Линклар

logo-print

БМТ Бош котиби минтақа сафари ҳақида ҳисобот берди


Марказий Осиё бўйлаб сафари давомида БМТ Бош котиби Бан Ки Мун минтақа давлатларининг барча президентлари, жумладан, Ислом Каримов билан ҳам учрашган.

Марказий Осиё бўйлаб сафари давомида БМТ Бош котиби Бан Ки Мун минтақа давлатларининг барча президентлари, жумладан, Ислом Каримов билан ҳам учрашган.

Бан Ки Мун БМТнинг Ню Йоркдаги қароргоҳида ўзининг яқинда Марказий Осиё давлатларига қилган сафари ҳақида ҳисобот берар экан, ушбу минтақа ҳукуматларини яна бир инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирди.

- Мен минтақа етакчиларини инсон ҳуқуқлари борасида ўзлари имзолаган халқаро ҳужжатларга амал қилишга ва БМТ инсон ҳуқуқлари кенгаши ишлаб чиққан барча тавсияларни бажаришга яна бир бор чақираман, деди Бан Ки Мун.

БМТ Бош котиби апрел ойи бошида Марказий Осиё бўйлаб амалга оширган сафари давомида минтақадаги инсон ҳуқуқлари аҳволи энг аянчли экани айтиладиган Туркманистон ва Ўзбекистонда ҳам бўлди.

"Озодлик уйи" ташкилотининг сўнгги ҳисоботларида бу давлатлар инсон ҳуқуқлари борасида "ёмонларнинг ёмони" сифатида тилга олинади.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти БМТ Бош котибини Ўзбекистон раҳбарияти билан музокараларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни яхшилаш масаласини қатъий бир шаклда қўйишга чақирган эди.

Бан Ки Мун Марказий Осиё бўйлаб сафари давомида минтақанинг барча беш давлати учун долзарб ҳисобланган Орол денгизи муаммосига ҳам эътибор қаратди ва Оролбўйи минтақасини бориб кўрди.

- Оролбўйи минтақасида вазият йил сайин қийинлашиб бормоқда. Ўзбекистон қисмидаги Оролбўйи ҳудудини кўздан кечирар эканман, қум барҳанларига чўмган кемалар қабристонини кўриб, дахшатга тушдим. Орол муаммосини муттасил мулоқот ва сўзлашувлар йўли билан ҳал қилиш нафақат минтақа етакчилари, балки халқаро ҳамжамият зиммасида ҳамдир, деди Бан Ки Мун.

БМТ Бош котиби Қирғизистонда президент Қурмонбек Бакиевнинг хокимиятдан ағдарилиши билан якун топган қўзғолондан икки кун аввал Бишкекда бўлган эди.

Бан Ки Муннинг матбуот вакили ўша сафар давомида БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Линн Паское қирғиз мухолифати етакчиси Роза Ўтунбоева билан учрашганини тасдиқлади.

Ню Йоркда қилган чиқишида Бан Ки Мун Қирғизистондаги вазиятни яқиндан кузатиб бораётгани, махсус вакили Ян Кубиш шу кунларда Бишкекда экани ва қирғиз халқи хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб мамлакатда Конституциявий тартиб қарор топиши йўлида барча томонлар билан иш олиб бораётганини айтди.

Сўнгги хабарларга кўра, Қирғизистондаги муваққат ҳукумат ушбу мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Нурбек Жинбоевни лавозимидан четлатган. Аммо телефон гўшагини кўтарган миссия ходимларидан бири Жинбаев ҳали ҳам ўз вазифасини бажаришда давом этаётганини айтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG