Линклар

logo-print

"Ўзбекистон темир йўллари" ширкати масъуллари Тожикистон юк вагонларининг мамлакат ҳудудида қолиб кетаётгани тожикистонлик ҳамкасблари айби билан бўлаётганини таъкидламоқдалар. Тожикистонлик темирйўлчилар эса бу иддао асоссизлигини айтаяптилар.

Рашид Толибов имзоси остида www.centrasia.ru сайтида чиққан мақолада “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг аноним ходими Тожикистон томони номаълум сабабларга кўра юк вагонларини қабул қилмаётганини айтган.

“Ўзбекистон Тожикистонга тегишли юк вагонларини турли баҳоналар билан ўз ҳудудида тутиб қолаётганига доир гаплар ҳақиқатдан йироқ. Тожик расмийлари деярли ҳар қадамда Ўзбекистон юк вагонларини қасддан ушлаб қолаётганини даъво қилиш баробарида юк вагонларни қабул қилмаётгани Тожикистон томонининг мазкур масалага сиёсий тус беришга жон-жаҳди билан уринаётганидан далолат беради”, дея иқтибос келтирилади мақолада “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг исми ошкор қилинмаган масъулидан.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида дастлаб “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатига сим қоқдик.

Телефон гўшагини кўтарган ширкат матбуот хизмати раҳбари Ҳайдарали Мамадалиев бу маълумотларни тасдиқлади.

- Тўғри ўша нарсалар, яъни Тожикистон вагонларни вақтида ололмаётгани. Биз ҳозир у ёқдан олиб, Сурхондарё, яъни Амузанг орқали бераяпмиз, лекин улар олишолмаяпти. Ҳақиқатдан ҳам шу вазият тўғри ёритилган, деди Ҳайдарали Мамадалев.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати масъули Тожикистон томони юк вагонларини нима учун олмаётгани сабабларини маълум қилмаганини билдирди.

Шундан сўнг биз “Тожикистон темир йўллари”га ҳам мурожаат қилиб, мазкур ширкатнинг раис ўринбосари Усмон Қаландаровдан: “Юк вагонларини қабул қилмаётганларингизга оид хабарлар тўғрими?” дея сўрадик.

Тожик расмийси ўзбекистонлик ҳамкасбларининг айтганларини қатъиян рад этди.

- Биз “Ўзбекистон темир йўллари”нинг Центразия орқали тарқатган бу маълумотига нисбатан эътироз ёзамиз, албатта. Уларнинг биз вагонларимизни номаълум сабабларга кўра қабул қилмаётганимиз тўғрисида айтганлари ёлғон. Биз ҳар куни Ўзбекистон темир йўлларидан ўтиб келаётган 60 тадан 80 тагача юк вагонини Душанбе йўналиши орқали қабул қилиб олаяпмиз. Лекин улар стратегик аҳамиятга эга бўлган юклар вагонини умуман беришмаяпти. Ҳозирча фақат гил ортилган вагонларни беришаяпти, холос, деди “Тожикистон темир йўллари” расмийси.

У Ўзбекистон Тожикистоннинг жанубий ҳудудига олиб кириладиган юк вагонларини умуман ўтказмай қўйганини ҳам қўшимча қилди.

- 16 мартдан буён Хатлон йўналиши бўйича темир йўл берк. Ўша ҳудудга тегишли 1000 дан ортиқ юк вагон Ўзбекистон темир йўлларида ушланиб турибди. Сабабини Ўзбекистон томони темир йўлларини сел ювиб кетгани, йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани ва ҳатто тепловозлари етишмаётгани билан изоҳлашмоқда. Кеча ҳам шу мазмунда телеграмма лдик. Бунга нима дейишар экан?, дея савол ташлайди “Тожикистон темир йўллари” расмийси.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида юк вагонлари бўйича можаро жорий йил бошида юзага келган эди.

Ўшандан буён бир қатор хорижий ташкилотлар, ҳатто БМТнинг юқори мартабали шахслари ҳам бу масала ечимига бел боғлаган бўлсалар-да, мазкур муаммо ҳалигача ҳал қилинмай қолмоқда.
XS
SM
MD
LG