Линклар

Бўш келиб, қуруқ қайтаётган президент ëки...

  • Сарвар Усмон

Бакиевнинг беш йил давомида¸ хусусан кейинги кунлар ичида қилган ҳатти-ҳаракатлари¸ кузатувчиларга кўра¸ унда лидерлик хислатининг йўқлигини намоëн қилди.

Бакиевнинг беш йил давомида¸ хусусан кейинги кунлар ичида қилган ҳатти-ҳаракатлари¸ кузатувчиларга кўра¸ унда лидерлик хислатининг йўқлигини намоëн қилди.

Қурмонбек Бакиев портретига баъзи чизгилар. Халқ қўзғолони тўлқинида¸ балки ўзи учун ҳам кутилмаганда ҳокимият тепасига келиб қолган Бакиев¸ яна айнан шундай қўзғолон оқибатида яна ўзи учун кутилмаганда ҳокимиятдан ағдарилди.


Қирғизистоннинг де-юре президенти Қурмонбек Бакиев 15 апрел куни Ўшга сафар қилди ва қуролли соқчилари қуршовида шаҳарнинг марказий майдонида ўтаётган кўп минг кишилик митингга кириб борди.

Митингнинг асосан муваққат ҳукумат тарафдорлари бўлган иштирокчилари президентнинг минбарга кўтарилишига рухсат бермади ва натижада жаноб Бакиев Ўшни тарк этишга мажбур бўлди.

7 апрелдан буёнги ҳаракатлари жаноб Бакиевнинг вазиятни адекват баҳолай олаётганига, давлат раҳбарида мавжуд бўлиши керак бўладиган ирода Бакиевда етарли эканлигига шубҳа уйғотади.

Бу иштибоҳларга ўрин бор-йўқлигини билиш учун Бакиевнинг таржимаи ҳолию ҳокимият тепасига келиб қолиши тарихини ўрганиш лозим.

*********************************************

Де-юре президентлигича қолаётган Қурмонбек Бакиев ҳокимиятдан де-факто ажралганига 15 апрел куни 8 кун бўлди.

Экс-президент Асқар Ақаев ҳокимиятдан кетган кун - 2005 нинг 24 мартини Қурмонбек Бакиев ҳокимиятга келган кун, деб ҳисобласак, у киши давлат тепасида 5 йилу 2 ҳафта турди.

Бу йил 1 августда 61 га кирадиган Қурмонбек Бакиев Совет иттифоқи тарқаб кетиши арафасида Жалолобод вилояти Кўкёнғоқ шаҳридаги заводда директор бўлиб ишлаган эди.

Қирғизистон мустақилликка эришгач, Бакиев 2 йил Жалолобод вилоятига, 3 йил Чуй вилоятига губернаторлик қилди.

2000 йилнинг декабридан 2002 йилнинг майигача Бакиев Қирғизистон ҳукуматига раислик қилди.

Биз Қурмонбек Бакиев таржимаи ҳолидаги энг муҳим босқичларнигина тилга олдик.

У кишининг давлат раҳбари лавозимига келиб қолиши Қирғизистон тарихига “Лолақизғалдоқ инқилоби” номи билан кирган 2005 йил, 24 март воқеалари билан боғлиқдир.

Ўша воқеалардан қарийб 3 ҳафта ўтгач¸ Қирғизистон парламенти Бакиевни ҳукумат раиси ва муваққат президент қилиб сайлаб қўйган эди.

2005 йил 10 июл куни ўтказилган умумхалқ сайловида Бакиев президентликка сайланган.

“Лолақизғалдоқ инқилоби” ортидан давлат тепасига нима учун бошқалар, шу жумладан бугунги муваққат ҳукуматни бошқариб турган Роза Ўтунбаева эмас, айнан Қурмонбек Бакиев келган эди?

Бу саволни қирғизистонлик сиёсатшунос Ўрўзбек Мўлдалиевга бердик.

- 2005 йилги инқилоб арафасида Ўтунбаева хоним хориждан эндигина келган, жаноб Бакиев эса, шу ерда, депутатликка ҳам сайлана олмай, ишсиз юрган эди, деб эслайди сиёсатшунос.

Ўрўзбек Мўлдалиевга кўра, Бакиевнинг икки марта вилоят бошқаргани, Бош вазир лавозимида ишлагани ўшанда ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилган эди.

Шу ўринда президент Бакиевнинг атрофидаги нуфузли шахслардан бири Усен Сиддиқовнинг айтганларини келтирмоқчимиз.

У киши 7 апрел воқеалари арафасида, 2010 йилнинг 24 март куни Озодлик радиоси қирғиз хизмати саволларига жавоб берган эди.

Усен Сиддиқовни Қирғизистонда баъзилар "Лолақизғалдоқ инқилоби"нинг отаси", деб атайди.

Озодлик мухбирининг ўшанда нима учун Бакиев етакчи бўлиб қолган эди, деган мазмундаги саволига жавобан мана бундай деган эди:

- Ўша даврда муносиб кадрлардан қарийб 20 кишини ўрганиб чиққанмиз. Уларнинг орасида "тоши оғири" ҳукуматни, икки вилоятни бошқариб тажриба орттирган етук кадрлардан бири Бакиев эди. Етакчиликка Атамбаевнинг ҳам, Текебаевнинг ҳам номзодларини мўлжаллаб кўрганмиз, рўйхатда кўпчилик бўлган. Лекин охир-оқибат, шу кишини танладик, етакчи қилдик, деб эслаган эди Усен Сиддиқов бундан 20 кун муқаддам.

Жаноб Сиддиқовнинг бу иқрори Қурмонбек Бакиев шахсини тушуниш учун ўта муҳим кўринади: демак, у киши бир гуруҳ кучли шахсларни уюштириб, ортидан олиб кета оладиган туғма лидер эмас, балки ўйин қоидаларини белгиловчи саҳна ортидагилар ҳукмини ижро этувчи шахсдир.

Бутун бошли бир мамлакатни 5 йил бошқариб турган кишини шахсиятини бир кичик лавҳада тушуниш-тушунтириш мушкул.

Лекин яна бир-икки гапни келтирсак.

Бошқаларнинг қарори билан ҳокимият тепасига келган Бакиев сиёсатшунос Ўрўзбек Мўлдалиевнинг айтишича, ҳокимият тизгинини ўғлию укаларига бериб қўйди.

- Дам ўғлининг хоҳишига қараб иш кўрди, дам укасининг илтимосига қараб ёки унинг розилигини олган ҳолда амал курсиларини бўлиштирди. Чиндан ҳам давлатни унинг ўзи бошқармади. Жиллақурса, у ё ўғлини, ёки укасини танлаши керак эди. Бир пайтнинг ўзида иккала томонга ҳам ён босишга уриниш аҳволни янада танглаштириб юборди, дейди сиёсатшунос.

15 апрел куни Қурмонбек Бакиевнинг Ўшга "бўш бориб, қуруқ қайтиши"дан кўпчилик мантиқ излаяптию тополмаяпти.

Бишкекдан кетганидан бери укаси, Давлат соқчилик хизматининг собиқ раҳбари Жонибек Бакиев қўли остидаги қуролли йигитлар билан ёнида юргани ҳисобга олинса, мантиқсизлик замиридаги мантиқ кўриниб қолади.
XS
SM
MD
LG