Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:44

Депортацияга жавобан депортация


14 апрел куни Тошкент-Бишкек йўналиши бўйича Қирғизистон пойтахтига учиб келган ўзбекистонлик етти фуқаро “Манас” халқаро аэропортидан Тошкентга қайтарилди. Ўзбекистонликларни депортация қилган қирғиз зобити бунинг ўзбек чегараларига жавоб эканини айтган.

Чоршанба куни тонгги соат 5.35 да Тошкент халқаро аэропортидан Бишкекка учган самолёт Қирғизистон вақти билан 7.50 да “Манас” аэропортига ўз вақтида қўнган. Аммо чегара назоратидан ўтаётган 7 нафар ўзбекистонликка чегарачи зобит четда кутиб туришни амр қилган.

- Биз ҳайрон бўлиб, 10 дақиқача турганимиздан сўнг бошқа бир офицер чиқиб, бизни Ўзбекистонга депорт қилишини айтди. Бизнинг саволимизга у: “Бу ўзбекистонлик чегарачилар қирғизистонлик фуқароларни Ўзбекистондан ҳайдаб чиқарганига бўлган жавоб”, деди. Айтишларича, аввалги рейслар нормал учган. Негадир бизнинг рейс шунақа бўлди, дейди Тошкентга қайтариб юборилган ўзбекистонлик йўловчилардан бири.

Унинг айтишича, етти нафар ўзбекистонликни депортация қилиш ҳақида “Манас” аэропортида акт тузилган. Актда ўзбекистонликлар “номақбул шахс” ўлароқ зикр қилинган. Суҳбатдошимизга кўра, самолётда бўлган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” хавфсизлик хизмати вакили ҳам бу ҳодисадан таажжубга тушган.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида биз Қирғизистон чегара назорати бош бошқармаси билан боғландик. Бошқарма вакили ҳақиқатан шундай воқеа содир бўлганини тасдиқлади:

- Уларнинг ҳужжатларида ноаниқликлар борлиги маълум бўлди. Шу сабабли улар ватанларига қайтариб юборилди, деди Қирғизистон чегара назорати бош бошқармаси ходими.

Шунингдек, Қирғизистон чегара назорати вакили 14 апрел куни Тошкентга учган қирғизистонлик фуқаролар Бишкекка депортация қилинганини ҳам қистириб ўтди.

- Бизнинг беш фуқаромизни қайтариб юборишган, депортация қилишган. Чунки улар томонидан бир томонлама чегаралар ёпилган. Шу сабабли Қирғизистон фуқароларини Ўзбекистон чегарасидан ўтказишмаган. Бу жавоб реакцияси эмас, бу ҳозир бўлаётган воқеалар сабабли, дейди Қирғизистон чегара назорати бош бошқармаси ходими.

Қирғизистонга учган 777-рейсда Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларидан ташқари бошқа давлат фуқаролари ҳам бўлган. Улар ҳеч қандай муаммосиз Қирғизистон чегарачилари томонидан ўтказию юборилган.

Аснода Ўзбекистонга қайтиб учиб келган йўловчилар бошқа воқеанинг гувоҳи бўлганларини айтадилар.

- Ўзбек чегарачилари биз билан бирга Тошкентга учиб келган тўрт қирғизистонликка уларни ҳам худди шундай ватанига қайтариб юборишларини айтганини эшитдик, дейди депортация қилинган ўзбекистонлик фуқаролардан бири.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Қирғизистонда содир бўлган воқеалар ортидан ўзбек-қирғиз чегараси Ўзбекистон томонидан бир томонлама ёпиб қўйилганди. Қирғизистонлик чегарачилар чегаранинг Қирғизистон томонини очиқлигини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG