Линклар

Эркин микрофон - "Ўзбеклар қўй эмас!"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Қирғизистондаги халқ исëнини ўкинч билан кузатиб¸ ўз миллатдошларига қачонгача қўйдек юрамиз¸ дея мурожаат қилган йигит ҳайқириғига жавоблар келмоқда.


Асакалик Иброҳим йўқолиб қолди...

Россиянинг Санкт Петербург шаҳридан Озодликка қўнғироқ қилган бир гуруҳ андижонлик йигитлар Иброҳим Нишонов деган ҳамюртларининг 11 кун аввал йўқолганини хабар қилиб, унинг тақдири борасида хавотир билдиришди.

- Бизнинг битта ошнамиз бозор куни “пулим бор эди” деб битта ошнаси билан кўришгани чиқиб кетган. 4 апрел куни чиқиб кетганда. Шу бола йўқ. Бу боланинг пули бўлган. Кириб олиб чиқаман деганда¸ олиб келолмади.

Озодлик: Демак¸ кимдадир пули бўлгану ўшани олишга кетган.

- Олишга кетган. Қайтиб келмаган. Телефонлари ўчирилган. Иккита телефони бор эди.

Озодлик: Демак¸ бугун 11 кун бўлди.

- Ҳа.

Озодлик: Бу йигитнинг исм-фамилияси¸ қаерда яшашини биласизми?

- Андижон вилояти¸ Асака тумани¸ Ниëзботир қишлоғидан Нишонов Иброҳим Зуҳриддинович. 1965 йил 2 апрелда туғилган. Кўринишлари гавдали¸ юмалоқ. Тахминан 110 кило. Каллалари катта бола. Қорачадан келган. Кўзлари юмилиб кетган семиз бола. Бўйи 180-190 см бўлса керак.

Озодлик: Милицияга хабар қилдингларми?

- 16-отделениега хабар берган эдик. Бизга розыскка борасан деди. Розыскка бордик. Биздан тушунтириш хати олди. Ундан кейин уни чақириб туриб перевод қилиб бошқатдан тушунтириш хати олди. Шу кунгача хабар йўқ унга.

Озодлик: Ўзларингиз нима деб ўйлаяпсизлар? Балки Ўзбекистонга кетгандир?

- Ўзбекистонга кетадиган боламасда. Яна бир ерда қоладиган бола ҳаммасда бу. Бу ерда кимдир олиб кириб кетганда буни.

Озодлик: Ким олиб кириб кетган бўлиши мумкин?

- Пул тўғрисида олиб кириб кетган бўлса керакда. Мурожаат қилдик¸ ҳеч қанақа ахтариш йўқ¸ дейди Санкт Петербургдан қўнғироқ қилган йигитлар.


Ўзбекистон нега жим?


Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги ўзбек жамияти вакилларидан бири Бахтиёр Азиз Қирғизистонда бўлаётган сиёсий жараёнлар борасида Ўзбекистон ҳукуматининг муносабат билдирмаётганидан ҳайратланишини айтади.

- Мен Ўшдаги вазият бўйича озгина ўртоқлашмоқчиман сиз билан. Ҳозирги бўлаëтган сиëсий вазиятлар бўйича бир-иккита гапларим бор эди. Бугун асосий майдонда бизнинг администрация уюштирган мажлис бўлди. Митинг бўлдида. Унга Бакиев тарафдорлари келган эди¸ халқ ҳайдаб юборди Бакиевни. Беш-олтита автобусда тарафдорлари билан келган эди¸ майдонга киритишмади. Жуда ҳам нотинчлик¸ миш-мишлар¸ хавф-хатар дегандайда ҳозир бу шаҳарда. Шу нуқтаи назардан мен айтмоқчиман¸ Ўзбекистон раҳбариятининг сукут сақлаганига тушунмаяпман. Бўлаëтган воқеаларга муносабатини билдирмаганига¸ ҳеч қанақа муносабат эшитмаяпмизда. Ҳозир бизда ҳокимиятни олиш бўйича¸ олдинги нимани алмаштириш бўйича демократик процесслар кетаяпти. Лекин қандайдир бир хавф борда. Таянч нуқтаси йўқ¸ демоқчиманда бизда. Кейинчалик нима бўламиз¸ тақдиримиз нима бўлишидан ташвиш билдирмоқчиманда. Ҳозир бизда жуда катта процесслар бўлаяпти. Президентни тахтдан ағдариб чеккалаштириш жуда катта иш. Ҳозир Ўшга келганда гапиртиришмади одамлар. Анча қурбонлар бўлди. Шунга Ўзбекистондан муносабат бўлмади¸ дейди Бахтиëр Азиз.


Ўзбеклар қўй эмас....


Ҳозирда Америкада яшовчи асли ўзбекистонлик бўлган Аброр Шарипов “Эркин микрофон” нинг 8 апрел кунги сонида aндижонлик Шавкат исмли йигитнинг “Қачонгача қўй бўлиб юрамиз?” деган сўзларига эътироз билдиради.

- Қайсидир бир “Эркин микрофон”да бир одам “Қачонгача ўзбек халқи қўйдай бўлиб яшайди” дегандай фикр билдирган экан. У кишига эътирозим бор. Чунки умуман олганда ўзбек халқини¸ бутун халқни қўй дея олмаймиз. Чунки ўзимиз ҳам шу катта бир халқнинг намояндасимиз. Ўзимни қўй деб билмаганим учун бировларни қўй деб била олмайман. Бу биринчидан.

Иккинчидан¸ ўзбек халқи бир пайтлар Ўрта Осиëда мисли кўрилмаган даражада ҳаракатлар қилди. 2005 йилда эсингизда бўлса Андижон халқи кўчаларга чиқиб қанчаси нобуд бўлди. Бизларни қўй дея олмасликнинг яна бир нарсаси¸ агарда Ўзбекистонда Қирғизистончалик даражада ҳокимлар бўлганда эди¸ Ақаевдайми ëки ҳозирги Бакиевдайми бўлганда эди¸ бизлар ҳам Ўзбекистонда демократия оролчаси эмас демократик мамлакат қуриб юборсак бўларди. Бизнинг ҳокимлар қирғиз ҳокимларига қараганда анча қонхўрроқ. Шунинг учун ҳозир Ўзбекистонда революция қила олмаймиз. Қирғизистонда оппозиция ҳали ҳам бор Қирғизистоннинг ўзида. Бизлардаги оппозиция қаëқда? Бизлардаги оппозициянинг ҳаммаси ташқарига чиқиб кетган. Бу ҳам мажбуран чиқиб кетган. Ўзидан ўзи чиқиб кетгани йўқ. Мана Бирликни ëки Эркни олиб қарайдиган бўлсак¸ ҳаммаси чет элда юрганлиги учун бошимизда турадиган бир нима йўқ¸ дейди Аброр Шарипов.


Президентимиз порахўрлар билан яхши олишади...

Фарғонанинг Олтиариқ тумани “Чинор таги” қишлоғидан сим қоққан навбатдаги суҳбатдошимиз туманда коррупция авж олганини ва бунинг натижасида оддий халқ азият чекаётганини айтади.

- Ерни давлатимизнинг қўлида ишлайдиган маълум бир шахслар пули бор одамларга сотиб¸ уйида уч-тўртта келини борларга ер етмай қолди. Ҳозир давлат ер беришни тўхтатиб қўйган.

Озодлик: Қайси ерни назарда тутаяпсиз? Томорқа ерими турар жой ерими?

- Турар жой учун. Ўшани бермасдан сотиб юборишган.

Озодлик: Бу ерни ким сотиб олаяпти?

- Пули борлар олаяпти. Олдин ер учун селсоветга қарашган бўлса¸ ҳозир одамнинг чўнтагига қарашаяпти. Чўнтаги қуруқ бўлса¸ оиласида учта-тўртта келини бўлса ҳам бермасдан жўнатиб юбораяпти. Пули бор одамлар борса¸ ерни сотиб навбати келганда номига ўтказиб қўяяпти. Пули бор одамлар ҳам ўзининг номига олмаяпти. Давлат олиб қўймасин деб бошқа қариндош-уруғларининг номига олиб¸ ўзи экинларини экиб пулини олиб юрибди. Шунақа ерни олиб қўйиб¸ пули борларга бир гектарини 800 мингдан сотди. Пули йўқларга ер йўқ. Учта-тўртта келини билан уйида ўтирибди. Мана бизнинг яқин қўшнимиз. Уйида уч-тўртта келини бор. Ер бермаган эди¸ юрагини ушлаб оламдан ўтиб қолди. Мурожаат қилсак¸ бизнинг мурожаатимизни инобатга олишмаяпти. Тошкентга етиб бормаяпти у мурожаатимиз. Шу ерда қолиб кетаяпти. Жўнатишмаяпти. Президентимиз буни билмайди. “Нима қилаяпсан сен? Бу қилаëтган ишинг тўғрими? Сотма дейдиган одам йўқмикан” деб шуни овозим билан Озодлик орқали етказсам деб телефон қилган жойим эди.

Озодлик: Президент эшитса¸ ўша муаммолар ҳал қилинади¸ деб ўйлайсизми?

- Албатта. Президентимиз бунақа порахўрликка қарши жуда яхши олишади. Ҳозир беш-олтита одам қамалди бу тўғрисида. Давлатимиз махсус комиссия жўнатди. Ўша ерларни бизларга олиб берса¸ дейди фарғоналик тингловчимиз.

*********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG