Линклар

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон иқтисодида ўсиш кўрди


Осиё тараққиёт банки 2010 ва 2011 йилларда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 8¸5 ва 9 фоизга ўсишини башорат қилди.

Жорий ҳафта эълон қилинган ҳисоботда мазкур банк таҳлилчилари бундай муҳтамал иқтисодий ўсишни Ўзбекистоннинг ўз асосий савдо ҳамкорлари билан алоқаларни қайта тиклаши, саноат соҳасида юритилаётган фаол сиёсат, маҳсулотлар экспорти ва сармоялар ҳажмининг кўпайиши билан изоҳлаган.

Ўтган йил дунёнинг аксар давлатларида иқтисодий пасайиш кузатилганига қарамай, расмий статистикага кўра¸ Ўзбекистон иқтисодиёти 8,1 фоизга ўсган.

Ўзбекистон 1995 йилда Осиё тараққиёт банки аъзосига айланган. Шу вақт мобайнида банк Ўзбекистонда турли соҳаларда 30 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш учун Тошкентга салкам 1.29 миллиард доллар кредит ва техник кўмаклашув дастурлари учун 40.75 миллион доллар грант ажратган.

Май ойида эса Тошкентда Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик мажлиси бўлиб ўтади.

Айни пайтда Лондондаги “Economist Intelligence Unit” иқтисодий тадқиқотлар марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Жон Эндрю Ўзбекистон иқтисодига оид ошкор қилинаётган маълумот ва ҳасоботлар бир биридан кескин фарқ қилишини таъкидлади.

- Ўзбекистон иқтисодига оид фақат расмий маълумотлар бор, холос. Бу маълумотлар ҳам кўпинча бир-биридан фарқ қилади. Шу боис вазиятга аниқ баҳо бериш қийин. Масалан, улар ўтган йили ялпи ички маҳсулот 9 фоизга ошганини эълон қилишди. Бунда, расмий маълумотларга кўра, саноат ҳам 9 фоизга ошган. Бу рақамлар¸ менимча¸ бироз бўрттирилган. Тўғри, масалан, автомобил ишлаб чиқариш саноатида ўсиш кузатилганига ишониш мумкиндир. Лекин айни пайтда расмийлар электр қуввати ишлаб чиқаришда пасайиш кузатилганини тан олишди. Электр қуввати эса одатда саноатнинг қандай ишлаётганини кўрсатувчи омиллардан биридир. Расмийларнинг бир тарафдан саноат ўсаётгани, бошқа томондан саноатнинг қандай ишлаётганига бевосита боғлиқ бўлган электр қуввати ишлаб чиқариш кўлами камайганига оид маълумотлари бир-бирини инкор қилади. Шунинг учун Ўзбекистон иқтисодига оид аниқ рақамларни келтириш қийин бўлса-да, ўтган йили ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 1-2 фоиздан ошмаганини тахмин қилиш мумкин, дейди Жон Эндрю.
XS
SM
MD
LG