Линклар

Отабек Қозонда ош қилдию балога қолди


Акасининг дала ҳовлисида қариндошлари учун ош дамлаган Отабек 45 кунлик қамоққа ҳукм этилди.

Акасининг дала ҳовлисида қариндошлари учун ош дамлаган Отабек 45 кунлик қамоққа ҳукм этилди.

Россия миграция хизмати ўз қариндошлари учун ош тайёрлаган Ўзбекистон фуқаросини 45 кунга қаматиб юборди ва уни мамлакатдан бадарға қилмоқчи. Аммо ҳуқуқлари топталган Отабек Йўлчибоев¸ айни пайтда Россия ҳукуматини судга берган.

Cўнгги пайтларда Россиядаги меҳнат муҳожирларига нисбатан давлат идоралари томонидан тазйиқнинг кучайгани тўғрисида хабарлар келмоқда. Хусусан¸ Қозон шаҳрига меҳмонга келган Отабек Йўлчибоев Россия Федерал миграция хизмати “шарофати” билан беайб 45 кун қамоқда ўтириб чиқди. Миграция хизмати ходимлари акасининг дала ҳовлисида ош ва шашлик тайёрлагани учун Отабекни ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланганликда айблади.

Бу ҳақда Озодликка Отабек Йўлчибоев билан дачада ош тайёрлаган қариндошларидан бири Улуғбек гапириб берди:

Улуғбек: Отабек менинг двоюродний братим бўлади. Меҳмонга келган эди. Дачада шашлик –ош қилиб ўтирмоқчи бўлдик. Дача ўзимизнинг шахсий мулкимиз. Миграционный служба келиб қолди 12 ноябр 2008 йилда. Протокол ëзди¸ олиб кетди. Шу куни сразу уч соатдан кейин судга олиб кетишди. Мен ҳам бордим. Мен ҳам юристманда. Мен "Мен переводчик бўламан" дедим. Судя унамади. Беш минутдан кейин уже вердикт қоғози тайëр эди. 45 приëмник распредителга юборди. Штраф 2000 и Россия федерацияси ҳудудидан чиқариб юбориш. Депортация бўлса¸ беш йилдан кейин ариза ëзиб¸ кейин келса бўлади.

Озодлик: Ўзбекистоннинг қаердансизлар?

- Андижондан. Менинг кетганимга 26 йил бўлаяпти. 10 синфни битириб кетганман. Отабекнинг боласи билан нимадир бўлган эди. Ҳозир Андижон вилоятига¸ Избоскан районига уйига кетди¸ яқинда келади¸ дейди Россия Миграция хизмати қаҳрига учраган Отабекнинг жияни Улуғбек.

Отабек Йўлчибоевнинг Қозондаги меҳмондорчилиги тафсилотларидан унинг кўргуликларини кузатиб бораëтган Қозондаги Ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази котиби Булат Мухамеджонов ҳам яхши хабардор:

Отабек Йўлчибоев қайга борса ошхўрлигини қўймайдиган миллионлаб оддий ўзбекистонликлардан бири.
- Гап шундаки, Отабек Йўлчибоев 2008 йилнинг кузида Ўзбекистондан Қозонда келган эди. У келиши биланоқ чет-эл фуқароси сифатида Миграция хизматида рўйхатдан ўтган. 12 ноябр куни у амакиваччасининг таклифи билан шахсий томорқага ош тайёрлаш, ҳаммомга тушиш учун таклиф қилинган. Тушлик вақтига яқин дачага Миграция хизмати ходимлари кириб мазкур шахсларнинг хужжатларини текширишган. Ош тайёрлаётган Отабек Йўлчибоевнинг хужжатларини кўрган ходимлар унга ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиш айбини қўишган. Яъни дала ҳовлида ош тайёрлашни қонунбузарликка тенглаштиришган. Қизиғи, уни ҳибсга олиниши, тергов жараёнида баённоманинг тузилиши ва суднинг Отабекга жарима солиш ҳамда Россиядан бадарға қилиш тўғрисида қарор чиқариши 2,5 соат ичида бўлган ҳодиса. Айтишим керакки, Йўлчибоевнинг ўзи рус тилида жуда ёмон гапиради. Қонун бўйича у таржимон билан таъминланиши керак эди. Отабекнинг акаси, айтганча Россия фуқароси, унга таржимонлик қилиш истагини билдирган. Лекин Федерал миграция хизмати ходимлари унга рад жавобини беришган. Тузилган баённоманинг ўзида Йўлчибоев ўз айбини тан олганлиги қайд этилган. Савол туғилади: қандай қилиб рус тилини билмайдиган одам айбини тан олиши мумкин, агар уни нимада айблашаётганини ҳатто тушунмаса?!

Йўлчибоевнинг қариндошларига қойил қолиш керак : қариндош ака-укалари адвокатни ёллаб ишни Татаристон Олий судигача олиб боришди ва туман судининг дастлабки қарорини бекор қилдиришди. Гап шундаки, маҳаллий суд қароридан кейин уни дарҳол Қозон шаҳар Ички ишлар бўлимида қамоққа олишди. Умуман олганда ушбу жиноий таъқиб 177 кун давом этди. Тасаввур қилинг- маҳаллий суд уч маротаба ўз қарорини тасдиқлаган, ҳар гал адвокат уни бекор қилдирган. Натижада унга 5000 сўм жарима солинди ва Татаристон Олий суди бу қарорни кучда қолдирди. Лекин адвокатнинг уринишлари зое кетмади: Татарстон Олий суди раиси муовини ўз қарори билан бу ишга нуқта қўйди. Унинг қарорига биноан Федерал миграция хизмати томонидан Йўлчибоевга қўйилган айбловлар асоссиз¸ деб топилди ва 2009 йилнинг март ойида иш тўхтатилди. Шу воқеалардан кейин Отабекда моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун компенсация талаб қилиш асоси пайдо бўлди.

Озодлик: Шундай қилиб¸ ҳозирда Йўлчибоев Россия Миграция хизматидан ўзига еткизилган моддий ва маънавий зиëн учун компенсация тўланишини сўраяптими?

- Миграция хизмати хатоларини Россия ҳукумати, яъни Молия вазирлиги қоплайди. Шунинг учун даъво ҳам ушбу вазирликка қилинади. Бу бизда Россия қонунида белгиланган.

Озодлик:
Йўлчибоев ишига ўхшаган ажабтовур ишлар сизнинг марказингиз фаолиятида тез-тез учраб турадими?

- Тўғрисини айтсам, бу каби иш биринчи маротаба бизнинг марказимизда олиб бориляпти. Бу ишнинг бизнинг фойдамизга ҳал этилганлигининг сабабларидан, масалан, айбловда Йўлчибоев 5 ноябрдан 12 ноябрга қадар,яъни қўлга олингунигача ноқонуний меҳнат билан шуғулланган¸ дейилади. Яъни уларнинг айбловига кўра у бир ҳафта акасининг дала ҳовлисида ош қилган... На гувоҳлар мавжуд, на исбот-далиллар. Қуруқ айблов! Қонун бўйича Отабек ўзининг беайб эканини эмас, балки Миграция хизмати ходимлари унинг айбдор эканини исботлашлари зарур!

Мазкур ҳодиса Йўлчибоевнинг қариндошлари саъй-ҳаракатлари билан яхши томонга кўча бошлади. Қўшни мамлакатлардан келганлар маҳаллий қонунларни, одатларни, тилни билмаслиги боис ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш ўрнига ишни бости-бости қилишга уринишади. Эсдан чиқармангки, агарда Отабек суднинг биринчи қарорига рози бўлганда эди жаримадан ташқари у 5 йилгача Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрум бўларди.

Қонунларни ва тилни билмаслик оқибатида ўз ҳуқуқларини талаб қила олмайдиган муҳожирлар Россияда¸ албатта¸ ҳуқуқсиз қатламга айланиб бормоқда, дейди Озодлик билан суҳбатда Қозон Ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази котиби Булат Мухамеджонов.

15 апрел куни Қозон шаҳрининг Вахитов туман судида Отабек Йўлчибоевнинг даъво аризаси кўриб чиқилади. Отабек ҳуқуқларини судда Қозон Ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази вакили Артур Шакиров ҳимоя қилади.

Бу воқеанинг давомини Озодлик диққат билан кузатиб боради .

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG