Линклар

logo-print

Украина ядровий материалларни йўқ қилишга рози бўлди


Вашингтонда ўтаётган ядровий хавфсизлик саммитида Украина президенти Виктор Янукович ўз мамлакати эга бўлган ядровий материалларни буткул йўқ қилишга розилик берган.

Оқ уй расмийларига кўра, Украина бир нечта ядровий қурол ишлаб чиқариш учун етарли бўлган юқори даражада тўйинтирилган уран моддасини 2012 йилга қадар йўқ қилишни мўлжалламоқда.

- Украина бу қарори билан қуролсизланиш жараёнида етакчиликни қўлдан бой бермай, юқори даражада бойитилган уран моддаларига эга бўлган минтақани ядровий қуроллардан ҳоли қилиш йўлида илдам ҳаракатланаётганини намоён этмоқда, деди Оқ уй матбуот вакили Роберт Гиббс.

Вашингтондаги икки кунлик ядровий хавфсизлик саммитида Украина дохил 47 давлат раҳбарлари қатнашмоқда. Глобал ядровий хавфсизликни мустаҳкамлаш, ядровий терроризм хавфи, жумладан, ядровий материалларнинг террорчилар қўлига тушиб қолиши олдини олиш каби масалалар саммитда муҳокама этилаётган асосий мавзулардир.

Обама маъмуриятида аксилтеррорчилик ва қуролсизланиш масалалари бўйича маслаҳатчи Жон Бреннан ядро қуролининг Ал-Қоида каби террорчи гуруҳлар қўлига тушиб қолиши эхтимоли бугунги кунда энг йирик таҳдидлардан бири эканини айтди.

- Ядровий терроризмнинг бугунги кунда миллатимиз ва глобал хавфсизлик учун кун сайин ортиб бораётган таҳдид экани айни ҳақиқатдир, деди Жон Бреннан.

Ҳозирги кунда ер юзида 1600 тонна юқори даражада тўйинтирилган уран моддаси борлиги ҳисоблаб чиқилган. Бундан ташқари, жаҳон бўйлаб яна 500 тонна (ядровий қуролнинг иккинчи муҳим компоненти ҳисобланган) плутоний моддаси ишлаб чиқарилган. Бу эса 120 минг ядровий қурол ишлаб чиқариш учун етарлидир.
XS
SM
MD
LG