Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:30

Россиядан эндиликда аёллар тобути ҳам келмоқда


Тожикистоннинг Сўғд вилоятига 37 ёшли Аниса Фатҳиддинова жасади солинган темир тобут келтирилди. Сўғдлик аёл номаълум шахслар томонидан Сургут шаҳри яқинидаги ўрмонда ўлдирилган.

Сургутда ўлдирилган Аниса Фатҳиддинованинг укаси Фахриддиннинг айтишича, қотил ким эканлиги ҳанузгача аниқланмаган. Терговчи “Анисани тақирбошлар ўлдирган”, дея тахмин қилмоқда. Бироқ Фахриддин сингилисини тожикистонлик Рустам исмли йигит ўлдирганлигига ишонади, чунки Рустам унинг синглисига катта миқдорда пул қарздор бўлган.

Бу Россияда ҳалок бўлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирларига оид ўнлаб мисоллардан бири, холос. Жорий йил уч ойи мобайнида Россияда 36 тожикистонлик жон таслим қилган.

Тожикистон ҳукумати ўз фуқаролари учун қулай ва хавфсиз меҳнат шароити яратиб беришга тайёр бўлган Бирлашган Араб Амирликлари ва Жанубий Корея мамлакатлари билан шартнома тузди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг муҳожирлик хизмати маркази раҳбари Диловар Шоматовнинг айтишича, ҳукумат мухожирлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларга яхши меҳнат шароитларини яратиш максадида Араб мамлакатлари билан имзоланган шартнома асосида тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг дастлабки гуруҳи бу давлатга жўнаб кетди.

- Республика хукумати ва муҳожирлик хизмати Саудия Арабистони билан шартнома имзолаган эди. Мазкур шартнома асосида икки минг нафардан зиёд эркак ва аёл Саудия Арабистонига ишга жўнатилиши керак. 350 кишидан иборат биринчи гуруҳ асосан тиббиётчилар, муҳандислар ва қурувчилардан иборат. Уларнинг аксарият қисми эр-хотинлар, деди Диловар Шоматов.

Хўжандлик Матлуба Каримова Саудия Арабистонига йўлланма олганлардан бири. У мактабда рус тилидан дарс берарди. Суҳбатдошимиз мактабларда рус тили соатлари қисқартирилгач, деярли ишсиз қолганини айтади.

- Россияга ишга бормай, Саудия Арарбистонини танлаганимнинг сабаби бор. Чунки бу мусулмон мамлакати, урф-одатларимиз ўхшашлиги бор. Бундан ташқари, у ерда ойлигим 400 АҚШ долларидан кам бўлмаслигини ваъда қилишди, дейди Матлуба.

Бирок таҳлилчи ва мутахассислар бу шартнома республикадаги миллионлаб мардикорлар оғирини енгил қилолмаслигини айтишмоқда. Хукуматнинг бундай қарори дин вакиллари ва айрим ташкилотлар томонидан ҳам маъқулланмаяпти.

- Агар иложи бўлса, аёлларимизнинг араб мамлакатларига умуман қўймаслик керак. Чунки у ерда хотин-қизлар қулдек ишлатилишларидан ташқари, фоҳишаликка мажбур қилинади, деди вилоят имом-хатиби Ҳожи Ҳусайнзода.

Дин пешволарининг фикрича, бу ҳолат Россиядаги муҳожирлар муаммоси ҳал қилинмай туриб, иккинчи бир муаммони вужудга келтириш мумкин.

Яқинда бир гуруҳ сўғдлик уламолар Россиядаги тожикистонлик муҳожирлар ҳаёти билан танишиб қайтдилар. Уларнинг айтишларича, тожикистонликларнинг иш шароитига ҳам, яшаш шароитига ҳам маймунлар йиғлайди.

- Биз Москва шаҳрининг кўп жойларида бўлдик. Аравакашларнинг асосий қисмини ватандошларимиз ташкил этади. Шу ўринда: “Нима учун Россияда қирғиз ва ўзбеклар тожикларга нисбатан афзалроқ шароитга эга?” деган савол туғилади. Бунинг жавоби оддий. Россия ҳукумати раҳбарларининг гапи билан амалдаги иши бошқача. Муаммонинг илдизи бошка тарафда. Энг аввало, гап Россиянинг Тожикистонга бўлган писандсизлик сиёсатида. Назаримда, наинки муҳожирларга, балки бутун Тожикистон давлатига нисбатан Россия ана шундай сиёсат юргизмоқда, дейди имом-хатиб.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, Россия Тожикистон билан стратегик ҳамкор бўла туриб, муҳожирлар хавфсизлигини таъминламаяпти. Расмий маълумотларга кўра, 2009 йилда биргина Сўғд вилоятига Россиядан 600 ортиқ тожикистонликнинг жасади олиб келинган.
XS
SM
MD
LG