Линклар

Москвада яна муҳожир "ов"и бормоқда


Муҳожирларга кўра¸ Москва вокзалларидаги "ов" келгинди меҳнат муҳожирлари пулини талашдан ўзга нарса эмас.

Муҳожирларга кўра¸ Москва вокзалларидаги "ов" келгинди меҳнат муҳожирлари пулини талашдан ўзга нарса эмас.

Россия Миграция хизмати томонидан Москванинг машҳур Уч вокзал майдони, «Проспект Мира» ва «Комсомолская» метро бекатларида текширув ўтказилди ва камида 150 нафар ноқонуний тожик ва ўзбек муҳожири ушланди.

Россия пойтахтининг Уч вокзали деб номланувчи майдон аслида Ярослав, Ленинград ва Қозон вокзалларининг туташган майдонидир. Булардан айнан Қозон вокзали Марказий Осиёдан келувчи поездларни қабул қилади ва ортга кузатади. Бу вокзаллар майдони ишсиз, уй-жойсиз юрган кўплаб мухожирларнинг ҳам пул топиш,ҳам яшаш жойига айланиб қолган. Шу сабабли вокзаллар чорраҳасига ҳуқуқ тартибот органларининг ҳам қизиқиши катта.

Сўнгги пайтларда Москвадан мухожирларга нисбатан Миграция хизмати томонидан уюштирилаётган ҳақиқий «ов» бошланганлиги тўғрисида кўплаб хабарлар келиб турибди. Уч вокзаллар майдонида куни кеча Москва бўйiча Федерал миграция хизматининг ходимлари томонидан уюштирилган навбатдаги мана шундай «шикор» тафсилотларини Москва Федерал Миграция хизмати матбуот котиби Екатерина Лобовадан сўраб олдик :

- Федерал Миграция хизмати томонидан МоскванингУч вокзали майдонида атрофдаги метро бекатларида Темир йўл милиция бўлими билан биргаликда текширув ўтказилди. Майдонда 150 нафар одам ушланди. Улар иммиграция қонунларини бузганликда гумон қилинмоқдалар. Ушланганлар қаторида олдин судланган Қирғизистон фуқароси чунтагидан совуқ қурол, аниқроғи ов пичоғи топилди. Барча қонунбузарлар энг яқин милиция бўлимига келтирилди.

Озодлик: Нима учун текширув учун айнан Уч вокзал майдони танланди?

- Бу текширув режа асосида бажарилган. Биз режа бўйича деярли ҳар куни бундай текширувларни ўтказамиз.

Озодлик: Қўлга олинганлар ҳозир қаерда?

- Улар ҳозирда ўша милиция бўлимида. Биз ҳужжатларини текшириб шахслари аниқлангандан кейин аниқ бўлади: ким депорт қилинади, ким қўйиб юборилади. Умуман бундай текширувлар натижасида сўнгги пайтларда бу каби қонун бузилишлари ошиб бормоқда. Масалан, 2010 йилнинг дастлабки 2 ойи давомида 19 558 текширув ўтказилган. Паспорт-виза қоидаларини бузганлиги учун жами 43 704 киши маъмурий жавобгарликка тортилди¸ дейди Москва Федерал Миграция хизмати матбуот котиби Екатерина Лобова.

Москва шаҳрида авж олган текширувлар борасида «Тожик меҳнат муҳожирлари» Умумроссия ижтимоий ҳаракати раҳбари Каромат Шарипов ўзгача фикр билдирди:

- Уч вокзал майдонида бўлган текширув¸ асосан¸ келаётган поездлардаги муҳожирларга тегишли эди. Тасаввур қилинг, жой йўқлигидан, келганларнинг аксарияти билетсиз. Бунинг ўзи қонунбузарлик¸ деб олиниши мумкин.

Эътибор беринг, битта келаётган поездда 17 вагон бўлади. Ҳар бир вагонда 100 тадан кам одам кўрмаганман. Жами битта поезддан 2000 яқин одам Уч вокзал майдонига тушади. Милиция ходимларининг ўзлари вокзалларда бўлаётган коррупция ва талон-тарожликга аралашган. Тожик-ўзбеклардан иборат уларнинг ёрдамчилари ҳам бор. Кечаги текширувдан кейин барча ушланганлардан пули олиниб қўйиб юборилган, буни мен аниқ биламан. Қозон вокзалида санғиб юрганларнинг аксари ўзлари ўғрилик ва юртдошларини талаш билан шуғулланишади. Ҳар бир ўтаётган муҳожирдан улар 3 минг рубл миқдорида товон олишади. Кеча милицияга тушганлар ким 200, ким 300 , яқинда келганлар бўлса 2000 рубл тўлаб қутулишди. Тўғриси, бу очиқчасига пул йиғишнинг яна бир йўли. Милиция бошлиғини ўғли туғилганми, ишқилиб пул йиғиш керак эди, холос, дейди «Тожик меҳнат муҳожирлари» Умумроссия ижтимоий ҳаракати раҳбари Каромат Шарипов куни кеча Москванинг Уч вокзали майдонида Миграция хизмати томонидан уюштирган текширув борасида.

Мигрант.ру халқаро муҳожирлар ҳаракати сайти тарқатган маълумотга кўра, Москвада 2010 йилда Россия ҳукумати томонидан муҳожирларга ўрнатилган талаб квотаси 250 минг кишини ташкил этди. Баъзи хабарларга асосан Россия пойтахти аҳолисининг 70 фоизини муҳожирлар ташкил қилар экан. Москвада расман 12 миллион ортиқ одам истиқомат қилади.
XS
SM
MD
LG