Линклар

Бакиев учун икки йўл бор: ё жазо, ё кетиш


Роза Ўтунбаевага кўра, муваққат ҳукумат президент Бакиевнинг намойишчиларни отишга буйруқ берган қариндошлари мамлакатни тарк этишига йўл қўёлмайди.

Роза Ўтунбаевага кўра, муваққат ҳукумат президент Бакиевнинг намойишчиларни отишга буйруқ берган қариндошлари мамлакатни тарк этишига йўл қўёлмайди.

АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейкнинг Қирғизистонга ташрифи муносабати билан матбуот анжумани ўтказган муваққат ҳукумат раисаси Роза Ўтунбаева дахлсизликдан мосуво қилинган президент Бакиев қўлга олинган тақдирда унинг маҳкамага тортилиши мумкинлигини билдирди.

14 апрел куни Бишкекка келган АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Роберт Блейк Қирғизистон муваққат халқ ҳукумати раҳбарлари билан учрашиб, музокаралар ўтказмоқда.

Айрим ахборот агентликлари маълумотига кўра, АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк президент Бакиев ва унинг вакиллари билан учрашиш нияти йўқлигини билдирган.

Бишкекда муваққат ҳукумат раиси Роза Ўтунбаева билан учрашганидан сўнг АҚШ расмийси ўз сафаридан кўзда тутилган мақсадлар ҳақида журналистларга гапириб берди.

- Мен Қирғизистонга АҚШ Давлат котиби кўрсатмаси билан вазиятни ўргангани келдим. Бу ерда муваққат ҳукумат расмийлари билан учрашиб, уларнинг кейинги қадамлари, Конституциявий ислоҳот, бўлажак сайловлар ҳақида батафсил маълумот олмоқчиман. Бу борада АҚШ Қирғизистонга ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр, деди Роберт Блейк.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбаеванинг айтишича, учрашувда Бишкекдаги АҚШ ҳарбий транзит маркази масаласи муҳокама қилинмаган. Учрашувнинг асосий мавзуси 7-8 апрел воқеаларида яраланганларга тиббий хизмат кўрсатиш ва баҳорги экин-тикин ишларига кўмак бериш бўлган.

- Шунинг учун ҳам юзага келган вазиятдан тезроқ чиқиб кетишимиз учун АҚШ бизга амалий ёрдам кўрсатишидан умидвормиз, деди Роза Ўтунбаева.

Журналистлар вақтдан фойдаланиб, президент Бакиев масаласида ҳам бир қатор саволларни бердилар.

Муваққат ҳукуматнинг 12 апрелдаги декрети билан дахлсизлик мақоми бекор қилинган Қурмонбек Бакиев айни пайтда Жалолобод вилоятидаги Тейит қишлоғида қолмоқда.

Сўнгги хабарларга кўра, Бакиев тансоқчилари томонидан кучайтирилган тарзда қўриқланмоқда.

Журналистларнинг Бакиев тақдири нима бўлиши ҳақидаги саволларига жавоб берар экан, Роза Ўтунбаева Қурмонбек Бакиевга нисбатан икки услуб қўлланилиши мумкинлигини айтди.

- Бакиев: “Мен ўзим ёлғиз кетмайман, ўзим билан ўнга яқин одамни олиб кетаман”, демоқда. Улар орасида Жаниш Бакиев ва бошқалар бор. Уларни биз қандай чиқарамиз? Шунинг учун муваққат ҳукумат Бакиевга нисбатан иккита услубни қўллаши мумкин: биринчиси жазолаш, иккинчиси унинг мамлакатдан чиқиб кетиши, деди Роза Ўтунбаева.

Айни пайтда фуқаролик жамияти вакиллари Жалолободда президент Бакиев билан ҳокимиятни топшириш масаласида музокаралар олиб бордилар. Учрашув ташкилотчиларидан бири Тўлайқан Исмоилованинг айтишича, Бакиев Ўтунбаева билан музокаралар ўтказишга тайёр.

- Энг асосийси, Бакиев мулоқотга, музокараларга тайёр. Муваққат ҳукумат вакиллари орасида у Роза Ўтунбаева билан Жалолободда учрашишга тайёр ва агар Ўтунбаева Жалолободга келса, унинг хавфсизлигини таъминланишига кафолат бермоқда, деди Тўлайқан Исмоилова.

Муваққат ҳукумат декрети билан 8 апрел куни тарқатиб юборилган қирғиз парламентининг “Оқ йўл” фракцияси аъзоларидан 14 нафари эса президент Бакиевга импичмент эълон қилиш ташаббуси билан чиқмоқдалар. Депутатларга кўра, парламент томонидан Бакиевга ишончсизлик билдирилиши, муваққат ҳукумат легитимлигини таъминлайди.

Айтиб ўтиш лозимки, “Оқ йўл” фракцияси парламентдаги асосий ўринларни эгаллаган. “Оқ йўл” фракцияси президент Бакиев томонидан асос солинган “Оқ йўл” партияси аъзоларидан иборат.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG