Линклар

logo-print

Маишатингиз қандай, муҳожир биродар?

  • Сарвар Усмон

Хорижий ўлкаларда ора кунда ош еб юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳам бунинг ўз юрти чойхоналаридаги ошхўрликка ўхшамаслигини айтадилар.

Хорижий ўлкаларда ора кунда ош еб юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳам бунинг ўз юрти чойхоналаридаги ошхўрликка ўхшамаслигини айтадилар.

Жанубий Қозоғистонда 13 нафар ўзбек муҳожирининг ботулизмга чалингани, улардан бирининг заҳардан қазо қилгани тўғрисидаги хабар "Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари вақтинча яшаб турган мамлакатларида нима еб, нима ичаяпти?" деган саволни пайдо қилди.

Агар эҳтиёт бўлмаса, одам озиқ-овқатдан ўз уйида ҳам заҳарланиб қолиши мумкин. Шунинг учун ўтказганимиз мухтасар сўров замирида "Яшаб турган мамлакатингизда заҳарланишдан қандай сақланаяпсиз?" деган мазмун йўқ.

Маданиятлардаги, хусусан, овқатланиш маданиятидаги фарқлар қизиқтирди бизни.

Бу соҳадаги фарқ узоқ Кореяда яққол кўзга ташланади.

Шу мамлакатда яшаётган Абдуллажонни суҳбатга тортдик.

Абдуллажон: Кореяда кўпинча корейсларнинг овқатини ейишга тўғри келади. Шунга ўрганиб кетасиз.

Озодлик: Корейсларнинг дастурхонининг ўзбек дастурхонидан фарқи нимада?

Абдуллажон: Каттагина фарқи бор. Биринчидан¸ корейс халқи ëғли нарсаларни емайди. Масалан, буларнинг асосий овқати гуруч бўлади. Ноннинг ўрнига ишлатилади.

Озодлик: Нон ейилмайдими?

Абдуллажон: Булар нон емайди. Гоҳи-гоҳида емаса. Чунки бу ерда эрталаб билан тушликнинг орасида чам деган нарса берилади. Чам дегани битта булочка билан сут ëки банкада¸ идишда напиток беради. Тушлик билан кечки овқатнинг ўртасида ҳам чам берилади. Иш жойининг ҳаммасида берилади.

Озодлик: Жанубий Осиë мамлакатларида ҳар хил ҳашаротларни ҳам ейишаверади дейишади-да. Кореяда ҳам шундайми?

Абдуллажон: Шунақа. Корейслар ҳам тошбақа борми¸ қурбақа борми¸ илонлар борми... балиқларнинг турлари кўп.

Озодлик: Сизларчи? Сизлар ҳам еяверасизларми?

Абдуллажон: Бизлар ҳам бир хил вақти тўғри келса еймиз. Лекин бир хил салатларига аралаштириб қилади. Нима еяëтганингизни ҳам билмай қолишингиз мумкин.

Озодлик: Ҳалоллик масаласини қандай ҳал қиласизлар?

- Бир хиллари чўчқа гўштини ҳам ейишаверади. Кўп ўзини сақлаганлар емайди. Бу нарсадан тийилади¸ дейди Абдуллажон.

Абдуллажоннинг айтишича, анъанага кўра, Кореядаги ишхоналарда ишчи-хизматчиларга нонуштадан тортиб кечки овқатгача берилади.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бир ойда 1 миллиондан 3 миллион вонгача иш ҳақи олиши мумкин.

Бир кишининг бир ойлик озиқ-овқатига 200 минг вон бемалол етади.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Австралиядан. Равшанбек меҳнат муҳожири эмас, андижонлик қочқинлардан.


Равшанбек: Келганимиздан бери маҳаллий аҳоли орасидан дўст-ёр орттирдик, бир-биримизникига меҳмонга борамиз. Лекин улар бизнинг таомларни, айниқса, андижонча паловни ейишга қўрқишади. Чунки у ерда диетага маҳкам қарашади-да. Лекин бошқа овқатларимизни ейишади мақтаб.

Озодлик: Австралия деганда ўзбекистонлик биринчи кенгуруни кўз олдига келтиради-да. Кенгуру ҳам ейиладими?

Равшанбек: Ейилади. Мен ўзим кенгуру сўйиладиган фабрикада ишладим. Жуда кўп истеъмол қилишади. Бўлиб ҳам маҳаллий аҳолиси.

Озодлик: Кенгурунинг гўшти мазалими? Қаттиқми¸ юмшоқми?

Равшанбек: Юмшоқ. Қўйнинг гўштига ўхшайди. Ранги жиндай отнинг гўштига ўхшаб қорароқ бўлади.

Озодлик: Қарироқ кенгурунинг гўшти қорароқ¸ сал ëшроғиники очроқ бўлса керак.

- Йўқ. менимча¸ ранги бир хил бўлади¸ дейди Равшанбек.

"Озиқ-овқат учун оилангизда бир ойда неча пул сарфланади?" деган саволга Австралияда яшаётган андижонлик Равшанбекнинг жавоби қуйидагича бўлди.

- Очиқ айтадиган бўлсам¸ мисол учун, мен ойлигимга икки ҳафтада 1200 доллар олаëтган бўлсам¸ шундан 500 долларини ижарага бераман. Қолгани емоқ-ичмоқ¸ интернет¸ телефон¸ машинам бор¸ бензин қуяман. Шунақага етади агар ишламасдан ўқисам. Агар ишласам¸ ундан кўп пул топишим мумкин анча¸ дейди Равшанбек.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг катта қисми – миллионлаби Россияда.

Бу мамлакат, муайян сабабларга кўра, ўзбекистонлик учун ёт эмас. Россияда Австралия ёки Кореядагидек экзотика – кенгуру гўшти ҳам, тошбақа гўшти ҳам йўқ.

Лекин, айни пайтда, озиқ-овқат масаласида ўзбек учун Россияда ҳам қийинчилик йўқ эмас.

Водийлик Иқболжон билан гаплашдик.

Иқболжон: Биз ҳафтада¸ мақтанишмаску¸ уч-тўрт марта ош еймиз. Шароит яхши. Магазин ëнимизда. Қолганларни билмаймиз. Ўзимизнинг шароитимиз, Худога шукур, ëмонмас. Ҳаром нарсалардан умуман йироқдамиз. Ҳалол магазин ҳам борда.

Озодлик: Москвада топган пулингларнинг қанчаси озиқ-овқатга кетади?

- Мана бу ерда ойлик оз. Ўтган йил кризис бўлиб ойликлар тушиб кетди. Россия пули ҳисобида озиқ-овқатимизга кунига 100 сўм чиқимимиз бор. Бир ойда 3000 сўм озиқ-овқатимиз бўлса¸ 500 сўм телефонга солинади. Ойлик 10 минг. Ëз кунларида ойликдан ташқари дам олиш кунларида қўшимча иш¸ халтура дейилади¸ чиқиб туради¸ дейди водийлик Иқболжон.

Ўзбек ишбилармон халқ. Ҳатто, айтиш мумкинки, фавқулодда ишбилармон халқ.

Навбатдаги суҳбатдошимиз яна бир водийлик. У аёл киши. Оиласи – турмуш ўртоғию фарзандлари билан Москвада.

У нафақат ўз оиласининг, ҳатто россияликларнинг ҳам озиқ-овқат масаласини ҳал қилишга ҳисса қўшаяпти, дейиш мумкин.

Озодлик: Қанақа овқат қиласизлару¸ харидоринглар ким?

- Харидорларимиз ерли¸ шу ерда магазинларда¸ ишларда ишлашади. Палов тайëрлаймиз кўпроқ. Кейин мантини жуда яхши кўришади. Бифштекс қиламиз. Нима заказ қилишса¸ шуни қилиб берамиз.

Озодлик: Кухня уйинглардами?

- Ҳа¸ кухня уйимизда.

Озодлик: Бир кунда неча кишига овқат сотасизлар?

- Участкамиз жуда ҳам катта эмас. Бизга етади ўзи. 20-22 та атрофида.

Озодлик: Тирикчилик ўтказиш учун 20 хўрандага овқат сотишинглар етади-а? Қоплайди.

- Етаяпти, Худога шукур. Фақат овқат қилмаймиз-да. Ëнига яна у-бу нарса пиширамиз сотгани. Яхши қоплайди. Болаларга пул жўнатамиз¸ қорнимиз тўяяпти. Худога шукур¸ дейди водийлик аëл.

Водийлик бу ошпаз аёл билан суҳбатлашар эканман, жаҳоннинг қайси катта шаҳрига борманг, кўз Хитой ресторанларига тушиши эсимга тушди.

Ўзбек қачон очади ўз ресторанларини жаҳон бўйлаб?

Яқин келажакда оча оладими?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG