Линклар

Бишкекдаги қочқинлар мададга муҳтож


Бишкекдаги қочқинлар пойтахт кўчалари аввалгидек хавфсиз бўлмай қолганини айтмоқдалар.

Бишкекдаги қочқинлар пойтахт кўчалари аввалгидек хавфсиз бўлмай қолганини айтмоқдалар.

Ўтган ҳафтада Қирғизистон шимолида юз берган қонли воқеалар бу мамлакатдан бошпана топган қочқинларни қаттиқ хавотирга солиб қўйди. Қочқинлар ўзларининг тез орада бошқа давлатга кўчирилишида муваққат ҳукуматдан кўмак сўрамоқдалар.

Ўзини Алишер дея таништирган ўзбекистонлик қочқин йигит икки йилдан буён Бишкекда яшайди. Қарамоғида кекса ота-онаси, оиласи ва синглиси бўлган Алишер Озодлик билан суҳбатда БМТнинг Қочқинлар идораси Бишкекдаги ваколатхонаси томонидан ўзига 2009 йилда атиги 2 минг сўм (тақрибан 45 доллар – таҳр.) миқдорида ёрдам кўрсатилганини айтади. Шу важдан у ва унга ўхшаган қочқинлар тирикчилик ўтказиш учун дуч келган ишни қилиб, пул топишга мажбур. Аммо, Алишернинг айтишича, ўтган ҳафтада Бишкекда содир бўлган воқеалар ўзбекистонлик қочқинларни ана шу имкониятдан ҳам маҳрум қилиб қўйди.

- Шанба куни мени болалар чақириб, сварка иши борлигини айтишди. Мен бориб, шуни қилдим. Иш битгач, пулни сўрадим. Хўжайинидан пулни олиб берди. Шу вақт ўша ерда ичиб ўтирган икки маст бола мени сўроқ-саволга олишди. Охири шу даражада бўлдики, мени уришмоқчи бўлишди. Уриш уёқда турсин, мени ўлдириб ташламоқчи бўлишди, дейди ўзбекистонлик қочқин йигит.

Ўша воқеадан буён Алишер кўчага чиқишга чўчиб қолган. Уни чўчитган яна бир ҳолат 7 апрел куни намойишчиларга қарата ўқ отган снайперлар орасида ўзбеклар ҳам борлиги ҳақида Бишкекда тарқаган миш-мишлардир.

Бу каби миш-мишлар Қирғизистондаги бошқа қочқинлар ўртасида ҳам ваҳимани авж олдираяпти. 14 апрел куни Бишкекда матбуот анжумани ўтказган қочқинлар қўмитаси вакилларидан бири Жандос Қақшимбаев айни пайтда мамлакат пойтахтида миллати қирғиз бўлмаган кишиларга нисбатан кин-адоват кучайганини, муваққат ҳукумат тезлик билан Қирғизистондаги қочқинларни бошқа давлатга чиқариб юбориш чорасини кўриши кераклигини айтади.

Жандос Қақшимбаевнинг айтишича, 7 апрелдан буён қочқинлар бош уриб борадиган бирдан-бир идора - БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича Бишкекдаги ваколатхонаси ишламаяпти.

- Биз ҳозир бизни бу ердан эвакуация қилишларини сўрамоқдамиз. Чунки яқинда бир ўзбек қочқинини дўппосланишига оз қолди. Бакиев Назарбоев ва Каримов унга ёрдам таклиф этганини айтди. Қирғизлар ғазабланган ва агар ҳозир миллатлараро жанжал бошланса, энг кўп жабр кўрадиганлар ыочқинлар бўлади. Бизнинг орамизда аёллар, болалар, ногиронлар бор, дейди Қирғизистондаги қочқинлар қўмитаси вакили Жандос Қақшимбаев.

Асли қозоғистонлик бўлган Қақшимбаев БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича Бишкекдаги идораси вакилларига умуман ишонч қолмаганини айтади.

- Қочқинлар идораси ҳатто бизга тўсқинлик қилиши мумкинлигини ҳам тахмин қиламан. Уларнинг қандайдир геосиёсий ўйинлари бор. Биз умуман бу ердаги вакил Ханс Фридрих Шоддерга ишонмаймиз, дейди Қақшимбаев.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида биз БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича Бишкекдаги ваколатхонаси билан ҳам боғландик. Ваколатхонанинг қочқинларни ҳимоя қилиш бўлими ходими Олег Жданов:

- Мен Қочқинлар идораси номидан расман маълумот беролмайман, деди.

14 апрел куни Қирғизистондаги қочқинлар матбуот анжумани ўтказганидан сўнг маҳаллий матбуотда БМТнинг қочқинлар бўйича Бишкек идораси баёноти пайдо бўлди. Унда БМТ Қочқинлар идораси аввалги тартибда ишлаётгани ҳамда қочқинларга юридик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилаётгани айтилади.

Шунингдек, баёнотда БМТ ваколатхонаси Қирғизистондаги қочқинлар билан ўтган ҳафта мобайнида мунтазам алоқада бўлиб тургани, мамлакатда содир бўлган тартибсизликлардан Қирғизистондаги қочқинларга зиён-заҳмат етмагани қайд этилади.

Айни пайтда ваколатхона баёнотида Қирғизистондан вақтинча бошпана олган қочқинлар учинчи мамлакатларга қачон кўчирилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.
XS
SM
MD
LG