Линклар

“Истон”ларда тўполон: портлаш навбати кимники?


Таҳлилчилар¸ Ўзбекистонда инқилоб содир бўлса¸ унинг мисли кўрилмаган даражада қонли бўлажагини тахмин қилмоқдалар.

Таҳлилчилар¸ Ўзбекистонда инқилоб содир бўлса¸ унинг мисли кўрилмаган даражада қонли бўлажагини тахмин қилмоқдалар.

Британияда чоп этиладиган нуфузли “The Independent” газетасининг Москвадаги мухбири Shaun Walker ўз мақоласига сарлаҳва ўлароқ қўйган бу саволга¸ биринчи навбат Ўзбекистонга¸ деган мазмунда жавоб беради.

Британиялик мухбирнинг Қирғизистондаги воқеалар муносабати билан ëзган мақоласининг Ўзбекистонга оид қисми мазмуни билан танишгач¸ бундай тахмин ортидаги сабаблардан бохабар бўлишингиз мумкин.

*******************************************



Ўтган ҳафта ўнлаб одам ҳаëтига зомин бўлган¸ президентни ҳокимиятдан ҳайдаб¸ Қирғизистон келажагини мавҳумликка олиб кирган Бишкекдаги инқилоб қолган дунë учун деярли нотаниш¸ аммо стратегик жиҳатдан ўта муҳим Марказий Осиë бўйлаб хавотир қўнғироқларини чала бошлади.

Собиқ иттифоқнинг таркибий қисми бўлган бешала Марказий Осиë “стан”лари мустақиликка эришганидан бери бир кечада марксизмни миллатчилик мафкурасида айлантирган маҳаллий коммунистлар диктатураси остида яшамоқда. Минтақанинг аксар аҳолиси қашшоқликка ташланган¸ аммо Ғарб ҳукуматлари Афғонистонга қўшнилиги учун стратегик аҳамият касб этган¸ қолаверса улкан газ ва нефт заҳираларига эга бўлгани учун минтақа диктаторларига хушомад қилиб келмоқда.

Ғалати диктаторлар¸ кўзни олувчи коррупция ва АҚШ¸ Россия ва Хитой иштирокида иқтисодий ва стратегик манфаатлар учун бораëтган мусобақадан иборат халқаро фитна бу минтақанинг бугунги реаллигидир. Айнан коррупция¸ авторитаризм ва геосиëсий аҳамият омухтаси таҳлилчиларни бу минтақада йирик қўзғолонлар эҳтимоли кучлилигидан чўчитмоқда. Гарчи Қирғизистондаги тўполонларда кўпчилик Россия қўлини кўраëтган бўлсада¸ ҳолдан тойдиргич қашшоқлик ва Қурмонбек Бакиевнинг коррупция ва қариндош-уруғчилик домига ботган бошқаруви ҳам бу исëнда ўз ролини ўйнамай қолмади.

Кейинги беш йил ичида Қирғизистон икки инқилобни бошдан кечирди. 2005 йилги "Лолақизғалдоқ" инқилоби Асқар Ақаевни ҳокимиятдан ағдарган бўлса¸ ўтган ҳафтадаги қонли инқилоб Ақаевнинг ўрнига келган Бакиевни ҳам ҳокимиятдан ҳайдади. Ҳозирги вазиятда кўндаланг турган савол Бишкекдаги исëннинг бошқа “стан”ларга кўчиш-кўчмаслигидадир.

Минтақанинг тўполон чиқиш эҳтимоли энг катта давлати Ўзбекистон ва агар аҳолиси бўйича Марказий Осиëда энг катта бу давлатда исëн юзага чиққудек бўлса¸ унинг ниҳоятда қонли бўлажаги эҳтимолга жуда яқиндир.Совет иттифоқи тарқаганидан бери мамлакатни бошқариб келаëтган Ислом Каримов қўл остида Ўзбекистон дунëдаги энг ëқимсиз мустабидлик ҳудудига айланди. Ўзбекистонда аҳоли доимий қўрқувда яшайди¸ оддий одамлар режим ҳақида оғиз очишга ҳам қўрқади¸ ҳукумат идораларининг фуқароларни қийноққа солиши ва қўрқитиши ҳақидаги хабарлар тинмаëтир.

Бакиевнинг ҳокимиятдан ағдарилишига асос бўлган шикоятларнинг аксарияти бир неча баравар кучлироқ бир шаклда Ўзбекистонда ҳам бор. Бакиев ўзининг 32 яшар ўғли Максим ва ака-укаларини ҳукуматнинг энг юқори лавозимларига қўйгани учун халқнинг ғазаб-нафратига учради.

Айни шу жараëн Ўзбекистонда йиллардан бери давом этаëтир. Президентнинг ялтир-юлтурга ўч¸ Ҳарвардни тугатиб ҳозирда Женевада зодагонларча умргузаронлик қилаëтган тўнғич қизи Гулнора Каримова¸ Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей кабиларга кўра¸ Зеромакс ширкати орқали режимнинг миллиардлаб долларлик пул ва бойликларини назорат қилмоқда. Ўз тақинчоқ ва мода бизнесига эга бу аëл вақт-вақти билан чучмал ашулалар ҳам айтиб туради. Айтилишича¸ Гулнора Каримова режимнинг ахмоқона лойиҳаларидан бири бўлмиш Тошкентнинг Бунëдкор футбол жамоасини пул билан таъминламоқда. Бор-йўғи бетайин ўзбек лигасида ўйнаëтган бу клуб учун бразилиялик Ривалдо кабиларни олиб келиш учун миллионлаб долларлар сарфланмоқда. Ўтган йили Челси клубининг собиқ мураббийси Луиз Фелипе Сколари дунëда бирор футбол менеджерига тўланмаëтган афсонавий ойлик эвазига бу клубга олиб келинди.

Каримовалар миллионлаб пулларни ҳавога совураëтган айни кезда¸ оддий ўзбеклар қўрқинч бир қашшоқликда¸ эркин матбуотсиз¸ очкўз ва зулмкор хавфсизлик хизматларидан қўрқиб кун кечирмоқда. Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегаралари ўтган ҳафта нотинчлик бошлангандан сўнг ëпиб қўйилди ва режим маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг Қирғизистондаги воқеаларни ëритишини мутлақ тақиқлади. Шундай бўлсада¸ ўзбек режими Бакиев режимининг қулашига оид хабарнинг ўзбекистонликлар бошига ҳам инқилобий хаëлларни солиб қўйган бўлишидан қўрқимоқда.

2005 йилнинг май ойида¸ Қирғизистонда жаноб Бакиевни ҳокимиятга олиб келган "Лолақизғалдоқ" инқилобидан икки ой ўтар-ўтмай¸ Ўзбекистоннинг қирғиз чегарасидан кўп ҳам узоқ бўлмаган Андижон шаҳрида норозилик намойиши юзага чиқди. Ўзбекистон қуролли қўшинлари намойишчиларга ўт очгани оқибатида юзлаб одам нобуд бўлди. Гарчи Тошкент режими Андижон воқеаларини бир гуруҳ террорчилар иши деб¸ улар юзасидан мустақил тергов ўтказилишига изн бермаган бўлсада¸ воқеа гувоҳлари Андижонда қуролсиз халқнинг намойишга чиққани ва уларнинг автомат ўтларидан ўлдирилиб¸ оммавий қабрларга кўмиб юборилганини айтишади.

Бугун¸ Қирғизистонда инқилоб ҳавоси кезар экан¸ Ўзбекистон ҳукумати Андижоннинг такрорланмаслигига умид қилмоқда. “Агар Қирғизистондаги вазият назоратдан чиқиб¸ Бакиев мамлакат жанубида ўз тарафдорларини сафарбар қила олса¸ зўравонлик кўлами кенгаяди ва вазият ниҳоятда хавфли тус олади”¸ деб ëзади ташқи сиëсат масалалари бўйича россиялик мутахассис Фëдор Лукянов. “Бундай вазият нафақат Қирғизистон¸ балки қўшни давлатлар¸ биринчи галда эса¸ Ўзбекистон учун олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган оқибатларни келтириб чиқаради”.

Марказий Осиëдаги таҳлилчилар¸ агар Ўзбекистонда инқилоб рўй берса унинг ҳаддан ортиқ қонли бўлиши¸ қолаверса 72 яшар Каримов ўлса¸ мамлакатда беқарорлик бошланишини кўпдан тахмин қилмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG