Линклар

Эркин микрофон - "Роза яхши, Гулнораям ёмонмас"

  • Фаррух Юсуфий

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Озодликка сим қоққан фарғоналик муштарий фикрича, Қурмонбек Бакиев бошқарувни эплолмагани учун унинг ўрнига Роза Ўтунбаева келган. Суҳбатдошимиз Гулнора Каримова ҳақидаги салбий фикрларга ҳам қўшилмаслигини айтади.

"Роза эплайди, Гулнора эплаяпти"

Фарғона вилоятида Ўзбекистон туманидан қўнғироқ қилган тингловчимиз Қирғизистондаги воқеалар ва шу кунларда катта баҳсларга сабаб бўлаётган Гулнора Каримова - Ўзбекистон маликаси мавзусида фикр билдириш истагини билдирди.

- Мен Фарғона вилояти¸ Ўзбекистон туманиданман. Мана ҳозир Қирғизистон масаласи ҳақида гап кетаяптию. “Қурмонбек Бакиев ҳокимиятдан кетди¸ ҳозир Жалолободда. Роза Ўтунбаева ҳокимиятни эгаллади”, дейилаяпти. Шу тўғрими ахир?

Озодлик: Ҳа¸ шунақа бўлди.

- Энди менинг фикримда¸ бу Қурмонбек Бакиев ҳокимиятни эплай олмаган бўлса керакки¸ Роза Ўтунбаева эгаллабди-да энди. Бошқара олмаган, деб ҳисоблайман-да мен. Кейин Рустам Абдуллаевнинг мақоласи чиқибди экан. Гулнора Каримова тўғрисида “Ўзбекистон маликаси” деб мақола ëзган экан. Энди менинг фикрим бўйича¸ бу Гулнора Ўзбекистон маликасими¸ сал юқорироқми¸ малика эмасми - буни ҳаëт кўрсатади. Фарғона водийсида Гулнора қўлини қаерга узатган бўлса¸ ўша ерда ижобий ишлар бўлди халқ фойдасига. Одамлар ишлаяпти¸ маош олаяпти¸ заводлар юраяпти. Мен бу ҳақдаги салбий фикрга қўшилмайман. Ижобий фикрга эгаман.

Озодлик: Ўшаларни гапириб беринг-да. Қанақа ижобий воқеалар рўй берди? Қанақа ижобий ишлар амалга оширилди?

- Масалан, Қўқонда заправкаси бор. Тўлиқ сутка ишлайди. Бензинни тўлиқ беради. Нархи арзон. Ишлайдиганларга иш ҳақини яхши тўлаяпти экан. Биздан уч-тўртталари ишлайди. 450-500 минг атрофида пул олар экан. Энди бу ҳам осон эмас. Ҳамманинг қўлидан келмайди. Шунчалик бор экан қилибди. Қувасой шиферини олаяпмиз. Шиферлар ишончли¸ арзон ҳамда мустаҳкам. Қанча одам ишлаяпти у ерда. Завод тўхтаб қолгани йўқ-ку¸ ишлаяпти-ку.

Озодлик: Мана заправкаси бор¸ шифер заводини назорат қилади, деяпсиз. Бошқа одамларга тадбиркорлик қилишга имкон берилганда бунақа бўлмас эди, деб ўйлайсизми? Фақат Гулнора Каримова туфайли гуркираб яшнаб кетаяпти, деб ҳисоблайсизми?

- Энди ўшанинг фаолияти билан иш бўлаяпти. Бошқалар шуни қилмаяпти-ку. Қўлидан келадиган одамларнинг кўп нимага қилмаяпти?

Озодлик: Бошқаларга имкон берилмаяпти, деб айтишаяпти-да. Тадбиркорлар бизга телефон қилиб: “Бизга имкон беришмаяпти. Енгиллик бермаяпти. Ҳамма нарсани Гулнора Каримова ва унинг атрофидагилар эгаллаб олаяпти”, деган фикрларни айтаяпти. Бунга нима дейсиз?

- Энди мен буни аниқ кўзим билан кўрганим йўқ. Аниқ билмаймиз. Шунинг учун бирор нарса дея олмайман. Кўз билан кўргандан кейин¸ аниқ ишонч ҳосил қилиб кейин гапириш керак¸ дейди фарғоналик тингловчимиз.


"Ўзбек аёллари қилмишидан уялаяпман"

Фарғонанинг Ўзбекистон туманидан қўнғироқ қилган тингловчимиз "Гулнора Каримова маликадан ҳам аълороқ" деяётган бир пайтда, Туркиядан сим қоққан тингловчимиз бу мамлакатда ўзбек аёллари қўл ураётган ишлардан анча хижолатда эканини айтади.

- Мен Туркияда ишлайман. Бошқа миллатдаги дўстларимиз билан ишлаймиз. Битта нарса қийнаяпти. Туркияда фоҳишалик билан шуғулланаëтган ўзбек аëлларини ўз кўзим билан кўраяпман. Сизларнинг олдингларда ҳам¸ бошқа оғайниларим олдида ҳам ер ëрилсаю ерга кириб кетсам, деб одам ҳижолат чекади. Олдимиздан ўтиб кетгандан кейин ëки бошқа ҳолатларни кузатганимиздан кейин шунақа мавзу очилиб кетади. Хуллас, газеталарда кейинги пайтларда ўзбек қизлари ҳақида мақолалар чиқаяпти. Нафақат фоҳишалик¸ уйларда ишлаëтган аëллар ҳам ўша ишлаëтган жойидан нарса ўғирлаб шарманда қилишаяпти.

Озодлик: Сизнинг фикрингизча¸ нимага шундай бўлиб қолди? Ўзбек аëлларининг фоҳишалик қилаëтгани тўғрисида¸ ўғирлик қилаëтгани тўғрисида Туркия газеталари ëзаяпти, деяпсиз. Нима учун шунақа бўлди, деб ҳисоблайсиз?

- Энди билмадим. Авваламбор қўлидан келса¸ Ўзбекистонда қолиши керак эди. Менимча¸ қонида бузуқлик бор. Бу ëққа келиб ҳам шунақа ишларни қилиб¸ ўзбекнинг шаънини ерга ураяпти. Одам оч қолса ҳам, бунақа иш қилиши керак эмас-да. Бу ерда газетада кўрдим. Катта қилиб "ўзбек" деб ëзиб, "ўғирлик қилди" деб ëзибди. Хўжайини дам олишга Германияга кетган экан. Ишониб уйини ташлаб кетган экан. Уйдан 200 минг долларлик олтинларни ўғирлаб кетиб, сотаëтган пайтда қўлга тушган. Катта қилиб ЎЗБЕК деб ëзиб қўйибди. Бизнинг ишхонамизга ҳар куни эрталаб газета келади. Буни кўриб одам ғалати бўлади-да. Ким айтаяпти ўзи “Иш бор¸ бу ëққа келинглар” деб. Нимага бунақа нима учун келишаëтганини тушунмайсиз¸ дейди Туркиядан қўнғироқ қилган ва исми сир тутилишини истаган тингловчимиз.

***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG