Линклар

logo-print

Тожик депутатлари ҳам экокомиссия тузди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон парламенти қуйи палатаси спикери Шукуржон Зуҳуров парламент қошидаги экокомиссия давлат идора ва ташкилотлари билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида тузилганини айтади.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси спикери Шукуржон Зуҳуров парламент қошидаги экокомиссия давлат идора ва ташкилотлари билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида тузилганини айтади.

Тожикистон парламенти қошида экология масалалари билан шуғулланувчи муваққат комиссия иш бошлади. Тожикистон таҳлилчиларнинг айримлари мазкур комиссия Ўзбекистон парламентидаги экологлар гуруҳига муқобил ўлароқ тузилганини айтмоқдалар.

15 апрелдан эътиборан Тожикистон парламенти қошида экология масалалари бўйича иш олиб борадиган муваққат комиссия ишга киришди. Бу комиссияга парламент қуйи палатасининг 15 нафар депутати аъзо этиб тайинланди.

- Бундай комиссияни тузишдан мақсадимиз мамлакат қуйи палатаси қўмиталари билан давлат идора ва ташкилотлари ўртасида атроф-муҳитни ҳимоялаш ҳамда соғломлаштириш борасида ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборатдир. Шунингдек, комиссия ўз аъзолари ва таҳлилчилари воситасида аҳолини республика ва минтақада содир бўлаётган турли экологик муаммолар ва бу борада Тожикистон парламенти қабул қилаётган қарорлар билан ҳам таништириб боради, дея маълум қилди Тожикистон қуйи палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров.

Айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон томони ўтган йили парламентга сайловлар арафасида экологлар учун алоҳида квота ажратган ва ана шу квота асосида 15 нафар эколог-депутатни сайлаб олган эди.

Жорий йил март ойи ўрталарида Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида бу ҳудуд аҳолиси иштирокида аксилтожикистон намойишлари ўтказилган эди. Тожикистондаги сиёсий доиралар суҳбатида бу намойишлар айнан ўша эколог-депутатлар ташаббуси билан ташкил қилингани айтиб келинмоқда.

Таҳлилчилар бугунги кунда Тожикистон қуйи палатаси қошида ҳам Ўзбекистон парламентида бўлгани сингари экологик комиссиянинг тузилиши, бу комиссия аъзоларининг Ўзбекистонда бўлгани каби 15 нафардан иборат эканида рамзий маъно кўрмоқдалар. Тожикистонлик таҳлилчиларга кўра, мазкур комиссия Ўзбекистон парламентидаги экологлар гуруҳига посанги ўлароқ ташкил қилинган.

Аммо Тожикистон парламентидаги экологик комиссия аъзоларидан бири, қуйи палата вакили Муҳиддин Кабирий бундай тахминлар тўғри эмаслигини айтади.

- Бизнинг комиссиямиз қўшни мамлакатлардаги бирорта экологик ташкилот ёки комиссияларга зид тарзда тузилмаган. Биз буни ўз фаолиятимизнинг дастлабки куниданоқ эълон қилаяпмиз. Ўзбекистон парламенти қошида фаолият қилаётган экокомиссия жуда фаоллиги ва улар фаолиятининг бир йўналиши асосан Тожикистондаги экологик вазиятни назорат қилишга қаратилганини яхши биламиз. Улар Тожикистонни Марказий Осиё эгологик муҳитини булғаётганликда айблаб келади. Лекин яна бир бор такрорлайман, биз уларга жавобан ёки рақобат мақсадида бу комиссияни тузмадик. Аксинча, мақсадимиз республика, қолаверса, минтақа экологияси муҳофазаси учун бағараз хизмат қилишдир, дейди Муҳиддин Кабирий.

Тожикистон парламенти матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, мазкур комиссия аъзолари Тожикистондаги экологик вазиятни ҳар томонлама пухта ўрганишга киришган.

Улар ўз олдиларига қўйган яна бир асосий мақсад Тожикистон ҳудудидаги музликларнинг эриши жараёнини тожикистонлик олимлар кўмагида илмий ўрганиш ва унинг олдини олишдан иборатлиги айтилмоқда.

- Музликлар эриш жараёнини секинлаштириш бўйича комиссия ўз олдига қўйган вазифани муваффақиятли бажара олса, - дея таъкидлайди мазкур ташкилот аъзоларидан бири Жумабой Сангинов, - минтақадаги сув заҳиралари билан боғлиқ муаммо қисман бўлса-да, ўз ечимини топади.
XS
SM
MD
LG