Линклар

logo-print

Қашқадарёда уч "тажовузкор" аёл қамалди


Қашқадарёда қамалган аёллар яқинларининг айтишларича, уларнинг ягона "айб"и диндор бўлганидир.

Қашқадарёда қамалган аёллар яқинларининг айтишларича, уларнинг ягона "айб"и диндор бўлганидир.

12 апрел куни Қашқадарё вилоят жиноий ишлар суди ҳукмига мувофиқ, икки ҳуқуқ фаоли – Меҳринисо Ҳамдамова билан Шаҳло Раҳмонова, шунингдек, Зулхумор Ҳамдамова узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.

Қаршилик ҳуқуқ фаоли Меҳринисо Ҳамдамова суд ҳукмига кўра етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Бу ҳақда Озодликка Меҳринисо Ҳамдамованинг қизи Латофат Орзиқулова маълум қилди.

- 12 апрел куни суд ҳукми чиқди. Онамга етти йил беришди. Айбларнинг ҳеч бири исботлангани йўқ. Гувоҳларнинг ҳеч бири судда ëмон гап гапиргани йўқ, фақат иккита гувоҳни ҳисобга олмаганда. Иккита гувоҳ ҳам ўртада адовати бўлгани учун ëмон гувоҳлик берди. Ўша ҳам фақат онамга қарши гувоҳлик бўлди. Онамга: “Эски ислом тузумига қайтамиз, халифалик тузамиз, дегансан" дейишди. Яна мусулмон бўлмаганлардан ташқариларни "даҳрий"¸ "кофир" дегансан, деган айблов қўйишди. Яна одам ажратганмиш онам. Қисқаси тўй¸ ақиқа ниқоби остида диний чиқишлар қилгансан, дедилар. Ҳамдамова Зулхумор ва Шаҳло Раҳмонованинг бу ишда ҳеч қандай алоқаси топилгани йўқ. Шаҳло Раҳмоновани ҳаттоки бирор гувоҳ танийман, деб ҳам айтгани йўқ. У ўша битта айтган гапи: “Мўмин-муслималар ëмон қамалиб кетаяпти. Давлат органнинг одамлари яхши қарамагани учун фоҳишабозлик кўпайиб кетаяпти”, деган гапи учун олти йилу олти ой олиб кетди, дейди Латофат Орзиқулова.

Озодликка маълум бўлишича, Қашқадарё вилоят жиноий ишлар суди ҳукмига кўра жами уч аёл – Меҳринисо Ҳамдамова, Шаҳло Раҳмонова ва Зулхумор Ҳамдамовалар озодликдан маҳрум қилинган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Гулшан Қораеванинг билдиришича, уччала аёл ҳам жиноят кодексининг бир қатор сиёсий моддалари бўйича айбланганлар.

- 12 апрел куни охирги ҳукм ўқилди. Шаҳло Раҳмоновага 6,5 йил¸ Зулхумор Ҳамдамовага ҳам 6¸5 йил¸ Меҳринисо Ҳамдамовага 7 йил жазо тайинланган. Асосан 159- ва 244- модданинг иккита банди билан айбландилар, дейди Гулшан Қораева.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раиси, муҳожирликда яшаётган Абдужалил Бойматов икки ҳуқуқ фаолининг узоқ муддатларга қамалиши сабабларини шундай изоҳлайди:

- Қашқадарë вилоятида бизнинг ташкилотда аëллар ҳам жуда актив эди. Ўша Шаҳло Раҳмонова¸ Меҳринисо Ҳамдамовалар Тошкентларга бориб пикетлар ўтказган эди. Улар Тошкентга борганда президент аппаратининг олдида пикетлар ўтказишган. Мана шуларни ҳисобга олиб¸ Ўзбекистон ҳукумати уларга нисбатан сохта айблар билан қамаяпти. Ҳуқуқбон сифатидаги фаолияти учун улар шунақанги репрессияларга учраяпти.

Андижон воқеаларидан кейин ҳозир 21 нафар аъзомиз қамалди. Бу шуни билдирадики¸ Ўзбекистон ҳукумати бизнинг ташкилотни Ўзбекистонда умуман йўқ қилмоқчи. Айниқса охирги уч нафар аъзомизни булар Ҳизбут-Таҳрирда¸ экстремизмда¸ терроризмда айблашди¸ конституцион тузумга қарши фаолиятда айблашди. Бу деган сўз учта аъзомиз бу айб билан айблангандан кейин бизнинг ташкилотни ҳам экстремистик-террористик ташкилотга чиқармоқчи булар. Уларга қўйилган айбловларнинг ҳаммаси сохта. Чунки уларнинг ҳаммаси қийноққа тутилган¸ адвокат берилмаган¸ судлар очиқ бўлмаган, дейди Абдужалил Бойматов.

Меҳринисо Ҳамдамова билан Шаҳло Раҳмоновалар 2004 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти аъзолари бўлиб фаолият кўрсатиб келаяптилар.

Қаршилик 41 ёшли Меҳринисо Ҳамдамова 2007 йилнинг 1 ноябридан бошлаб Қаршидаги “Кўк гумбаз” масжидида ташкил қилинган “Отинойилар” ўқув курсида қизларга диний билим бериб келган.

2009 йилнинг 5 ноябридан бошлаб эса Меҳринисо Ҳамдамова ва унинг собиқ талабаларини оммавий равишда ҳибсга олиш бошланган.

Қаршида ҳибсга олинган муслималар сони дастлаб 30 дан зиёд бўлган.

2009 йилнинг 19 ноябр куни ҳибсхонадан саккиз муслима қўйиб юборилди. Кейинчалик бошқа муслималар ҳам озодликка чиқарилиб, ҳибсда фақат юқорида номлари тилга олинган уч аёл қолган.

Қаршилик ҳуқуқ фаолларига кўра, айни пайтда ҳибсдан озод қилинган муслималардан саккиз нафарининг қаерда эканлиги номаълум. Улар яна ҳибсга олинишдан қўрқиб, Ўзбекистондан қочиб кетган деган тахминлар мавжуд.

Бир муддат аввал Ўзбекистон нуқтаи назарини ифодаловчи www.press-uz.info сайти қаршилик ўттиздан зиёд аёлнинг сиёсий айбловлар билан айбланаётганини инкор қилиб, бу борада тарқатилган маълумотларини бўҳтон, дея баҳолаган эди.

12 апрел куни эса Қашқадарё вилоят жиноий ишлар суди судяси Бекназаров қаршилик уч аёлни айнан сиёсий айбловлар билан айблаб ҳукм чиқарди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG