Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:54

Суиқасдда гумонланувчининг ҳовлисини бузишмоқчи


Уйи бузиладиган Одил Абдурасулов Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсуновга суиқасдда гумонланаётганидан хабар топганидан сўнг қочиб кетган.
Уйи бузиладиган Одил Абдурасулов Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсуновга суиқасдда гумонланаётганидан хабар топганидан сўнг қочиб кетган.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсуновга уюштирилган суиқасдда гумонланиб халқаро қидирувга берилган Одил Абдурасулов яшаган уй бузиб ташланиб, ўша ҳовлида яшаётган 14 жон бошпанасиз қолиши мумкин.

“Эзгулик” жамияти тарқатган бу хабарда айтилишича, Мирзо Улуғбек туманининг Авазхон маҳалласида қурилган уйларнинг аксарияти собиқ иттифоқ даврида қурилиб, керакли ҳужжатлар билан расмийлаштирилмаган. Бироқ негадир фақат Одил Абдурасулов яшаган уй бузилаяпти.

Одил Абдурасулов ўтган йилнинг ёзидан буён Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар Қори Турсуновга қилинган суиқасдда гумонланиб қидирилмоқда. Унинг онаси Раъно Абрурасулованинг Озодликка айтишича, ўшандан буён уларга тинчлик йўқ:

- “Ўғлингни топиб бергин” деб бизларга ҳеч кун бермаяпти. Келинимни чақириб¸ “Қулоқларига ток қиламан¸ бошқа қиламан¸ айтасан. "Бўлмаса, 20 та милиционерга (уят бўлса ҳам айтаман) нима қилдириб юбораман” деб отделний телефонлар берган. СНБда ишлайдиганлар чақиртирган эди. “Мана бу телефонни бераман. Ойинг қаëққа бораяпти¸ нима қилади¸ айтасан” деган. Келиним ëрилди менга. Ўзини осмоқчи бўлган эди. Учта боласи бор у ўғлимнинг. Шундан бери бизларга тинчлик йўқ¸ дейди Раъно Абдурасулова.

Бу воқеалардан кейин Раъно Абдурасулова хонадонида янги муаммо пайдо бўлди. Энди уларни яшаб турган уйларидан чиқариб, ҳовлини бузиб ташлашмоқчи.

Раъно опанинг айтишича, бу уйда улар 40 йилдан бери яшайди. Қайнотасидан мерос қолган уй. Бироқ 8 сўтихли бу ҳовли колхоз пайтида расмийлаштирилмай қолган. Мирзо Улуғбек туман ҳокимияти уларни уйдан чиқариш ва бузиш ҳақида судга мурожаат қилган. Суд ҳам ҳукумат даъвосини қондирган:

- Уч марта кассация суди бўлди¸ шаҳар суди бўлди¸ назорат суди бўлди. Ҳаммаси “Уй берилмасин¸ жой берилмасин¸ кўчага ҳайдалсин”. Менинг 14 та неварам бор. (йиғлаб) Нима мен Америкадан келибманми, ука? Ëки бир у ëқ-бу ëқдан келибманми? Фақат пешона тери билан бола-чақа боқадиган оиламиз. Менинг ўғлим ҳам давлат ишида ишлайди. Биринчи маршрут ҳайдайди. Бирор жойда ўғирлик ëки бировнинг нарсасига хиëнат қилиб катта қилмаганман болаларимни. Наҳотки Каримов отамиз мана шунақа нималарга қарамайди. Президент аппаратига борган эдим. У ҳам: “Шаҳар суди ҳал қилади” деб анақа қилиб юборди. Президент аппарати наҳотки шунақаларни ҳал қилмайди¸ дейди Раъно Абдурасулова.

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов Одил Абдурасулов уйининг бузилиши, унинг қочиб кетиши билан боғлиқ деган фикрда. Чунки маҳалладаги худди шундай ҳужжатлаштирилмай қолиб кетган уйлар билан ҳеч кимнинг иши бўлмаяпти:

- Мирзо Улуғбек тумани Аэродромний кўчасида яшовчи Одил Абдурасуловга ҳам нисбатан халқаро қидирув берилган. Бу йигитнинг расмлари жамоат жойларида¸ кўчаларда осиғлиқ турибди. Мана шу ҳодисани билганлиги учун ҳокимият идоралари унинг ота-онасига босимлар ўтказиб ўша уйни бузиб ташлашмоқчи экан. Суд қарорларини¸ ҳужжатларни ўрганиб чиққанимизда шу нарса маълум бўлдики¸ ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган эски уйлар бўйича суд “Ноқонуний қурилган, ўша пайтда ижроқўмнинг қарорлари нотўғри чиқарилган”, деган хулосага келган. Лекин аслида унақа бўлиши керак эмас. Чунки у ерда бутун маҳалланинг уйлари шунақа. Лекин бунинг алоҳида ажратиб олиниб¸ Абдурасуловлар хонадонига бундай босимлар бўлиши Одилнинг қочоб кетиши билан боғлиқ, деб ҳисобланаяпти¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Собиқ иттифоқ пайтида, Тошкент атрофи колхозлардан иборат бўлган бир даврда Авазхон маҳалласида бундай ҳужжатлаштирилмай қолган ҳовлилар анча кўп бўлган. Авазхон маҳалла қўмитаси раиси Шокирбек Рисқулов ҳам бу фактни тасдиқлади. Унинг микрофонсиз Озодликка айтишича, сўнгги йилларда кўпчилик ижроқўмларга югуриб ўз уйларини хатлаб олди, бироқ Раъно Абдурасулова хонадони бу ишни қилишга имконият тополмади. Маҳалла қўмитаси бу оиланинг ўша йиллардан буён шу ерда яшаётгани ҳақида хат ҳам қилиб берган. Раъно опанинг айтишича, у архивдан ҳам шу уйга оид ҳужжатларни қидириб топган. Бироқ, Раъно опага кўра, судлар на маҳалла қўмитаси маълумотномасини, на бошқа ҳужжатларни тан олаяпти, ҳатто адвокатлар ҳам лицензиясидан маҳрум бўлиб қолишдан чўчимоқдалар.

- Ер книгада ëзилган. Архивдан олиб келдим. Свет тўласам¸ газ тўласам. Қайнотам 53 ëшларида ўлганлар. Энди шу қарорни қаëққа қўйган билмаймиз. Лекин архивда қайнотамнинг номига олинган справка бор. Қайнотам¸ қайнонам ҳамма болалари ëзилган справкаларим бор. Олдин селсоветдан берилган справкаларим бор. Тўрт марта¸ беш марта ҳокимият¸ катта жойларга бордим. Бор онангга¸ бор отангга¸ бор онангга¸ бор отангга¸ дейди Раъно Абдурасулова.

Ўғли йўқ гуноҳи учун қочувда эканлигидан ва неваралари билан кўчага улоқтирилишидан ташвишга тушиб қолган Раъно опа бошини қайси дарвозага уришини билмай, ҳайрон қолганини гапиради:

- Майли, мен нима қилай? Ҳаммасининг устидан бензин қуйиб ëқиб юбориб, уйни бўшатиб берсам¸ шу бузадиганлар хурсанд бўладими? Ëки ҳокимият менинг еримни олса¸ бойиб кетадими? Менинг болаларимнинг кўз ëши. У боламнинг айби бўлса¸ пешонасидан отиб юборсин. Квартирама-квартира кўчада юрган бола бўлса. Мен нима қилай? Қаëққа борай¸ додимни кимга айтай¸ дейди Раъно Абдурасулова.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ўринбосари жаноб Ҳожиевнинг ёрдамчиси, бу воқеадан хабари борлигини, лекин телефон орқали маълумот беролмаслигини айтди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг Озодликка айтишича, Одил Абдурасулов 2004 йилда Тошкентдаги портлашларга алоқадорликда айбланиб, уч ойга қамоққа олинган ва қийноқларга солинган эди. Ўтган йили Анвар қори Турсуновга қилинган суиқасддан сўнг у навбатдаги қийноқлардан қўрқиб, мамлакатни тарк этган. Айни пайтда, Суръат Икромовнинг айтишича, Анвар қори Турсунов иши бўйича 83 киши маҳкамага тортилди ва яна янги маҳкамалар кутилмоқда.

- 83 танинг ҳаммаси ўша айб билан ҳукм чиқарилиб қамалган. Ҳозир энди яна шунақа гаплар бор. Ҳозир яна қўлга олинаяпти. Менимча¸ яна қайсидир муддат ичида қаердадир суд бўлиши кутилаяпти. Яна қанчадир одам бор. Лекин уларнинг сони ҳозирча бизларга номаълум¸ дейди Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG