Тан жароҳати олганларга тиббий ёрдам етказилмоқда. Штабимиз бошпанасиз қолган оилаларга моддий ёрдам етказилишини сўраб, республика фавқулодда ҳолатлар қўмитасига мурожаат қилди, дея билдирди туман фавқулодда ҳолатлар идораси зобити.

Эслатиб ўтамиз, мамлакат жанубий қисмидаги тошқин хавфи кучли бўлган Яхсу дарёси қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари учун ўтган йили давлат бюджетидан 2 000 000 сомоний (тақрибан 454 545 АҚШ доллари - таҳр.) миқдорида маблағ ажратилган эди.

Аммо, маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, ўтган муддат ичида тошқиннинг олдини олиш учун ҳеч қандай чора кўрилмаган.

- Наҳотки ҳукумат тўртта булдозер топиб, шу қирғоқларни мустаҳкамлай олмаса. Ўнлаб гектар майдонга экинлган тахминан 50 мингдан ортиқ дарахт кўчати ҳам сув тагида қолди. Бунинг зарарини ким қоплайди? Амалдорларнинг на халқ ғами билан, на қишлоқ ободончилиги билан ишлари йўқ. Улар фақат халққа ажратилган ёрдамларни ўзлаштириш ташвиши билан банд, дейди ўзини Аҳмад деб таништирган суҳбатдошимиз.

Айтиб ўтиш лозимки, ҳар йил эрта баҳордан июн ойлари бошига қадар Тожикистоннинг жанубий ҳудудларида, сув тошқини юз беради. Бу табиий офатдан кўпроқ Панж, Вахш, Яхсу дарёлари яқинида жойлашган аҳоли катта моддий ва молиявий зарар кўриб келади.

Айни шундай тошқин аввалги йиллар Хатлон вилоятининг Қумсангир, Ёвон туманларида ҳам юз берган эди. Ўшанда ҳам ўнлаб оила бошпанасиз қолгани маълум қилинган эди.

Айрим норасмий маълумотларга кўра, ўтган йилларда зарар кўрган оилалар ҳозиргача ҳукуматдан ёрдам ололмаган, уларнинг кўпи шу кунда ҳам яқинлари ва қариндошларининг уйларида кун кечирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG