Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:37

Жалолободда вазият таранг


Бугун қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари билан учрашган Қурмонбек Бакиев муваққат ҳукумат ўзи ва яқинлари хавфсизлигини кафолатлаган тақдирда истеъфога кетишга тайёр эканини айтган.
Бугун қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари билан учрашган Қурмонбек Бакиев муваққат ҳукумат ўзи ва яқинлари хавфсизлигини кафолатлаган тақдирда истеъфога кетишга тайёр эканини айтган.

Қирғизистонда ҳокимият муваққат ҳукумат назоратига ўтганидан бир ҳафта ўтиб, мамлакатнинг Ўзбекистон билан чегарадош Жалолобод вилоятида муваққат ҳукумат ва дефакто собиқ президент Бакиев тарафдорлари ўртасида вазият қалтислашаётгани айтилмоқда.

Чоршанба куни Жалолободда муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватловчи сиёсий кучларнинг Қурултойи бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ айни майдонга Бакиевнинг тарафдорлари ҳам тўплангани боис, томонлар жанжал чиқмасин учун тарқаб кетгани ҳақида хабар келди.

Эфир олдидан Жалолободдаги вазиятни кузатаётган маҳаллий мустақил журналист Абдумўмин Мамараимов билан боғланиб кейинги воқеалар ҳақида сўраганимизда, у киши Жалолободдаги ўзбек миллий маркази ўтказаётган намойишда эканини айтиб, чиқиш қилаётган маҳаллий масжидлардан бирининг имоми Муҳаммаджон ҳожининг фикрларини тинглашни таклиф қилди.

“Биз мана шу оддийларнинг номидан ëрдам тўплаб¸ мана шу ерга олиб келиб топшириб¸ мана шу Қодиржоннинг идораси орқали шу ëққа жўнатайлик деган таклиф менга айтилди. Мен сизларга айтаяпман. Икки кундан кейин жума бўлади. Жума куни масжидимизда биз пул йиғиб¸ мутаваллимизга топширади. Жалолобод шаҳридаги Билол масжидидан ўша майдонда вафот этган укаларимизнинг қариндошларигами¸ ота-оналаригами - мана мунча сўм, деб топширамиз. Шуни укаларимизнинг илтимоси билан чиқиб айтаяпман. Иншооллоҳ, бу ташаббусни укаларимиз айтди. Мана икки кундан кейин жумада ўзимиз бошлаймиз. Бунга бошқа масжидлар ҳам қўшилса керак. Менинг гапим тамом. Бу халқ учун бўлаяпти. Мана оқсоқолимиз айтдию - Халқ учун¸ Қирғизистон учун бўлаяпти. Қирғизистонда одамларимиз бой-бадавлат. Унақа Ўзбекистондан ëрдам сўрамаймиз. Моддий ëрдам ҳам керакмас¸ маънавий ëрдам ҳам керакмас¸ сиëсий ëрдам ҳам керакмас. Ўзимизга Оллоҳ ëрдам беради. Оллоҳнинг ëрдами билан ҳаммаси ҳал бўлади. Яхши кунларга етамиз. Яхши кунларни кўрамиз. Аммо иттифоқ бўлайлик”.

Озодлик: Абдумўмин ака¸ бу қаерда бўлаëтган тадбир?

Абдумўмин Мамараимов: Бу ҳозир ўзбек миллий-маданий марказида бўлаëтган тадбир. Катта митинг бўлаяпти. Ҳозир Қодиржон ака (Жалолобод вилоят ўзбек миллий маркази раҳбари Қодиржон Ботиров назарда тутилмоқда, - таҳр.) бош бўлиб бу ерда штаб тузилган. Минтақадаги вазият ҳозир шу ерда одамларга тўлиқ етказилаяпти.

Озодлик: Неча киши тўпланган бу ерда?

Абдумўмин Мамараимов: Ҳозир 5000 атрофида одам бор.

Озодлик: 5000 атрофида ўзбек бор-а?

Абдумўмин Мамараимов: Ҳа.

Озодлик: Жалолободдаги вазият қанақа?

Абдумўмин Мамараимов: Жалолободдаги вазият ҳозир тинчигандай бўлиб турибди. Бироқ ташқаридан қараганда тинчга ўхшаяпти. Лекин ҳали вазият яхши эмас-да. Бу ерда энг асосий нарсалардан бири яна битта губернатор ўзгарди бизда. Бекназаров келиб бошқасини тайинлаб кетди. Бектур Асанов дегани ҳозир энди. Эрталаб сизларнинг хабаринглар бўлдими-йўқми - бу ерда вилоят Қурултойи қилиниши керак эди. Асан Шокиров деган губернатор бўлиб турган эди. Мувофиқлаштирувчи кенгаш бор. Бу ерга Қодиржон ака ҳам киради. Ўша мувофиқлаштирувчи кенгаш бугун вилоят губернаторини сайлаб олиши керак эди. Ҳаммаси Бакиевга қарши кучлар. Ўзбек¸ қирғиз¸ бошқа ҳаммаси аралаш. Аммо Бакиев тарафдорлари келиб Қурултойни бузишди. Майдонда тўполон қилиб, кейин Қодиржон акага ташланишди. Қодиржон ака: “Бунақа вазиятда биз ишлай олмаймиз, кетдик орқага”? деб одамларни орқага қайтариб олиб кетди. Жанжал чиқиб кетиши мумкин эди-да.

Озодлик: Бакиев тарафдорлари билан муваққат ҳукумат ўртасида даҳанаки жанг бўлаяпти, деган хабарлар эшитдик-да биз ҳам.

Абдумўмин Мамараимов: Ҳа¸ шунақа.

Озодлик: Ҳозир тарқаб кетишди энди-а?

Абдумўмин Мамараимов: Қодиржон акалар кетгандан кейин ҳаммаси тарқаб кетди. Бирпасдан кейин Жиянбеков деганнинг 500 нафар одамлари келиб, уни "губернатор" деб эълон қилиб кетишди. Ўзлари сайлаб олишди.

Озодлик: У ким тарафида?

Абдумўмин Мамараимов: Ҳозир у ўзича¸ Бакиевга қарши.

Озодлик: Хабарларга қараганда, нодавлат ташкилотлари¸ жамоатчилик ташкилотлари кириб, Бакиев билан гаплашиб чиқибди. Муваққат ҳукумат билан Бакиев ўртасида воситачи ўлароқ гаплашиб чиқибди. Ўша ерда қанақа гаплар бўлибди?

Абдумўмин Мамараимов: Азиза Абдурасулова билан Исмоилова кириб чиқди. У “Мен кетишга тайëрман. Ўзим отставка ëзиб бераман. Фақат менга қариндош-уруғимнинг хавфсизлигини таъминлаб беришсин. Кейин Роза Ўтунбаева билан яккама-якка гаплашиб¸ қонуний йўл билан ҳокимиятни ўтказиб берайин”, дебди. Буни ҳуқуқ ҳимоячилари Ўтунбаевага телефон қилиб айтишди. Бишкекдагилар буни қандай ҳал қилади - уни биз ҳозир билмаймиз.

Озодлик: Ҳозир ким гапираяпти?

Абдумўмин Мамараимов: Ҳозир Улуғбек ака (Қирғизистон ўзбек миллий-маданий маркази вице президенти Улуғбек Абдусаломовни назарда тутаяпти – таҳр.) гапираяпти. Хоҳласангиз, яна эшиттираман.

“Аждодларимизнинг қилган ишларини ўйланг энди. Ҳаммамиз яхши яшай оламиз. Яшаш фақат овқат ейиш¸ яхши кийиниш¸ яхши уйда яшаш ëки бўлмаса яхши машинада юриш эмас. Яшаш бу қалбнинг тозалигида¸ эркинликда. "100 йил роҳат қилиб яшадим" деб, қул бўлиб яшагандан кўра¸ бир кун тикка туриб, чиройли бўлиб эркин яшаган маъқулдир. Ана шунинг учун бизнинг эркинлигимиз бизнинг мағрурлигимизда. Бизнинг эркинлигимиз ўзимизнинг одамларимизни сақлашда¸ қадрига етишда. Ана шунинг учун ҳар бир нарсани иложи борича эҳтиëт қилишингларни сўраб қоламан. Гапирадиганлар борми яна?”
XS
SM
MD
LG