Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:42

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси яна диққат марказида


Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Неъматулло Бўтақўзиев 50 кундан бери Душанбеда ҳибсда сақланмоқда.
Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Неъматулло Бўтақўзиев 50 кундан бери Душанбеда ҳибсда сақланмоқда.

Тожикистон Бош прокурори қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Нематилло Бўтақўзиев ҳибсга олинганини рад қилди. Аввалроқ Тожикистон ҳуқуқ -тартибот идоралари Бўтақўзиев Қирғизистон МХҚ илтимоси билан қўлга олинганини маълум қилган эди.

Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматилло Бўтақўзиев Тожикистонда қўлга олинганига доир хабарларни инкор қилди. Бош прокурор Неъматулло Бўтақўзиев Душанбе шаҳар Ички ишлар бошқармасининг бошпанасизларни қабул қилиш махсус изоляторида эканини билдирди.

- Бўтақўзиев қўлга олинган эмас. Унда шахсини тасдиқловчи бирор ҳужжат бўлмагани сабабли, Тожикистон қонунларига биноан у Ички ишлар бошқармасининг бошпанасизлар учун мўлжалланган махсус изоляторига жойлаштирилган, - дер экан, Бош прокурор Бўтақўзиев бу мамлакатда қонунбузарлик қилган шахслар гуруҳига кирмаслигини алоҳидда таъкидлади.

Шу ўринда айтиш лозимки, жорий йил 26 февралидан шу кунгача Тожикистондаги маҳаллий ахборот воситалари қирғизистонлик Неъматилло Бўтақўзиевнинг Душанбеда бедарак йўқолгани ва кейинчалик унинг бу мамлакат ҳуқуқ - тартибот ходимлари томонидан қўлга олиниб, Миллий хавфсизлик идораларига топширилгани ҳақида ёзиб келади.

Бу маълумотлар Неъматилло Бўтақўзиевнинг яқинлари, оқловчиси ҳамда Бўтақўзиев қочқинлик мақоми берилишини сўраб мурожат қилган БМТнинг қочқинлар иши бўйича идора масъуллари томонидан ҳам тасдиқланиб келинган.

Неъматиллонинг оқловчиси Бозорбой Одилов ва БМТнинг қочқинлар иши бўйича идора масъули Умар Яҳёев Неъматилло бир ойдан ортиқроқ миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинчалик сақлаш изоляторида тергов қилинаётгани ва ўзларига унинг билан учрашишга рухсат берилмаётганидан бир неча марта шикоят қилишган ҳам эди.

- Бўтақўзиев КГБнинг СИЗОсида сақланаяпти. Биз унинг ҳолидан хабар ололмаяпмиз. Мана бир ойдирки у ўша ерда, - деди Неъматиллонинг оқловчиси Одилов.

Оқловчига кўра, Бўтақўзиев Қирғизистон томони эълон қилган қидирувга мувофиқ Тожикистонда қўлга олинган.

Айни маълумотни бундан сал аввалроқ Душанбе шаҳар Ички ишлар бошқармаси масъуллари ҳам тасдиқлашган эди.

Аснода Бўтақўзиевнинг қўлга олингани хабарини рад қилган Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода, бундан бир ой аввал Қирғизистон Бош прокуратурасидан Бўтақўзиевни Қирғизистонга қайтариш сўралган расмий мурожат ўз идорасида қайдга олинганини яширмади.

- Ҳозир биз бу масалани ўрганаяпмиз. Агар Бўтақўзиев Қирғизистон ҳудудида сиёсий қувғин бўлса, табиийки, у Қирғизистон ихтиёрига топширилмайди. Агар у қотиллик ёки шунга ўхшаш мазмундаги жиноятда қўли борлиги аниқланса, албатта у томонга экстрадиция қилинади, - деди Бош прокурор.

Журналистлар томонидан: “ Экстрадиция юзасидан мурожат қилган ҳукумат қулаши ортидан Қирғизистонда тизим ўзгарди. Энди Бўтақўзиевнинг у томонга экстрадицияси масаласи қандай ҳал қилинади?” деган савол берилди.

- Бўтақўзиев ҳақидаги барча маълумотларни тўплаб, якуний хулосага келганимиздан сўнг, Қирғизстон Бош прокуратурасига расман мурожат қиламиз ва бу масалани у томон билан келишган ҳолда ҳал қиламиз, - дея жавоб берди тожик расмийси.

Шу ўринда айтиш лозимки, қирғизистонлик фуқаро Неъматилло Бўтақўзиев тахминан 50 кундирки, Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинчалик сақлаш изоляторида сақланмоқда.

Тожикистонлик ҳуқуқшинослар унинг қамоққа олинишга оид санкция муҳлати аллақачонлар тугаганини ва у бугун бу мамлакат ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан ноқонуний тутиб турилганини айтишади.

- Бирор жиноятда гумонланаётган шахсни суд қарорисиз 72 соат давомида вақтинчалик сақлаш изоляторида тутиб туриш мумкин. Шу муддат давомида гумонланувчига қўйилаётган айблар ўз тасдиғини топмаса, у бутунлай озод қилиниши шарт.

Бўтақўзиев ўзга мамлакат фуқароси. Шунинг учун унинг билан боғлиқ ишлар, яъни унинг кимлиги ва нима мақсадда мамлакатга кирганига оид маълумотларни миллий хавфсизлик ўрганади. Бу процесс муҳлати бир ойдан ортиқ бўлмаслиги лозим. Лекин бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, мен Бўтақўзиев Тожикистонда ноқонуний тутиб турилибди, деб айта оламан, - дейди тожикистонлик адвокат Абдуқаюм Юсупов.

Эслатамиз, 2008 йил Новқат воқеаларида қатнашганлик айби билан Қирғизистон собиқ ҳукумати томонидан қидирувга берилган Неъматилло Бўтақўзиев шу йил бошида Тожикистонга сиёсий бошпана излаб келгани айтилади.

Бу маълумотлар БМТнинг Қочқинлар иши бўйича бюросида ҳам тасдиқланган эди .

- Аммо қочқинлик гувоҳномасини олишга улгурмаган Неъматилло Бўтақўзиев, - дейди мазкур идора расмийси Умар Яҳёев, - Тожикистон ҳуқуқ тартбот идора ходимлари томонидан қўлга олинди.

Тожикистон қонунларига биноан қочқинлик мақомини сўраган хорижлик фуқаро қамоққа олинмаслиги ва ўз мамлакатига экстрадиция ҳам қилинмаслиги лозимдир.
XS
SM
MD
LG