Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:27

Муваққат ҳукумат Бакиевни дахлсизликдан маҳрум қилди


Ўтган ҳафта ҳокимиятдан ағдарилган Қурмонбек Бакиев Қирғизистон муваққат ҳукуматини тан олмаса-да, улар билан мулоқот ўтказишга тайёрлигини билдирган.
Ўтган ҳафта ҳокимиятдан ағдарилган Қурмонбек Бакиев Қирғизистон муваққат ҳукуматини тан олмаса-да, улар билан мулоқот ўтказишга тайёрлигини билдирган.

Қурмонбек Бакиев Жалолободда ўз тарафдорларини йиғиб¸ намойиш ўтказаëтган бир пайтда¸ муваққат халқ ҳукумати уни президент дахлсизлигидан маҳрум қилиш ҳақидаги қарорини эълон қилди.

13 апрел куни эрталаб Жалолобод шаҳри марказига президент Қурмонбек Бакиевнинг минглаб тарафдорлари йиғилди. Митингга қуролланган соқчилар қуршовида келган Қурмонбек Бакиев ўз нутқини мамлакатда юзага келган вазиятга баҳо беришдан бошлади.

- Мухолифатнинг ҳаракат режаси пухта тайёрланган, менинг мухолифат режасидан хабарим йўқ эди, деди жумладан Қурмонбек Бакиев.

Эслатиб ўтамиз, 12 апрел куни президент Бакиев тарафдорлари Жалолобод вилоятининг Ирис қишлоғида митинг ўтказган эдилар. Мингга яқин одамлар иштирокида ўтган митингга Қурмонбек Бакиев ҳам қатнашганди. Тадбир сўнгида Қурмонбек Бакиев тарафдорларини 13 апрел куни Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтадиган митингга даъват қилганди.

Айни пайтда бугун Қурмонбек Бакиев тарафдорлари томонидан ўтказилган митингда 2 мингдан зиёд одам иштирок этгани айтилмоқда. Митингда иштирок этган жалолободлик Абдумуталиб ака эса митингда иштирок этганларнинг аксарияти президент Бакиев тарафдорлари эмас, томошабинлар бўлганини айтади:

- Майдонда минг-бир ярим минг одам бўлса керак. Шулар олдидаги 3-4 қатор, чамамда, бир-икки юз одам унинг тарафдорлари. Қолган ҳаммаси томошабинлар экан, “нима бўлар экан”, деб борганлар. Гапирганида гапига қарсак чалиб, уни қўллаб турганлар ҳам ана шу олдидаги озгина одамлар. Уни бутун эл қўллагани йўқ. дейди жалолободлик Абдумуталиб ака.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг кўп сонли хизматчилари назорати остида Жалолободда Бакиевни дастаклаш митинги ўтаётган бир пайтда Бишкекда муваққат ҳукумат вакиллари Бакиевни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида декрет қабул қилдилар. Бу ҳақда 13 апрел куни билдирган муваққат ҳукумат аъзоси Азимбек Бекназаровга кўра, мазкур декрет асосида Қурмонбек Бакиевни ҳибсга олиш ҳақида ордер берилади.

- Биз кеча президентнинг дахлсизлиги бўйича декрет қабул қилдик. Бугундан бошлаб уни қўлга олишга ҳуқуқимиз бор. Биз, муваққат ҳукумат, Бакиев Жалолободда юритаётган сиёсатидан сўнг унинг дахлсизликдан маҳрум қилишга мажбур бўлдик. Сабаби у ҳозир очиқдан очиқ жамоатчиликни, Қирғизистонни шимол-жануб қилиб бўлишга ҳаракат қилаяпти, деди Бекназаров.

Аммо муваққат ҳукуматнинг Қурмонбек Бакиевни тутишни мўлжаллаётгани ҳокимиятдан четлатилган президентни унча хавотирга солмаётган кўринади. Сўнгги кунларда туғилган юртида ўтказилаётган митингларда қатнашиб юрган Қурмонбек Бакиев ҳали ҳам ўзини қонуний давлат раҳбари деб ҳисоблашини ва мухолифат қуролли давлат тўнтариши амалга оширганини таъкидлашда давом этмоқда. Шунингдек, кеча президент Бакиев мамлакат пойтахти Қирғизистон жанубидаги Ўш ёки Жалолобод шаҳрига кўчирилиши мумкинлиги ҳақидаги режалар билан ҳам ўртоқлашди.

Аснода президент Бакиев тарафдорлари митинглар уюштираётган Жалолобод вилоятида ҳамма ҳам Бакиевни қўллайди, деб бўлмайди. Масалан, Жалолобод вилоят ўзбек миллий маданий маркази раиси Қодиржон Ботировга кўра, Жалолободда истиқомат қилувчи ўзбекларнинг кўпчилиги Бакиевни қўлламайдилар.

- Собиқ президент Қурмонбек Солиевич ўз тарафдорларини тўплаб, Жалолобод марказий майдонида ўтказган бугунги митинг бу масала ўзбек халқини мутлақо қизиқтирмаслигини яққол билдирди. Бакиев атрофида олдиндан хизматда ишлаб келганларни инобатга олмаганда, уни ўзбеклар, оддий халқ биронтаси қўллаб-қувватлагани йўқ. Демоқчиманки, Жалолобод вилоятида, шаҳрида яшайдиган ўзбек халқи бугунги кунда республикада бўлган ўзгариш тўғри, деб ҳисоблайди, деди Қодиржон Ботиров.

Айни пайтда Жалолобод вилоят ўзбек миллий маданий маркази раиси 14 апрел куни муваққат ҳукумат тарафдорлари томонидан Жалолободда ўтказилиши режалаштирилаётган митингда жалолободлик ўзбеклар ҳам иштирок этишини маълум қилди.

Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган сўнгги маълумотларга кўра, Қурмонбек Бакиев, агар муваққат ҳукумат ўзи ва оиласи хавфсизлигини таъминласа, истеъфога кетиши мумкинлигини билдирган.
XS
SM
MD
LG