Линклар

Хитой оммавий ахброт воситалари тарқатган хабарга кўра, мамлакатнинг Тибетга яқин минтақасида рўй берган кучли зилзила оқибатида камида 400 киши нобуд бўлган. Зилзилада, шунингдек 8 мингдан ортиқ фуқаро тан жароҳати олган.

АҚШ Геология марказининг билдиришича, Цинхай вилоятидаги зилзила кучи Рихтер ўлчови бўйича 6.9 баллни ташкил қилган.

Хитой расмийлари эса ер силкиниши 7.1 балл атрофида бўлганини айтмоқдалар.

Зилзила ҳудудида қутқарув ишлари давом этар экан қурбонлар сонининг янада ортиши тахмин қилинмоқда.

Синхуа агентлигининг хабар қилишича, Цинхай вилоятида аҳоли турар жой биноларидан ташқари бир нечта мактаб бинолари ҳам қулаган қулаган. Вайроналар остида эса кўп сонли мактаб ўқувчилари қолган.

Айни пайтда маҳаллий расмийларнинг билдиришича, минтақада дори-дармон тақчиллиги сезилмоқда, кўчада қолган бурча фуқароларни эса палаткалар билан таъминлашнинг имкони йўқ.

Бундан ташқари, оғир техника машиналарининг йўқлиги ҳам қутқарув ишларини секинлаштирмоқда. Қутқарувчилар қулаган биноларни қўл билан тозалашга мажбур бўлмоқдалар.

Цинхай вилояти расмийларидан бири зилзиладан зарар кўрган ҳудудга қундалик эҳтиёж моллари, жумладан, минглаб иссиқ кийим, кўпра-тўшак ва палаткалар юборилганини маълум қилди. Бундан ташқари, Хитой армияси аскарлари ва полициянинг кўп сонли ходимлари ҳам зилзила рўй берган ҳудудга сафарбар қилинган.

Хитой Сейсмология маркази вакилларидан бири Луи Жиенинг айтишича, бугунги зилзила ортидан минтақада қайтадан ер силкинишлари кузатилган.

-Ҳозирга қадар биз беш маротаба ер силкинганини қайд этдик. Ушбу ер силкинишларининг кучи беш баллдан юқори бўлди. Улардан энг кучлиси соат 9-30 атрофида бўлди. Асосий ер силкиниши 7.1 баллни ташкил қилган бўлса, ундан кейинги ер силкинишлардан энг кучлиси 6.3 балли бўлди. Яна зилзила рўй бериши кутилмоқда, дейди Хитой Сейсмология маркази расмийси.

2008 йилнинг май ойида Хитойнинг Сичуан вилоятида ҳам кучли зилзила рўй берган. Мазкур зилзила оқибатида 87 минг фуқаро нобуд бўлган.
XS
SM
MD
LG