Линклар

Қирғизистонда Конституциявий суд фаолияти тўхтатилди


Муваққат ҳукуматга кўра¸ Қирғизистон Конституциявий суди асосан конституцияни бузиш билан шуғулланган.

Муваққат ҳукуматга кўра¸ Қирғизистон Конституциявий суди асосан конституцияни бузиш билан шуғулланган.

13 апрел куни Қирғизистон муваққат ҳукумати шундай қарорга келди. Инқилобий ҳукумат аъзолари баёнотига кўра, Конституциявий суд фаолияти янги таҳрирдаги Бош қонун қабул қилингач, қайта тикланиши мумкин.

Конституциявий суд фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарорни муваққат ҳукуматнинг ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бўйича мувофиқлаштирувчиси Азимбек Бекназаров эълон қилди.

Қарорда айтилишича, Конституциявий суд ўз фаолияти давомида Қирғизистонда оилавий бошқарув тизимини мустаҳкамлашга кўмак бериб келган.

“Масалан, 1998 йилда мазкур суд Ақаев учинчи муддат президентликка сайланишга ҳақли экани тўғрисида қарор чиқарган. 2005 ва 2009 йиллари эса президент Бакиевнинг конституцияга киритган ўзгартиришларини қонуний, деб топган. Бунинг оқибатида эса Бакиевнинг ҳокимиятни узурпация қилишига замин ҳозирланган”, дейилади ҳукумат қарорида.

Қарорни ўқиб эшиттирган Азимбек Бекназаровга кўра, демократик Қирғизистоннинг монархия давлатига айланиб қолаёзишига Конституциявий суд чиқарган қарорлар катта ҳисса қўшган.

- Конституциявий суд Асосий қонунни ҳимоя қилиш ўрнига Бакиев манфаатларини ҳимоя қилишга ўтди. Бу билан мазкур тузилма ўзини ўзи обрўсизлантирди. Бизга халқ вакилларидан Конституциявий суд фаолиятини тўхтатиш тўғрисида жуда кўп талаблар келиб тушди, деди Азимбек Бекназаров.

Журналистлар билан холи қолгач эса, муваққат ҳукумат расмийси Конституциявий суд фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилинишига бошқа сабаблар ҳам асос бўлганини айтди:

- Айрим кучлар Конституциявий суд қарори билан муваққат ҳукумат фаолиятини ноқонуний, деб топиш ва тўхтатишга ҳаракат қилаётгани тўғрисида маълумотлар мавжуд. Шунинг учун, вазиятни издан чиқармаслик мақсадида, биз мана шундай қарорга келдик, деди Азимбек Бекназаров.

Айни пайтда Қирғизистон Конституциявий суди ҳакамлари муваққат ҳукумат қарорига бўйсуниб, ўз фаолиятларини тўхтатишларини, бироқ қарорда кўрсатилган сабаблар билан келиша олмасликларини билдирдилар. Конституциявий суд раиси Светлана Сидиқовага кўра, муваққат ҳукуматнинг мазкур идора устидан иддаолари асосли эмас.

- Менинг фикримни эшитмоқчи бўлсангиз, айтай: бу нотўғри қадам. Демократик жамият қураётган давлат учун Конституциявий суд ўта зарур тузилмадир. Биз ўз фаолиятимиз давомида доимо Конституция ва фуқаролар ҳимоясида бўлганмиз. Афсуски, Конституцияга киритилган сўнгги ўзгаришлар туфайли бизнинг ваколатларимиз жуда чекланиб қолган. Шунинг учун ҳам биз айрим муаммолар юзасидан сукут сақлашга мажбур бўлганмиз, деди Светлана Сидиқова.

Конституциявий суд раиси фикрича, Қирғизистонда Бош қонуннинг жуда кўп марта ўзгартирилгани ҳуқуқий бошбошдоқлик тенденциясини пайдо қилган ва бу хатарли ҳолатдир.

- Янги Конституция ишига халқаро экспертларни, Венеция комиссиясида ишлаётган ўз ишининг устаси бўлган мутахассисларни жалб қилиш лозим. Янги Конституция, у ёки бу ҳокимият бутоғига ҳокимиятни узурпация қилиш имкониятини қолдирмаслиги лозим, деди Светлана Сидиқова.

Муваққат ҳукумат расмийларига кўра, янги таҳрирдаги Қирғизистон Конституцияси қабул қилингач, Конституциявий суд фаолияти қайта тикланиши мумкин. Муваққат ҳукумат янги Конституцияда Қирғизистоннинг парламент республикаси сифатида қайд этилишини айтмоқдалар.

Хабарларга кўра, янги таҳрирдаги Конституция уч ойлик муддат ичида ишлаб чиқилади ва халқ муҳокамасига тақдим қилинади.
XS
SM
MD
LG