Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:40

Вашингтон саммити муваффақиятли якунланди


Ядровий хавфсизлик бўйича Вашингтонда ўтказилган саммитда оммавий қирғин қуроллари тайёрлашда ишлатиладиган ядровий материаллар назоратини кучайтириш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

Вашингтон саммити охирида чиқиш қилган АҚШ президенти Барак Обама давлат раҳбарларининг ҳаммаси ядровий материаллар террорчилар ёки ғаразгўй гуруҳлар қўлига тушиб қолиши олдини олишнинг энг яхши йўли улар устидан назоратни кучайтириш деган фикрга тўлиқ қўшилганини айтди.

- Мен анжуманда қатнашган барча давлат раҳбарлари бир йил олдин мен Прага шаҳрида баён қилган мақсадлар, яъни тўрт йил ичида дунёдаги барча ядровий материаллар назоратини кучайтириш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлаганидан мамнунман. Бу улуғ мақсад ва биз уни амалга ошириш осон бўлади деб ўйламаймиз, деди АҚШ раҳбари.

Вашингтон саммитидан кўзланган мақсад ядро соҳасидаги энг муаммоли масала, яъни Ал-Қоида ва бошқа гуруҳларнинг битта атом бомбаси тайёрлаш учун етарли миқдорда ядровий материаллар қўлга киритишига имкон бермасликдан иборат.

АҚШ расмийларига кўра, Ал-Қоида бир неча йилдан бери оммавий қирғин қуроли тайёрлаш учун зарур бўлган ядровий материалларга эга бўлишга уриниб келмоқда.

Барак Обама анжуман иштирокчиларига ҳатто оз миқдорда ядровий материални қўлга киритган террорчи кенг кўламда зарар етказишини айтди.

- Ўнлаб давлатларда сотилиши, ўғирланиши ва бомба тайёрланиши мумкин бўлган ядровий материаллар бор. Ҳатто олма ҳажмидек энг кам миқдордаги плутоний юз минглаб бегуноҳ одамни ўлдириши мумкин. Ал-Қоида каби террорчи гуруҳлар атом қуроли тайёрлаш учун зарур бўлган материални қўлга киритишга уриниб келмоқда. Агар мақсадга эришса, улар шубҳасиз уни ишга солади, деди АҚШ раҳбари.

Вашингтон анжумани охирида қабул қилинган баёнотда 47 давлат плутоний ва юқори даражада тўйинтирилган уран каби ядровий материаллар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, янги қонунлар қабул қилиш орқали ядровий объектлар назоратини кучайтиришга чақирилган.

Саммитда иштирок этган давлат раҳбарлари ядро технологияси ва ядровий материаллар тарқалишига йўл қўймаслик учун БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги ва айни пайтда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.

Обама Вашингтон саммитини дунё фуқароларини ҳимоялаш ва ядро хавфсизлигини таъминлашда эришилаётган ютуқларни мустаҳкамлашда олдинга ташланган қадам, дея баҳолади.

- Бу улкан муваффақият сари олдинга қадам ташланган кун бўлди. Аввал айтиб ўтганимдек, бу бир зумда ўтиб кетиши мумкин. Ядровий материаллар хавфсизлигини таъминлаш жиддий вазифа ва глобал миқёсда доимий равишда амалга оширилиши лозим. Бу борада эришилаётган ютуқларни баҳолаш, ўз зиммамизга олган масъулиятимизни қандай бажараётганимиз ва келажак режаларимизни баҳолаш учун мутахассисларимиз мунтазам равишда учрашиб туришига келишиб олдик, деди АҚШ президенти.

Саммит давомида Украина президенти Виктор Янукович ўз мамлакати эга бўлган барча тўйинтирилган ядровий материалларни 2012 йилга қадар йўқ қилишга ваъда берди. Оқ Уй расмийлари Украина раҳбарининг қарорини олқишлади.

Саммитда Канада ҳам атом қуроли тайёрлаш мумкин бўлган катта миқдордаги бойитилган урандан воз кечишини эълон қилди. Чили ва Мексика ўз ядровий материаллари заҳираларидан воз кечишини билдирди. Аргентина ва Покистон эса ядровий материаллар контрабандасига қарши кураш чораларини кучайтиришни ваъда қилди.

Вашингтонда бўлиб ўтган саммитда Россия президенти Дмитрий Медведев Россия шимолида жойлашган Железногорск шаҳридаги плутоний ишлаб чиқарувчи сўнгги реакторни шу йил охиригача ёпишга ваъда берди.

Барак Обама яширинча ядровий қурол яратишга уринаётганликда гумон қилинаётган Эронга нисбатан ҳам муносабат ўзгариши мумкинлигига ишора қилди. Халқаро ҳамжамият Теҳронга тинч мақсадни кўзлаган Эроннинг ядровий реактори ва тадқиқот дастури учун ядро ёнилғиси етказиб беришни таклиф қилган. Аммо АҚШ раҳбари Эрон ҳозирча бу таклифни қабул қилмаганини айтди.

Ядровий хавфсизлик бўйича Вашингтонда ўтказилган саммитда Шимолий Корея иштирок этмади. Чунки бу давлат Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик ҳақидаги шартномадан чиққан.

Вашингтон саммитида қатнашган давлат раҳбарлари ядровий хавфсизлик бўйича навбатдаги саммитни 2012 йилда Жанубий Кореяда ўтказишга келишиб олдилар.
XS
SM
MD
LG