Линклар

Роғун акциялари тарғиботи тўхтатилди

  • Гулнора Равшан

Тожик расмийлари ваъдаларига ишонилса, бундан буён Роғун ГЭСи қурилишини ташвиқ қиладиган мана бундай реклама баннерлари ҳам бино ва кўчаларга илинмайди.

Тожик расмийлари ваъдаларига ишонилса, бундан буён Роғун ГЭСи қурилишини ташвиқ қиладиган мана бундай реклама баннерлари ҳам бино ва кўчаларга илинмайди.

Жорий йил бошида чиқарила бошланган Роғун ГЭСи акциялари ташвиқоти тўхтатилганини изоҳлаган Душанбе расмийлари бу воқеани мазкур акцияларни сотиш суръати пасайиб кетгани билан изоҳламоқдалар.

Жорий йил 6 январида Тожикистон Молия вазирлиги 6 миллиард сомоний ёки 1,4 миллиард АҚШ долларига тенг 5 миллион дона акцияни сотувга чиқарганидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб “ихтиёрий мажбурий ватанпарварлик” кампанияси бошланиб кетди.

Сўнгги уч ой ичида Тожикистондаги барча давлат оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзуси Роғун ГЭСи қурилишини муваффақиятли якунлаш бўлиб қолди.

Оммавий ахборот воситаларида бирорта воқеа, ҳатто парламент сайловлари ҳам Роғун акцияларичалик ташвиқ қилинмади.

Аммо кутилмаганда Роғун акцияси тарғиботи расмийларнинг ҳеч бир изоҳисиз Давлат оммавий ахборот воситалари тилидан тушиб қолди.

12 апрелдан эътиборан Тожикистонда Роғун ҳиссаларини сотиш бўйича барча турдаги тарғибот ишлари расман тўхтатилгани ҳақидаги хабар 13 апрел куни Халқаро валюта жамғармасининг Тожикистон бўйича раҳбари Аксел Шиммелпфеннг тилидан янгради.

ХВЖ расмийси Тожикистон ҳукумати бу қарорини акцияларни сотиш суръати анча пасайиб кетгани билан изоҳлаганини билдирди.

Жаноб Шиммелпфеннг Тожикистон ҳукуматининг Роғун акциялари тарғиботини тўхтатгани борасидаги қарорини қувватлашини билдирди.

ХВЖ расмийси Роғун қурилиши учун аҳолидан пул йиғиш Тожикистондаги ижтимоий аҳволни издан чиқариши мумкинлиги борасида феврал ойидаёқ мамлакат расмийларини огоҳлантирганини маълум қилди.

- Шуни назарга олган ҳолда, бугун Тожикистон ҳукуматининг Роғун акцияси бўйича тарғибот кампаниясини тўхтатганига доир қарорини биз қўллаб-қувватлаймиз, дея билдирди ХВЖ расмийси.

Аксел Шиммелпфеннгга кўра, Тожикистон ҳукумати ихтиёрида Роғун ГЭСи қурилишини давом эттириш учун 2012 йилгача етадиган маблағ бор.

Тожикистон расмийлари шу кунгача Роғун ГЭС қурилишининг биринчи босқичи учун 1 миллиард 300 миллион АҚШ доллари зарурлигини таъкидлаб келади.

Аммо ХВЖ расмийси бу босқичда атиги 600 - 800 миллион доллар лозимлигини маълум қилди. ХВЖ масъулининг гапига қараганда, Тожикистон ҳукуматида шунча маблағ тўплаш имконияти йўқ.

ХВЖнинг Тожикистон бўйича раҳбари Роғун лойиҳасининг халқаро экспертизадан ўтказилиши масаласига доир ҳам фикр билдириб, бу иш Жаҳон банки томонидан амалга оширилишини билдирди. Роғун бўйича халқаро Консорциум ҳам айни шу ташкилот томонидан ташкил қилинади. Мазкур гидроиншоот қурилишининг биринчи босқичи учун маблағ топиш ҳам, Аксел Шиммелпфеннгга кўра, Жаҳон банки зиммасидадир.

Қайд этиш жоизки, бир қатор хорижий ташкилотлар қаторида Тожикистоннинг қўшниси Ўзбекистон Роғун лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилишини ва шунгача мазкур гидроиншоот қурилиши вақтинчалик тўхтатилишини таклиф қилиб келади.

Тожикистон ҳукумати Роғун лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилишига розилик бериши ортидан бу гидроиншоот акциялари бўйича тарғибот ишларини ҳам расман тўхтатди. Хўш, бу қарор ортидан Роғун майдонида қурилиш ишлари тўхтатилиши мумкинми?

Шундай савол билан Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлигининг асосий иншотларни қуриш бошқарма бошлиғи Сирожиддин Саидовга мурожат қилдик.

- Мен бу саволга жавоб бермайман, чунки бу савол сиёсий савол, деди Энергетика вазирлиги расмийси.

Аммо соҳа бўйича мустақил таҳлилчи Ғуломиддин Сайфиддинов ҳар қандай вазиятда ҳам Тожикистон Роғун ГЭСи қурилишини тўхтатишига шубҳа билан қарайди.

- Бу қурилишда Россиянинг бир неча ширкатларидан жалб этилган мутахассислар ишлаяпти. Ундан ташқари, юзлаб тожикистонлик мутахассислар тажриба орттираяпти. Ўзингиз тасаввур қилинг, шунча ишчига жавоб бериб, ишни бир-икки йилгача тўхтатишни. Кейин уларнинг ҳаммасини тўплаш ҳам қийин бўлади. Менимча, Тожикистон бундай таклифга рози бўлмайди, дейди мустақил таҳлилчи.

Тожикистон томони анча йиллик танаффусдан сўнг 2007 Роғун ГЭСи қурилишини давом эттиришга киришди.

2009 йил Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетишини эълон қилганидан сўнг эса, бу гидроиншоот қурилиши янада жадаллаштирилди.

Бугун Тожикистонда Роғунни қуриш ҳаёт-мамот масаласи экани расмийлар оғзидан тушмай келади. Тожик расмийлари Роғун лойиҳаси халқаро экспретизадан муваффақиятли ўтишига ишонишади.

Айни пайтда Ўзбекистон томони Роғун ГЭС лойиҳаси шўролар даврида тузилганини ва у бугун минтақа экологияси учун хавфлилигини таъкидлаб келади.
XS
SM
MD
LG