Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:32

Ўзбек мардикорлари диққатига: Ботулизмдан сақланинг!


Ботулизмдан заҳарланган 13 ўзбек мардикори ҳозирда Чимкент касалхонасида қолмоқда.
Ботулизмдан заҳарланган 13 ўзбек мардикори ҳозирда Чимкент касалхонасида қолмоқда.

Қозоғистонда бир ўзбек мардикори ботулизмдан заҳарланиб ўлди, яна бири жонлантириш пaлатасида ётибди. Жами 13 нафар ўзбекистонлик консерваланган бақлажон салатидан заҳарланиб шифохонага тушди.

Жанубий Қозоғистон Саниратия-эпидемология назорати департаменти расмийси Марияш Сейдалиеванинг Озодликка айтишича, жорий йилнинг 9 апрел куни касалхонага олиб келинган жами 20 кишига ботулизм ташхиси қўйилган бўлиб, улардан 13 нафари Ўзбекистон фуқароларидир.

- 12 ўзбек гастарбайтери касалхонага ётқизилди. Яна бири шифохонага келаётган пайтда йўлда ўлган. Оламдан ўтган ўзбекистонликнинг исми шарифи Сирожиддин Ҳусанов бўлиб, у 1980 йилда туғилган. Айни пайтда заҳарланган беморлар Чимкент шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди. Ҳозирда 11 ўзбек оддий палатага ўтказилган бўлиб, уларнинг аҳволи яхши. Яна бир ўзбек эса жонлантириш палатасида даволанмоқда, деди Марияш Сейдалиева.

Озодлик илтимосига кўра, сайрамлик Баҳодир Оташ Чимкент шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига бориб, 12 ўзбек мардикорининг аҳволи билан танишишга ҳаракат қилди.

Баҳодир Оташ оддий палатага ўтказилган ўзбекистонликлардан яна бирининг аҳволи ёмонлигини аниқлади. Бироқ шифохона мутасаддилари Озодлик учун ахборот қидирган шахсга касалхона ички тартибига мувофиқ заҳарланган ўзбекистонликлар билан учрашишга рухсат йўқлигини айтиб¸ уни ичкарига киритишмади.

Баҳодир Оташ: Мен Чимкент шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига бориб, ботулизм билан тушган ўзбекистонликлар билан учрашмоқчи бўлдим. Улар шифохонанинг учинчи ва бешинчи бўлимида ётишибди. Учинчи бўлимнинг мудири билан суҳбатлашдим. Лекин у ахборот бермади. Мен шифохонадаги бошқа ходимлар гаплашиб, аниқладим: ўтган дам олиш куни 20 одам ботулизм билан шифохонага тушган. Учинчи бўлимда Қўшоқов¸ Қўшбонов, (Қўшбонов фамилияси билан иккитаси)¸ Қосимов¸ Элмуродов¸ Шералиев¸ Сатторов¸ Абдураҳмонов¸ Қайназаров ётибди. Яна бири Ҳусанов, унинг аҳволи сал ёмонроқ дейишди. Бошқалари яхши.

Озодлик: Жонлантириш бўлимида ҳозир биттаси ëтибдими?

Баҳодир Оташ: Баратов Олимжон дейишди.

Озодлик: Сизни ичкарига қўйишмадими?

Баҳодир Оташ: Замглавврач қўймади.

Озодлик: Касалхонада ётган ўзбекистонликларнинг ўзларини чақириб бериш масаласичи?

- Ўзларини ҳам чақириб бера олмаймиз дейишди, дейди Баҳодир Оташ.

Озодлик Чимкент шаҳар юқумли касалликлар шифохонасининг жонлантириш бўлими билан телефон орқали боғланиб, бўлимда даволанаётган ўзбек мардикори Олимжон Баратовнинг аҳволи билан қизиқди.

- Бизда ҳозир бир ўзбекистонлик ётибди, унинг аҳволи яхшиланаяпти. Унинг соғлиги борасида хавотирланишга ҳозирча асос йўқ¸ деди жонлантириш бўлими навбатчи врачи.

Заҳарланган ўзбек мардикорларидан бири Акрам Шералиев қозоқ матбуотига интервью бериб, оламдан ўтган Сирожиддин Ҳусановнинг акаси ҳам улар билан бирга экани ва у қўшни палатада оғир аҳволда ётгани ҳамда укасининг ўлимидан бехарлиги ҳақида гапирган.

Баҳодир Оташ ҳам Чимкент шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида ётган беморлардан бирининг фамилияси Ҳусанов бўлиб, унинг бошқаларга нисбатан аҳволи оғирлиги ҳақида гапирди. Афтидан айни Ҳусанов Сирожиддиннинг акаси кўринади.

Марияш Сейдалиевага кўра, 13 ўзбекистонлик мардикор уй шароитида консерваланган бақлажон салатини истеъмол қилгач¸ ботулизм вирусига чалинган.

- 8 апрел куни чимкентлик бир аёл қўшни уйда ишлаётган 14 ўзбек мардикорини консерваланган бақлажон салати билан меҳмон қилади. Аёл консерваланган салат идишини бир кун аввал очиб, оила аъзолари билан биргаликда ейишган. Кейинги куни уйининг икки томонида яшайдиган қўшниларини ўша бақлажон салати билан меҳмон қилади. Ўзбеклардан бири салатни емаган, қолган 13 ўзбек салатни еган. Ўша куни Сирожиддин Ҳусанов ўзини ёмон ҳис қилган ва унга бош оғриғини қолдирадиган дори беришган. 9 апрел куни Сирожиддин яна соғлигидан шикоят қилади. Шифохонага олиб келаётганда Сирожиддин йўлда ўлади. Кейин бошқа бир ўзбек ҳам соғлигидан шикоят қилади. Ва уни шофохонага ётқизиб, текширилгач, унинг ҳам заҳарлангани аниқланади. Кейин салатни еган 20 киши шифохонага ётқизилди, булар ўзбеклардан ташқари аёлнинг оила аъзолари ва қўшнилари, дейди Марияш Сейдалиева.

Ҳозирча 14 ўзбек мардикорининг Ўзбекистоннинг қаеридан эканини аниқлашга муваффақ бўлмадик.

Озодликка маълум бўлгани, уларнинг барчаси жорий йилнинг 27 март куни Жанубий Қозоғистонга иш излаб келишган ва қонуний равишда ҳужжатларини расмийлаштириб, Чимкент шаҳрининг Асар мавзесидаги хусусий уйлардан бирида қурилиш ишлари билан шуғулланишган.

Жанубий Қозоғистон Саниратия-эпидемология назорати департаменти маълумотига кўра, вилоятда шу пайтгача ботулизимдан бу даражадаги оммавий зарарланиш ҳолати учрамаган эди.

Тиббий маълумотларга кўра¸ ботулизм микроби озиқ-овқат, айниқса, гўшт ёки балиқда, кўпроқ консерваланган банкаларда учрайди. Ботулизм бактерияси овқат билан организмга кирганда уни заҳарлайди. Беморда кўз, тил, юмшоқ танглай, юз, меъда ва ичак мушакларининг фалаж ҳолати кузатилади ва аксар ҳолларда ўлимга сабаб бўлади.
XS
SM
MD
LG