Линклар

logo-print

Ўзбекистон Бош прокурори вазифасига қайта тайинланди

  • Фаррух Юсуфий

Рашит Қодиров бош прокурорлик лавозимини 10 йилдан бери эгаллаб келмоқда.

Рашит Қодиров бош прокурорлик лавозимини 10 йилдан бери эгаллаб келмоқда.

Ўзбекистондаги энг қудратли тизимларидан бири - прокуратурани 2000 йилдан бери бошқариб келаëтган Рашитжон Қодиров ўз садоқати учун тақдирланди ва учинчи марта беш йиллик муддатга ўз лавозимида қолдирилди.

Президент Ислом Каримов Рашитжон Қодировни янги беш йиллик муддатга Бош прокурор лавозимида қолдириш ҳақидаги фармонни 9 апрел куни имзолади.

Мазкур фармоннинг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 12-банди ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Прокуратура тўғрисидаги қонуннинг 12-моддасига мувофиқ” қабул қилингани айтилади, расмий хабарда.

Хўш¸ Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимида 10 йилдан бери ишлаб келаётган Қодиров ўзи ким ва қайси хизматлари учун янги муддатга қолдирилди?

Озодлик радиоси билан микрофонсиз суҳбатлашишига рози бўлган Бош прокуратура ходими Рашитжон Қодиров яхши инсон ва ўз ишининг ҳақиқий профессионали эканини айтиб, у кишини бу лавозимда қолдириш қарори жуда тўғри бўлганини таъкидлади. “Рашитжон Ҳамидович ўта профессионал одам ва бу лавозимга у кишидан бошқа лойиқ одамнинг ўзи йўқ”, дея таъкидлади суҳбатдошимиз.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам бугунги кунда Бош прокурор лавозимига Қодировдан бошқа лойиқ кадр бўлмаслиги мумкин, деган фикрга қўшилади. Лекин, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси, бу унинг профессионал фазилатлари ёхуд эришган ютуқлари эмас, балки унинг иқтидордаги режимга содиқлиги билан боғлиқдир.

- Кадрлар ўзгариши¸ деймизми мана шу нарса йўқ. Бу умуман раҳбарият нимасида¸ куч тизимларида тем более. Мисол учун¸ МХХ раиси 20 йилдан бери шу лавозимда. Бошқа тизимларда ҳам анча йилдан бери ишлайдиганлар кўп. Менимча¸ бу табиий ҳол. Давлат раҳбарининг шуларни ўзгартириш ëки ўрнига бошқа одам қўйиш хоҳиши йўқ. Сабаби режимни ушлашга қаттиқ ëрдам беришаяптими¸ у одам ишлаш керак деб ҳисобланади бизларда¸ дейди Суръат Икромов.

Суръат Икромов фикрича, Қодиров Бош прокуратура раҳбарлигига келганидан бери бу тизимда ижобий ўзгаришлар у ёқда турсин, ҳокимиятнинг бир бутоғи ўлароқ, режимга янада тобеъроқ бўлган бир машинага айланди.

- Прокуратура ўзи аслида жуда катта бир система бўлиши керак. Шундай кучга эга бўлиши керакки¸ адолат йўлида ва қонунни аниқ ишлатиш деймизми¸ қонуннинг бузилмаслигига ҳамма ҳаракатларни қилиши керак. Ўзининг ноқонуний қўйилган айблари билан илтимослар қилиб¸ аризалар ëзиб¸ шикоятлар ëзиб одамлар йиллардан бери юришибди. Ҳамма вақт адолатсизлик бўлаверади¸ дейди ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Озодлик радиоси билан микрофонсиз суҳбатлашишга рози бўлган Бош прокуратура собиқ ходимларидан бири ҳам, Қодировнинг самарали бошқарувчи ва яхши инсон, деб айта олмайман, дейди.

Қодировни яқиндан танишини айтган суҳбатдошимизга кўра, у 70-йиллар ўрталарида Андижон прокуратурасида терговчи лавозимида иш бошлаган.

“Ўша пайтларда Қодировнинг қайнотаси Андижон вилояти туманларидан бирида парткомнинг биринчи котиби бўлган ва 80-йиллар бошларида унинг КГБ тизимига ўтказилишига ёрдам берган. 80-йилларнинг иккинчи ярмида қайнотаси “пахта иши” билан қамалиб кетгач, Рашитжон Қодиров партиядан қувилмаслик учун ўз хотинидан ажралган”, дея ҳикоя қилиб берди исмини сир қолишини истаган суҳбатдошимиз.

Унинг яна айтишича, кейинги пайтларда Қодировнинг Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг ўрнига тайинланиши мумкинлиги ҳақида ҳам гаплар юрган. “Лекин Қирғизистондаги воқеалар сабаб бўлди шекилли, президент куч ишлатар идораларида жиддий ўзгаришлар ясамасликка қарор қилган кўринади”, дея тахмин қилди суҳбатдошимиз.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг қувғиндаги фаоли Толиб Ёқубов кейинги 10 йил ичида Бош прокуратура Ўзбекистондаги репрессия машинасининг асосий қисмига айланди, деган фикрда. Қодиров Бош прокурорликка келгандан бери қийноқлар кучайди, қамоқларда ўнлаб одамлар қийнаб ўлдирилди, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

- Бу одам Ўзбекистонда шаклланган¸ Ислом Каримов шакллантирган ўта мустабид тузумнинг қўриқчиси. Прокуратура аслида моҳиятан ҳуқуқнинг¸ қонунларнинг қўриқчиси бўлиши керак. Лекин булар бутун моҳияти билан сиëсий тузумни ҳимоя қиладиган органга айлантиртилган нарса. Агар Ислом Каримовнинг ëнида Рашит Қодировга¸ Рустам Иноятовга ëки Зокир Алматовга ўхшаган одамлар бўлмаганда эди¸ бу одамнинг қўлидан ҳеч нарса келмас эди. Бошқача айтганда¸ Рашит Қодировга ўхшаган одамлар Ўзбекистонда содир этилаëтган барча жиноятларнинг теппа-тенг шеригидан иборат. Агар Ўзбекистонда қачонлардир шароит ўзгариб¸ буларнинг жинояти халқаро трибуналга ошириладиган бўлса¸ Рашит Қодировга ўхшаганлар Каримов билан теппа-тенг шерик бўлади¸ дейди Толиб Ёқубов.

Ўзбекистон Бош прокурори, 1-тоифадаги давлат адлия маслаҳатчиси Рашитжон Ҳамидович Қодиров 1952 йилнинг 23 февралида, ўша пайтда Наманган вилоятига қарашли бўлган Балиқчи туманида туғилган.

70-йилларнинг иккинчи ярмида Андижон прокуратурасида терговчи лавозимида ишлаган. 80-чи йилларда собиқ иттифоқ КГБси тизимига ишга ўтган. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматида Тергов бошқармаси бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимигача кўтарилган. 1994 йилда Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари лавозимига тайинланган. 2000 йилнинг февралида Ўзбекистон Бош прокурор этиб тайинланган ва мамлакат бўйлаб юқори даражали кадрларнинг МХХчилашуви жараëнини бошлаб берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG