Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:54

Илҳом Фармонов:“Онажонинг рози қил”


"Таниш қўшиқлар" саҳифасининг бугунги сонига “Онажонинг рози қил” деган ашулани мавзу қилдик.



Бундан 18 йил муқаддам хушрўйгина¸ 17 яшарли йигит “Онажонинг рози қил” деган насиҳат қўшиғини айтди. Сал ўтмай қўшиқ ҳам¸ ижрочи ҳам эл оғзига тушди.

Бу қўшиқ шу қадар машҳур бўлганидан “Муштум” журналида самимий ҳажв қилинди.

“Аслида Марҳабо Мамадалиева шеъри билан илк бора севимли хонандамиз Абдулҳай Каримов томонидан ижро этилган “Онажонинг рози қил” қўшиғи кейинчалик Илҳомнинг оғзидан отилиб чиққанидан сўнг янада машҳурлашиб кетди. Бу қўшиқни эр-хотин Марҳабою Абдулаҳай акалар “йўргаклаб” олишган бўлса¸ Илҳомжон уни ўз онаси билан эсон-омон “катта қилиб” олишди. Илҳом Фармонов концерт залида уни онасига эҳтиром кўрсатган ҳолда ижро этган кассетаю дисклар минглаб нусхаларда сотилиб¸ янги анъанага асос солди”.

Қўшиқ ижрочиси Илҳом Фармонов билан боғланиб¸ уни суҳбатга тортдик.

Илҳом Фармонов: Энди¸ албатта¸ мана санъатга ëшлигимдан қизиқиб¸ санъат йўлини танлаб¸ отамизнинг касбини танлаб давом эттирдик. Мен ëшлигимдан қўшиқлар ижро этиб¸ “Орзулар”¸ “Тинчлик бўлсин”¸ ундан кейин "Сенмидинг"¸ "Дилбари жонон" каби қўшиқларни айтганман. Унинг ҳам ўзига яраша мухлислари бор эди. Секин-секин танилганмиз. Ундан кейин “Онажонинг рози қил” деган қўшиқни ижро этганмиз. Ўшанда жуда кўп оналаримизнинг назарига тушиб¸ уларнинг эътиборини қозониб¸ яна ҳам илҳомлангандан кейин “Бинафша” деган қўшиқни айтиб¸ бу қўшиқ ҳам ëшларимизга жуда маъқул келган. Яна “Синчалак”¸ Гулим гулим” деган қўшиқларимиз бор. Санъатда бирданига битта қўшиқ билан нима қилинмайдию¸ ҳар бир йўналишда¸ оналарга¸ ëшларга бўлиб секин-секин танилиб бораверар экан. Ҳамма айтган қўшиқларим ўзининг йўналишида мухлисларга эга бўлиб¸ ҳар бир чиройли давраларда ҳалигача ëдга олиб сўрашади. Яна “Жамолинг соғиниб” деган қўшиғим¸ ҳозирги пайтда “Лайло” қўшиғим жуда кўп сўралади.

Озодлик: Mен атрофдаги ҳамкасблардан ҳaм сўрадим. “Онажонинг рози қил” деган қўшиқни анча машҳур дейишаяпти. Бунинг ëзилиш тарихи қанақа бўлган? Бу насиҳат тарзида айтилган қўшиқ. Сиз ўша пайтда ëш бўлгансиз. 20 яшар боланинг ҳаммага “Онажонинг рози қил” деб насиҳат қилиб туриши ва ҳоказо.

Илҳом Фармонов: Биласиз¸ биз концерт дастурларида¸ бошқа жойларда юрамиз. Устозимиз Абдулҳай Каримов бу қўшиқнинг муаллифи. Шеърни Марҳабо Каримова ëзганлар¸ Абдулҳай Каримов ижро этганлар. Ëш бўлишимга қарамасдан шу қўшиқни эшитиб айтгим келди. Бир чиройли даврада эшитиб қолган эдим. Кейин устозга айтсам¸ “Ўзингнинг йўналишингда айт. Чиройли қўшиқ” дедилар. Шу билан биргаликда кейин бу қўшиққа ўзим чиройли бир сайқал бериб¸ ўзимнинг чиройли ижройимда ижро этдим. У пайтларда энди звукозапислар бўларди.

Озодлик: Нечанчи йилларда бўлаяпти бу?

Илҳом Фармонов: 1993 йиллар бўлса керак.

Озодлик: Кейин машҳур бўлиб кетди бу қўшиқ.

Илҳом Фармонов: У пайтлар энди бозорлардан тарқаларди. Кўчага чиқсангиз¸ қўшиқлар қўйган¸ бошқа қилган. “Қоракўз” деган қўшиқ ўша йили чиққан эди. “Жамолинг соғиниб”¸ “Дилбари жонон” қўшиқлари чиққан. Чиройли албом бўлиб чиққанда.

Озодлик: “Онажонинг рози қил” қўшиғи билан боғлиқ қизиқ бир эпизодлар борми? Бу қўшиқни қайси концертларда¸ қайси жойларда айтгансиз?

Илҳом Фармонов: Ҳар бир чиройли давраларда бу қўшиқни ижро этмасам ҳам талаб қилишади. Ундан кейин катта саҳналарда айтдим¸ байрамларда айтдим. Қанақа эпизодларни айтса бўларкан ҳозир?

Озодлик: Онангиз ҳақида гапириб беринг. Онангиз тирикми?

Илҳом Фармонов: Ҳа¸ Худога шукур онам ҳаëтлар. Энди у пайтда ëш бола бўлганмиз. Қўшиқни тайëрлаб туриб¸ онамнинг таваллуд айëм кунлари эди¸ ўшанда биринчи бўлиб ижро этганман. У пайтда энди аккардион¸ доира қилиб айтиб юрардик. Шунда ижро этганимда¸ онам ҳам тўлқинланиб¸ у пайтда бувижоним бор эдилар¸ бувиларим эшитиб таъсирланиб¸ кўзларига ëш олишган. Қўшиқ ëзилишидан олдин менга янада илҳом¸ далда берилганда. “Ҳаракат қилиб¸ шу қўшиқни ëзсанг¸ яхши бўлади” дегандай бир далда бўлган. Бу энди ўшанда туғилган кунда совға тариқасида ижро этилган. Яна нимани айтсам бўларкан?

Озодлик: Бу қўшиқни айтган пайтингизда неча ëшда эдингиз?

Илҳом Фармонов: 1992 йил бўлган бўлса¸ ҳозир 18 йил бўлган бўладими?

Озодлик: Ҳа.

Илҳом Фармонов: Мен ўшанда 17-18 ëшлар эдим.

Озодлик: У пайтда сизнинг ëшингиздагилар анча бошқача қўшиқлар айтишар эди. Дейлик “Болалар” гуруҳи ва Тоҳир Содиқов бошқача оҳангда айтган. Сизни бу анъанавий йўналишга жалб қилган нарса нима?

Илҳом Фармонов: Аввало¸ менинг ўсган муҳитим. Дадамлар санъаткорлар. Отамизнинг насиҳатлари билан¸ йўл-йўриқлари билан шу йўналишга кирганмиз. Тарбия шунақа бўлган оилада. Хонадонимизда жуда кўп устоз санъаткорлар бўлишарди. Уларнинг ижроларини тинглаб¸ бошқа қилиб классик мусиқаларни кўп тинглаб¸ санъаткорлар оиласида бўлганимиз учун таъсири бўлган бўлса керак.

Озодлик: Ўзингизнинг отангизни ўзингизга устоз деб биласиз. Бир концертда отангиз билан бирга қўшиқ ҳам айтдингиз.

Илҳом Фармонов: “Дўстлар саломат бўлса бас” деган қўшиқни ижро этганмиз. Ҳар бир дастуримда бизларга бош бўлиб¸ биргаликда қўшиқ ижро этамиз. “Бил қадрини” деган қўшиқ ижро этганмиз. Яна “У нимадир” деган қўшиқ ижро этганмиз. Савол-жавоб. Маҳтумқули билан ..

Озодлик: Маҳтумқули билан Дурди шоирнинг мулоқоти.

Илҳом Фармонов: Ҳа. Ўша қўшиқни ижро этганмиз.

Озодлик: Бизларнинг формат бўйича қўшиқчи озгина хиргойи қилиб берадида. Имкон бўлса¸ “Онажонинг рози қил” қўшиғидан озгина хиргойи қилиб беринг.

(Илҳом Фармонов “Онажонинг рози қил” қўшиғидан бир парча ижро қилиб берди)

Озодлик: Раҳмат сизга. Келажакдаги опрзуларингиз¸ режаларингиз қандай?

Илҳом Фармонов: Бу йилги орзу-ниятларимиз жуда ҳам кўп. Ҳозир ҳам овоз ëзиш студиясидан сизлар билан чиройли бир суҳбат юритаяпман. Янги-янги қўшиқлар ëзаяпмиз. Ўзимизнинг чиройли миллий қўшиқларимиздан¸ ўзимизнинг мумтоз ашулаларга яқин чиройли йўналишларда янги қўшиқ яратаяпмиз. Худо хоҳласа яқин кунларда чиройли янги қўшиқларни мухлисларга ҳавола қиламиз. Яна жуда кўп чет эл сафарларига таклифлар бўлаяпти. У ëқларга Худо хоҳласа бориб¸ ўзбегимизнинг чиройли бир санъатини¸ миллий қўшиқларимизни тақдим қилиб келиш ниятларимиз бор.

Озодлик: Катта раҳмат сизга Илҳомжон. Энди бир қизлар телефон қилиб¸ хатлар ëзиб “Уйланганми? Бола-чақаси борми?” деб сўраяпти. Нима дейлик?

Илҳом Фармонов: Худога шукур оилавий ҳаëтим яхши. Уйланганман. Ҳозирги кунда¸ ҳозирча учта ўғлим¸ битта қизим бор.

Озодлик: Болаларингизнинг ҳам санъаткор бўлишини хоҳлайсизми?

Илҳом Фармонов: Ҳозир Ўзбекистон каналларини кўришаëтган бўлса¸ байрамларда¸ бошқаларда “Томоша” дастаси чиққанда ўғлим Исломжон чиройли қўшиқларни ҳавола қилаяпти. “Наврўз”¸ “Мустақиллик” ва бошқа байрамларда чиқаяпти. Худо хоҳласа жуда ҳам хоҳлайман. Мана ўзим бахтимни санъатимдан топдим. Санъат йўлини танлаб мана шунча мухлислар¸ ëру дўстлар¸ орзу-ҳаваслар. Санъат даргоҳи жуда муқаддас¸ буюк даргоҳ экан. Ҳамма ўғилларим санъат йўлини жуда ҳам яхши кўради. Агар истеъдоди бўлиб¸ ўзи ҳаракат қилса¸ жуда ҳам хурсанд бўлардим.

Озодлик: Озодлик тингловчилари номидан сизга катта раҳмат.

Илҳом Фармонов: Раҳмат. Сизга ҳам соғлик тилайман.

Бўлай десанг жаннати¸
Парвардигор ҳурмати¸
Муҳаммаднинг уммати¸
Онажонинг рози қил¸
Волидангни рози қил.

Бузма она раъйини¸
Мачит билгин жойини¸
Жойнамоз қил пойини¸
Онажонинг рози қил¸
Волидангни рози қил.

Ўқи Каломуллоҳни¸
Сўзи бордир Оллоҳни¸
Қўйгин Маккатиллони¸
Онажонинг рози қил¸
Волидангни рози қил.

Улуғлашдан толмагин¸
Қарғишини олмагин¸
Аттанг қилиб қолмагин¸
Онажонинг рози қил¸
Волидангни рози қил.

Урса қўлин силагин¸
Туртса ўпгин билагин¸
Сўкса умр тилагин¸
Онажонинг рози қил¸
Волидангни рози қил.

Тик қарама кўзига¸
Итоат эт сўзига¸
Қуллик қилгин ўзига¸
Онажонинг рози қил¸
Волидангни рози қил.
XS
SM
MD
LG