Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:29

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Қирғизистонга йўл олди


АҚШнинг етакчи расмийларидан бири Қирғизистон муваққат ҳукумати билан музокаралар ўтказиш учун Бишкекка йўл олган.

Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блэйк ўз сафари давомида Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбоева ва бошқалар билан учрашади.

Жаноб Блэйкнинг Қирғизистонга сафари президент Қурмонбек Бакиевнинг хокимиятдан ағдарилиши билан якун топган қўзғолондан олти кун ўтиб амалга ошмоқда. Чоршанба кунги тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сони бугунги кунга келиб 83 кишига етди.

Роберт Блэйк Қирғизистонга сафари давомида Бакиев билан учрашиш нияти йўқлигини айтган.

Жаноб Блэйк, шунингдек, Қирғизистон муваққат ҳукуматининг Манасдаги АҚШ базасини ёпилмаслиги борасида билдирган баёнотларини олқишлаган. Якшанба куни АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан телефон мулоқотида Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбоева Америка томони билан база борасида имзоланган келишувни ҳурмат қилишларини айтган эди.

Пентагон Қирғизистоннинг Манас ҳаво базасидан Афғонистондаги амалиётларни қўллаб-қувватлаш мақсадида фойдаланиб келади. Ўтган ҳафтада Қирғизистондаги ғалаёнлар чоғида ҳаво базаси фаолиятига чеклов қўйилганди. АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси расмийларига кўра, ҳозирда Манасдаги ҳаво базаси тўлақонли фаолият олиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG