Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:34

"Бакиев Ўтунбаева билан музокарага тайёр"


Мустақил кузатувчиларга кўра, Бакиев Қирғизистон жанубида ҳам яккаланиб қолмоқда.
Мустақил кузатувчиларга кўра, Бакиев Қирғизистон жанубида ҳам яккаланиб қолмоқда.

Бишкекда 6-7-8 апрел воқеаларини ўрганиш мустақил жамоатчилик комиссияси иш бошлади. Ҳуқуқ ҳимоячилари, нодавлат ташкилоти вакилларидан иборат бўлган комиссия вакиллари 14 апрел куни Жалолободда бўлиб, президент Бакиев билан учрашдилар.

Қурмонбек Бакиев билан учрашган беш кишидан иборат гуруҳ орасида жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдуназар Маматисломов ҳам бор эди. У Озодлик радиоси мухбири саволларига жавоб берди.

Абдуназар Маматисломов:
Бир соатдан ошиқ гаплашганимизда Қурмонбек Солиевич “Шунақа. Агар мен ҳозир қочиб кетсам¸ 100 та вариантим бор эди¸ қочиб кета олардим. Лекин мен кетганим йўқ. Сабаби Қирғизистон тақдири мен учун барибир эмас. Роза Ўтунбаева агар учрашиб гаплашаман деса¸ шартларим бор, айтаман. Ҳамма ëқни законлаштириб¸ легитим қилиб ўтказиб беришга тайëрман”, деб айтди.

Озодлик: Яъни Бакиев ҳокимиятни ўтказиб беришга тайëр ва Роза Ўтунбаева билан музокаралар олиб боришни истаяпти. Ҳозир сиз "Бакиев шартларим бор", деб айтди дедингиз. Мана шу шартлар ҳақида гапирдими, Бакиев?

Абдуназар Маматисломов: Шартлари, асосан ўзининг хавфсизлиги¸ яна оиласининг хавфсизлиги тўғрисида гапирди.

Озодлик: Бакиев намойишчиларнинг отилишида ўзини айбдор деб ҳис қилаяптими ëки “Мен ўқ отишга буйруқ бермаганман. Бунда менинг гуноҳим йўқ” деяптими?

Абдуназар Маматисломов: “Ўқ отишга буйруқ бермаганман” деб айтаяпти. Лекин яна “Демонстрантларнинг орасида қуролли одамлар бор эди. Менинг хонамга ҳам иккита ўқ тегди” деди.

Озодлик: Снайперлар бўлганлиги ҳақидаги маълумотларни ҳам айтдингларми?

Абдуназар Маматисломов: Бу тўғрисида гаплашдик. Бу тўғрисида Қурмонбек Бакиевнинг укаси Жаниш Солиевич билан гаплашдик. Кеча бўлди у ҳам. У “Биз уларга фақат террористларга қарши қурол қўллашни ўргатган эдик. Бу тинч намойишчиларга қарши қурол қўллашни биз ўргатмаган эдик. Мен ўшанда, агар шунчалик бўлса¸ қуроли бор намойишчиларга қурол қўлласанглар бўлади деб айтган эдим” деб айтди.

Озодлик: Бакиевларнинг айтиши бўйича¸ улар тинч намойишчиларга ўқ отишга буйруқ беришмаган ва бу ҳақдаги айбловни тан олишмаяпти. Шунақами?

Абдуназар Маматисломов: Ҳа¸ шунақа. “Моральный айбингиз борми?” десак¸ “Бор” деяпти. “Менинг айбим шунинг олдини ололмаганим¸ шуни билмай қолганим” деяпти.

Озодлик: Бугунги кунда Бакиевнинг ўзини тутиши қандай? Ўзини қандай ҳис қилаяпти?

Абдуназар Маматисломов: Бу ерда иккита томонлама айтиш мумкин. Одам сифатида у бизга “Агар бу ерда спецоперация ўтказиб¸ мени ушлашмоқчи¸ ўлдирмоқчи бўлишса¸ майли мен бунга тайëрман. Мен бу тўғрида қариндош-уруғларимга айтдим. Мени Бишкекка олиб бориб кўмманглар. Отамнинг юртида¸ отам қўйилган қабристонга қўйинглар деб айтдим” деди. Сиëсий томондан бўладиган бўлса¸ “Агар ўзлари қарор чиқариб¸ мени ўлдиришмоқчи бўлишса¸ қон тўкилади” деяпти. Сабаби биз ўзимиз ҳам уни ҳимоя қилаëтган қуролли одамлар борлигини кўрдик.

Озодлик: Мана, сиз холис одам сифатида айтсангиз. Жанубда Бакиев қўллов топиши мумкинми? Бакиевнинг тарафдорлари кўпми¸ озми? Умуман халқнинг ўртасида Бакиевга муносабат қандай?

Абдуназар Маматисломов: Бакиев ўзининг қишлоғида митинглар ўтказди. Одамлар тўпланди. 2000¸ балки ундан ҳам кўп. Кейин яна одамлар келаëтган эди. Уларнинг кўпчилиги чапак чалиб¸ унинг гапларини қўллашди. Илгари куни Жалолободда бўлди. У ерда ҳам кўп одам тўпланди. 8-10 мингдан ошиқ одам тўпланди. Лекин уларнинг орасида қарсак чалганлар оз эди.

Озодлик: Жанубда Бакиевнинг қўлловчилари озми кўпми?

Абдуназар Маматисломов: Озроқ. Анча оз.

Озодлик: 6-7-8 апрел воқеаларини мустақил комиссия ўрганаяпти дедингиз. Дастлабки хулосаларинглар борми шу ҳақда?

Абдуназар Маматисломов: Ҳозирча буни айтиш қийин. Тем более мен бир ўзим айтишим қийин. Бу энди бошланди. Бир томонлама бир нарса дейиш қийин. Кеча Қурмонбек ва Жаниш Солиевич билан учрашганимизда¸ “У ерда милициялар ҳам ўлган” деб айтишди. Бу томонларни ҳам қараш керак. Ўшандан кейин бирор хулосага келса бўлади. Ҳозир бир нарса дейиш қийин.
XS
SM
MD
LG