Линклар

logo-print

Бакиев хавфсизлиги кафолатланиши эвазига истеъфо беришга рози


Қирғизистоннинг хокимиятдан четлатилган президенти Қурмонбек Бакиев сешанба куни агар муваққат ҳукумат у ва унинг оиласи хавфсизлигини кафолатласа, истеъфога чиқишга тайёр эканини билдирди.

"Мана шундай шартлар билан истеъфо беришим мумкин. Яъни қурол олиб юришлар, талон-тарожларга чек қўйилса ва табиий менинг ҳамда оила-аъзоларим, яқинларим хавфсизлиги таъминланса, ваколатларимдан воз кечишим, истеъфога чиқишим мумкин", деди Бакиев.

Ўзининг туғилиб ўсган Жалолободдаги Тейит қишлоғида бу ҳақда гапирган Қурмонбек Бакиев, шунингдек, муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтунбоевани музокаралар учун ўзи турган қишлоққа таклиф этди.

"Мен билан сўзлашув олиб боришга ваколатли шахсларга мен билан учрашув чоғи тўла хавфсизликни кафолатлашим мумкин. Лекин мен Бишкекга борадиган бўлсам, улар мени хавфсизлигимни кафолатлай олишмайди", деди Бакиев.

Ўз навбатида, Роза Ўтунбоева агар Бакиев истеъфо бериб, мамлакатни тарк этса, у ва унинг оиласи хавфсизлиги кафолатланишини ваъда қилган.

Шунингдек, Ўтунбоева америкаликлар учун Қирғизистондаги ҳарбий база ижара муддати узайтирилишини ваъда қилди. Бу борадаги АҚШ ва Бишкек ҳукумати ўртасидаги бир йиллик келишув шу йил июл ойида тугайди.
XS
SM
MD
LG