Линклар

Тожикистонликлар Халқаро валюта жамғармаси расмийларининг Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги юк вагонлари билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш бўйича баёнотини ишончсизлик билан қабул қилди.

Тожикистон юк вагонларининг Ўзбекистон темир йўлларида узоқ вақт туриб қолаётгани шу кунда яна асосий мавзуга айланди.

12 апрел куни мамлакат президенти Имомали Раҳмон билан учрашган Халқаро валюта жамғармаси расмийси Аксел Шиммелпфенниг икки қўшни ўртасидаги бу муаммога ўз идораси сўнгги нуқтани қўяжагини билдирди.

Тожикистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, Аксел Шиммелпфеннг Халқаро валюта жамғармаси томонидан Тожикистондаги иқтисодий вазият ўрганилганидан сўнг бу мамлакатга келган.

Имомали Раҳмон билан мулоқотдан сўнг журналистлар ҳузурига чиққан ХВЖ расмийси ўз идораси Ўзбекистоннинг юк вагонлари эркин ҳаракатига тўсиқ яратаётганидан ташвишдалигини, зеро бунинг ортидан Тожикистон иқтисодиётига жиддий зарар етказилиши мумкинлигини маълум қилди.

- Тожикистон ҳам ва Ўзбекистон ҳам Халқаро валюта жамғармаси аъзоларидир. Шуни назарга олган ҳолда, ХВЖга аъзо ҳар қандай давлат ташкилотнинг асосий принципларидан бири бўлган эркин тижорат қоидаларига амал қилиши шарт. Биз Ўзбекистон томони билан музокараларимизда бу масалани кўндаланг қилиб қўямиз албатта, дея таъкидлади Аксел Шиммелпфенниг.

ХВЖ расмийсининг маълум қилишича, ўзаро мулоқот чоғида Имомали Раҳмон юк вагонлари билан боғлиқ Ўзбекистон ва ўз давлати ўртасида туғилган муаммодан ташвишдалигини билдирган.

Қайд этиб ўтиш лозимки, БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг Марказий Осиё сафари доирасида Тожикистонга ташрифи чоғида ҳам бу масала кун тартибидан жой олган эди. Юқори мартабали меҳмон ҳам ўз идораси бу муаммо ечимида фаолроқ бўлишини ваъда қилганди.

Аммо, Тожикистон Темир йўллари давлат ширкати расмийси Андрей Тропинга кўра, ёнилғи, булдозерлар ва қишлоқ хўжалиги учун зарур маҳсулотлар юкланган юк вагонлар устида иккала мамлакат темир йўллари масъуллари ўртасидаги тортишув шу кунга қадар ҳам давом этмоқда.

Айни пайтда тожикистонлик мустақил таҳлилчилар ва сиёсий доира вакиллари юк вагонлари билан боғлиқ Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муаммони МДҲ ташкилотидан ташқари бошқа бирорта ташкилот, жумладан, ХВЖ ҳам ҳал қилиб бера олмайди, деган ишончдалар.

- Бу масала жуда жиддий ва борган сари жиддийлашмоқда. ХВЖ бу муаммони ҳал қилиб бера олмайди. Бу Роғун ГЭС тақдири, электр транзити, сув заҳиралари билан чамбарчас боғлиқ муаммо. Бу ХВЖ салоҳиятига ҳам кирмайди. Буни фақат МДҲга аъзо давлатлар, агар уларда бундай истак бўлса, ўзаро ҳал қила олади, холос, дейди Тожикистон қуйи палатаси депутати Шоди Шабдолов.

Бугунги расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон темир йўлларида тўпланиб қолаётган тожикларга тегишли юк вагонларининг сони 2 000 дан ошган.

Тожикистон томони қўшни давлатнинг бу ҳаракатини сиёсий ғараз ўлароқ баҳолашда давом этмоқда.

Аммо Ўзбекистон ҳукумат расмийлари ўз темир йўлларида Тожикистонга тегишли юк вагонларигина эмас, балки НАТО ва АҚШнинг Афғонистонга юбораётган ноҳарбий юклари ортилмиш вагонлари ҳам узоқ вақт ушланиб қолаётганини айтмоқдалар.

Ўзбек расмийларига кўра, бу ерда ҳеч қандай сиёсий мотив йўқ. “Юк вагонларининг Ўзбекистон темир йўлларида ушланиб қолинишига асосан техник муаммолар сабаб бўлмоқда”, дея таъкидлашади ўзбек мулозимлари.
XS
SM
MD
LG