Линклар

logo-print

Москвада МДҲ Мудофаа вазирлари йиғилди


Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Мудофаа вазирлари кенгаши йилига икки марта йиғилиш ўтказиб, ташкилот олдидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиб туради.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Мудофаа вазирлари кенгаши йилига икки марта йиғилиш ўтказиб, ташкилот олдидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиб туради.

Россия пойтахтида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мудофаа вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Россия Мудофаа вазирлиги тарқатган хабарга кўра, мазкур йиғилишда 20 дан зиёд масала кўриб чиқилган.

14 апрелда Москвада бўлиб ўтган Мудофаа вазирлари кенгашининг 58-чи йиғилишида Озарбайжон, Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдавия, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина давлатлари иштирок этди.

Ушбу йиғилиш тафсилотларини билиш учун Озодлик Ҳамдўстлик мудофаа вазирлари Кенгашининг Котибияти вакили Михаил Севастяновга мурожаат қилди.

Озодлик: Михаил Алексеевич, мудофаа вазирлари Кенгашида қандай масалалар кўриб чиқилди?

Михаил Севастянов: Мудофаа вазирлари кенгашида ҳамдўстликнинг ҳарбий идоралари ҳамкорлиги юзасидан 20 ортиқ масала муҳокама этилди. Кўрилган асосий масалалардан бири, Улуғ Ватан урушининг 65 йиллигига бағишланган тантаналарни ўтказишга доир ташкилий масалалар, жумладан, урушда ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш ва ветеранларга ғамхўрлик қилиш масалалари муҳокама этилди.

Севастьяновнинг сўзларига кўра, Кенгаш иштирокчилари томонидан йиғилиш бошидаёқ Улуғ Ватан уруши ветеранлари ва иштирокчи мамлакатлар ҳарбийларига йўлланган Мурожаатнома матни қабул қилинди.

Кейинги масала - 2010 йилда Ҳамдўстлик мамлакатларида Улуғ Ватан уруши ветеранлари йилини ўтказишга оид тадбирлар режаси қабул қилинди. Ушбу йилнинг нишонланиши тўғрисидаги қарор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳукумат раҳбарлари Кенгашида 2009 йил 9 октябрда қабул қилинган эди. Мудофаа вазирлари, шунингдек, 2015 йилгача мўлжалланган Ғалаба тантаналарига бағишланган хотира-мемориал тадбирлари дастурини қабул қилдилар.

- Ҳарбий масалага оид саволлар қаторида Мудофаа вазирлари Кенгаши ҳарбий-техник йўналишининг истиқболдаги режалари тасдиқланди. Унда Ҳамдўстлик армияларининг ягона алоқа тизимини вужудга келтириш ва МДҲ аъзолари қуролли кучларининг автоматизацияланиши кўзда тутилган. Шунингдек, “Парол” ягона давлат радиолокация танитиш тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Кенгаш аъзолари бирлашган Ҳаво Хужумидан Мудофааланиш тизимига маблағ ажратиш ва уни ишлатиш масалаларини ҳам кўриб чиқдилар, деди Михаил Севастянов.

Унинг айтишича, анжуманда Қирғизистонга оид масалалар муҳокама этилмаган.

Михаил Севастянов: Гап шундаки, МДҲ Мудофаа вазирлари кенгаши йилига 2 маротаба йиғилади ва унинг дастури олдиндан белгилаб олинади. Аммо муҳокама жараёнида журналистлардан тушган саволлардан бирида МДҲ мудофаа вазирлари Кенгашининг раиси Россия мудофаа вазири Анатолий Сердюков Россиянинг Қирғизистондаги умумий вазият, хусусан? Россия ҳарбий базаси бўйича тўхталиб, Қирғизистондаги ҳарбийлар оилалари ва ҳарбий база қўшимча жўнатилган десантчилар томонидан қўриқланаётганини, уларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланганини билдирди. Шунга қарамасдан, Сердюковнинг фикрига кўра, МДҲ давлатлари ҳудудида қуролли тўқнашувлар хавфи сақланиб қолмоқда.

Озодлик: Ушбу йиғилишда Қирғизистон мудофаа тизими вакили иштирок этдими?

- Ҳа. Қирғизистон тарафидан Кенгаш йиғилишида Қирғизистон Қуролли Кучларининг Коллектив хавфсизлик Бирлашган штабидаги вакили полковник Майрамбек Мусиев иштирок этди, деди Озодликка берган суҳбатида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Мудофаа вазирлари кенгаши вакили Михаил Севастянов.

Котибият вакили Қирғизистон масаласига доир ташкилот режаларини ошкор этишдан бош тортди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Мудофаа вазирлари кенгаши 1992 йилнинг 14 феврал куни аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг Қарори билан тузилган.

2006 йилда Грузия ташкилот таркибидан чиқиб кетган. Кенгаш Котибияти таркиби 20 кишидан иборат.

Ҳамдўстлик мудофаа вазирлари кенгаши штаб-квартираси Минск шаҳрида жойлашган.
XS
SM
MD
LG