Линклар

logo-print

Качинский Вавел қасрига дафн этилишга лойиқми?


Полшаликларнинг айримлари Качинскийнинг Вавел қасрига кўмилишига норозилик билдирмоқдалар.

Полшаликларнинг айримлари Качинскийнинг Вавел қасрига кўмилишига норозилик билдирмоқдалар.

Россияда авиҳалокатдан нобуд бўлган Полша президенти Леҳ Качинский ва унинг рафиқаси Мария хонимни мамлакат монархлари ва аслзодалари кўмилган Краковдаги Вавел қасрига дафн этиш масаласида мамлакатда бўлиниш юзага келди.

Чоршанба куни Краковда беш юзга яқин одам "Вавелга эмас, Варшавада қолсин", "Качинский қирол бўлмаган" деб ёзилган плакатларни кўтариб, ҳукумат қарорига қарши норозилик ўтказди.

- Качинский Вавелга кўмилишга лойиқ эмас. У Полша учун ҳеч нарса қилгани йўқ, дейди Краковда ўтказилган намойиш қатнашчиларидан бири.

Шунингдек, поляк кинематографиясининг отаси, Оскар мукофотига сазовор бўлган "Катин" филми муаллифи Анжей Вайда ҳам Полшанинг етакчи мустақил газетаси "Gazeta Wyborcza" нашрида очиқ хат билан чиқиб, Леҳ Качинский жасадини Вавел қасрига кўмиш ҳақидаги ҳукумат қарорини "нотўғри" ва "шошма-шошарлик" деб атади.

Бир қатор поляк қироллари, шунингдек, замонавий Полшанинг биринчи етакчиси, маршал Юзеф Пилсудский жасади ҳам Вавел қасрига кўмилган.

- Президент Леҳ Качинский оддий, камтар одам бўлган. Уни мамлакат қироллари ва маршал Пилсудский ёнига кўмишга асос йўқ, дея баёнот берди 84 ёшли поляк режиссери Анжей Вайда.

Смоленск яқинида шанба куни рўй берган авиаҳалокатдан Полша президенти Леҳ Качинский дохил 97 одам, жумладан, поляк дипломатлари, ҳукумат ва парламент аъзолари, ҳарбий етакчилар ҳалок бўлган эди.

Аввалроқ Леҳ Качинскийнинг қизи Марта ҳам ота-онасининг Вавелга дафн этилишига қарши эканини айтган.

Аммо поляк рухонийлари Качинскийнинг Вавелга дафн этиш ҳақидаги қарорни қўллаб-қувватлашмоқда. Шунингдек, 24 мингга яқин одам Интернетда "Йўқ, Качинскийлар Вавелга кўмилиши керак" деган чақириқ билан чиққан.

Полшада юзага келган бундай бўлинишга қарамай, ҳукумат марҳум президентни қироллар билан ёнма-ён дафн этиш қарорида қатъий.

Якшанба куни Леҳ Качинский ва унинг рафиқаси Мария жаҳон етакчилари, жумладан, АҚШ президенти Барак Обама ва Россия президенти Дмитрий Медведев иштирокида Вавел қасрига дафн этилади. Буни Полшанинг Малополск ўлкаси губернатори Станислав Крацик тасдиқлади.
XS
SM
MD
LG