Линклар

Экспертлар Қирғизистонда фуқаролар уруши чиқишига ишонмайди

  • Сарвар Усмон

Қирғизистондаги воқеаларни кузатиб бораётган таҳлилчилар 7 апрел куни Бишкекда содир бўлган қонли тўқнашувлар пировардида мамлакатни иккига ажратиб юбориши эҳтимоли ўта озлигини айтадилар.

Қирғизистондаги воқеаларни кузатиб бораётган таҳлилчилар 7 апрел куни Бишкекда содир бўлган қонли тўқнашувлар пировардида мамлакатни иккига ажратиб юбориши эҳтимоли ўта озлигини айтадилар.

"Агар муваққат ҳукумат президентга таҳдид қилгудай бўлса, биз Қирғизистоннинг жанубини шимолидан ажратиб олишга тайёрмиз. Агар жанубни қайтариб олишга уринсалар, қўлимизга қурол оламиз".

Президент Бакиевга соқчилик қилаётган қуроллилардан бири айтган бу гап Россияда чиқадиган "Коммерсантъ" газетасининг 13 апрел сонида келтирилди.

Қирғизистонда фуқаролар уруши бошланиб кетиши хавфи мавжудлигидан Россия президенти Дмитрий Медведев ҳам ташвиш билдирди.

Америкалик тадбиркорлар билан учрашув чоғида Россия раҳбари "Қирғизистоннинг икки қисм – шимол ва жанубга бўлиниб кетиш хавфи мавжуд реалликдир", деди.

Фуқаролар уруши чиқиб кетиши хавфи борлигини Озодлик саволларига жавоб берган таҳлилчилар ҳам инкор этмайди. Бироқ бу хавфнинг амалга ошиш эҳтимоли, уларнинг фикрича, ўта оздир.

Саволларимизга таҳлилчилар: Бишкекдан Тўқтағул Какчекеев, Тошкентдан Фарҳод Толипов ва Москвадан Санобар Шерматовалар жавоб берди.

Бишкеклик таҳлилчининг фикрича, бугунги кунда шаклланган вазият учун масъулият тўлалигича президент Бакиевнинг зиммасида.

Тўқтағул Какчекеев мамлакатдаги аҳвол ўта оғир эканлигини, нима учун бу қадар оғир эканлигини узоқ тушунтирди.

У кишининг айтганларидан келиб чиқиб, саволимизни яна бир бор кўндалангига қўйдик:

Озодлик: Демак, уруш бўлмайди?

- Уруш бўлмайди, деб қатъий жавоб қилди бишкеклик таҳлилчи.

Фуқаролар уруши бошланиб кетишига тошкентлик таҳлилчи Фарҳод Толипов ҳам ишонмайди.

- Бундай сценарийга ишонмайман. Фуқаролик уруши даражасигача вазият кўтарилиб кетмаслиги керак. Чунки фуқаролик уруши учун тегишли сабаблар ва уни бошқарадиган қонуниятлар мавжуд бўлиши керак. Агарда Тожикистон мисолини олсак¸ нима сабабдан фуқаролик уруши содир бўлди, деб ўргансак¸ унинг ўзига яраша сабабларини кўришимиз мумкин. Жануб билан шимол орасидаги тўқнашув¸ жанубнинг ҳокимиятга эга бўлмаганлиги¸ умуман ҳокимиятдан маҳрум бўлганлиги норозиликларни қўзғатган. Бу ерда бундай ҳолат кузатилмаяпти. Дейлик, Ўш ëки Жалолобод томондаги аҳоли шимолда яшаëтган аҳоли билан кескин муносабатда бўлиб¸ қандайдир норози ва ҳокимиятни мана шимол олгани мезони бўйича бўлинган. Можаро миллий миқëсда содир бўлаяпти дейишга етарли далиллар¸ асослар йўқ¸ дейди Фарҳод Толипов.

Фикрини давом эттирар экан, тошкентлик таҳлилчи, президент Бакиевга қўйилаётган айблар унинг маҳаллийчилик қилгани эмас, балки ўзи ва атрофидагиларнинг қонунни бузгани, ҳаддидан ошиб кетганидир, деди.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова ҳам Қирғизистонда фуқаролар уруши чиқиб кетишига ишонмайди.

- Тўғриси, мен Тожикистонда ёки 1917 йилдан кейин Россияда бўлиб ўтганидек фуқаролар уруши чиқиб кетишига ишонмайман, дейди Санобар Шерматова.

Унинг фикрича, қирғизлар ўзларини "шимоллик" ва "жанублик"ларга бўлгани билан, аслида, бугунгидай оғир вазиятларда ўзларини битта, яхлит миллат, деб тушунадилар.

- Шунинг учун ҳам жануб билан шимолни бир-бирига қарши қилиб қўйиш Бакиевнинг бўладими, бошқасининг бўладими, қўлидан келмайди, дейди Санобар Шерматова.

Қирғизистоннинг жануби – Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятларининг катта қисми Фарғона водийсида жойлашган.

Водий эса, аҳолиси ўта зич, ижтимоий-иқтисодий муаммолари йилдан-йилга чигаллашиб, ишсизлар сони ортиб, ижтимоий портлашлар хавфи кучайиб бораётган, уч қўшни давлат - Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон туташадиган ҳудуддир.

Бас, шундай экан, Қирғизистонда фуқаролар уруши чиқиб кетмаслигидан биринчи навбатда қўшнилар манфаатдордир.

Лекин тартибсизликлар бошланганидан бери на Тошкентнинг ва на Душанбенинг қўшни давлатдаги вазиятни барқарорлаштиришга ҳисса қўшишга интилгани сезилди.

Хўш, нега?

Бишкеклик таҳлилчи Тўқтағул Какчекеевнинг фикри:

- Менимча, шу кундаги воқеалар Қирғизистоннинг ички иши бўлганлигидан улар (Тошкент ва Душанбе – таҳр.) аралашмай тўғри қилаяпти, иккинчидан, Душанбенинг ҳам, Тошкентнинг ҳам жаноб Бакиевдан ҳафсаласи пир бўлган кўринади. Менимча, бу иш билан, ЕХҲТга раислик қилаётган Қозоғистон шуғулланади, деди бишкеклик таҳлилчи.

Тошкентлик таҳлилчи Фарҳод Толиповнинг фикрича, Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштиришда воситачилик қилиш ташаббусини кўрсатишдан Тошкент ўзини атайлаб тийиб турган бўлиши мумкин.

- Чунки унинг воситачилиги бетараф эмас¸ қандайдир бир ўзининг манфаатлари нуқтаи назаридан амалга оширилаяпти, деган тахминлар айтилиши мумкин. Биз биламизки, Қирғизистон билан бўлган муносабатларимиз охирги йилларда силлиқ кечмаяпти. Ҳаммага маълум бўлган турли хил муаммовий ҳолатлар бор. Шунинг учун ҳам бундай шароитда том маънода бетараф бўлиб¸ реал бир воситачилик ролини ўйнаш осон эмас¸ дейди тошкентлик таҳлилчи Фарҳод Толипов.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова, Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қатор нуфузли халқаро ташкилотлар ва етакчи давлатлар воситачилик қилишга уринаётган бир пайтда қўшниларнинг ташаббус кўрсатмаётганини қуйидагича изоҳлайди:

- Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бундай вазиятларда воситачилик қилиш тажрибаси йўқ. Шундай вазият юз бериши биланоқ чегараларини маҳкамлаб ёпиб олишга ҳаракат қилишади, холос, деди Санобар Шерматова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG