Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:27

Жиззахда 25 йигит "жиҳодчи" деб топилди


Жиззах вилоят Жиноят ишлари бўйича суди 25 нафар ёш йигитни исломий жиҳод гуруҳи тузганликда айблаб, икки йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилди. Судланувчиларнинг ўзларига қўйилган айблардан ҳайратга тушгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда мусулмонларни радикал диний оқимларга аъзоликда айблаб қамаш тўфони Жиззахга кўчди. 15 апрел куни Жиззах вилоят судида Дилшод Оролов раислигида ўтказилган маҳкамада 25 нафар ёш йигит исломий жиҳод гуруҳи тузганликда айбланиб, 2 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилинди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Бахтиёр Ҳамроевнинг айтишича, бу йигитлар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси¸ 244-модданинг биринчи қисми¸ учинчи банди билан¸ шу модданинг иккинчи қисми¸ биринчи банди билан ва яна бир қанча бошқа моддалар билан айбланган. Унинг сўзларига кўра, исломий жиҳод гуруҳи раҳбарлари деб айтилаётган Акмал Улуғмуродов ва Қаюм Субҳоновлар 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Қамалганлар рўйхати:

1.Акмал Улуғмуродов, 1978 йил
2.Субҳонов Қаюм, 1972 йил
3.Субҳонов Раҳматулло, 1975 йил
4.Субҳонов Ғайбулло, 1985 йил
5.Шодмонов Анвар, 1977 йил
6.Урдушев Жасур, 1979 йил
7.Урдушев Маҳмуд, 1948 йил
8.Қорақулов Ўктам, 1980 йил
9.Қаршиев Бунёд, 1986 йил
10.Йўлдошев Икром, 1976 йил
11.Абдумажитов Шуҳрат, 1978 йил
12.Тошпўлатов Ғолибжон, 1976 йил
13.Ўрозбоев Озод, 1976 йил
14.Усмонов Ҳусан, 1977 йил
15.Усмонов Сулаймон, 1984 йил
16.Кунаров Сардор, 1989 йил
17.Кунаров Шерали, 1982 йил
18. Ражабов Ҳасан, 1986 йил
19.Файзиев Икромжон, 1973 йил
20.Рўзимуродов Тоҳир, 1986 йил
21.Авазов Алишер, 1972 йил
22.Азизов Низомиддин, 1977 йил
23.Усмонов Ғайрат, 1980 йил
24.Юсупов Шавкатжон, 1971 йил
25.Сирожов Имомқул, 1986 йил

Қаюм Субҳоновнинг турмуш ўртоғи Санам Субҳонованинг Озодликка айтишича, судланувчилар тергов давомида уларга нисбатан шафқатсиз қийноқлар қўлланилганини айтган, бироқ суд бу ҳолатларни инобатга олмади.

Санам Субҳонова: Жуда ҳам ëмон қийноқлар қилган. Даже менинг олдимда ҳам қийноқ қилди буларни. Менинг олдимда.

Озодлик: Қандай қийноқ қилди?

Санам Субҳонова: Шу ердаги Ботир деган бола калласига противогаз кийдириб¸ шу билан менинг бетимга урган.

Озодлик: Судда бўлаяптими бу?

Санам Субҳонова: Тергов жараëнида. 16 сентябр куни мени ҳам уйимдан олиб кетган. Мени ҳам олиб бориб¸ у ерда масхара қилишди. Уларни қандай қийноққа солганларини мен ўзим кўрдим. Пол латтани оғзига тиқиб¸ дубинка билан уриб беҳуш қилиб азоблашди. Бошида иссиқ баклашкани қўйиб¸ столнинг оëғи сингунча бошига урган. Ҳатто баклашка охири ëрилиб¸ таглари куйиб кетган.

Озодлик: Буни сизга ким айтди? Судда айтдими?

- Суд жараëнида айтди бу бола. Ўзи айтди. Ҳатто шу урганида кўзидаги линза¸ кўзи кўр бола¸ отилиб чиқиб кетган. Бир кўзида турибди¸ бир кўзиники отилиб кетган. Менинг қайним ўзини тўртинчи қаватдан ташлаб юборган вақтида сочидан чангаллаб трос билан боғлаб қўйган. Итни боғлагандай боғлаб отиб юборган бурчакка. Бу ерда бирортасида айб йўқ. Бу ерда столда ўтирганларга погон кераклиги учун 25 та болани тиқаяпти. Погон керак уларга¸ дейди Санам Субҳонова.

Унинг сўзларига кўра, эри Қаюм Субҳонов исломий жиҳод нима эканлигини ҳатто билмайди ҳам.

- Умуман жиҳод нима эканлигини булар билмайди. Намознинг а ҳарфини кеча ўрганган одамлар булар. Булар ҳали намозни тўлиқлаб эрта саҳардан ўқимаган болалар. Мактабдан ортмайди. Эрталаб соат 7 ларда чиқиб кетса¸ кечқурун соат 5-6 ларда қайтади. Вақти борми бошқа нарсага. Жиҳодга тайëр қилишга кимнинг вақти бор? Булар бурнини арта олмайдиган болалар. 31 интернат мактабида дейилган. Менинг эрим шу ерда гуруҳ бошлиғи бўлиб гуруҳ тайëрлаган экан. Бу ҳаммаси ëлғон¸ бўҳтон. Ўзларидан тўқиб чиқарган ифлос халқ бу. Туҳматчи халқ бу. Шу ерда биттаси ëзиб берган эмиш. Низом деган бола. Маҳалла комитетида ишлаган бола экан. Низом бу бурнини арта олмайдиган мишиқи бола. Маҳалланинг югурдаги¸ дейди Санам Субҳонова.

Судланган яна бир йигитнинг келинойисига кўра, судланувчилар маҳкамада уларга қўйилган айблардан ҳайрон бўлганини айтганлар.

- Суд жараëнида эшитишди улар исломчи¸ жиҳодчи деган сўзни. Ўзлари ҳайрон қолишди. Қандайдир қасамëд ичгансизлар деб мажбурлаган. Лекин улар “Биз кимга қасам ичамиз? Ҳеч кимни танимасак. Ўзимиз оддий ишчи оиласидаги одамлар бўлсак” дейишди. Ишонсангиз¸ мардикор ҳаммаси. Мардикорлик қилади. Чиқиб ташқарида бировларнинг иморатида ишлайди. Бойвачча¸ қўлида катта-катта пул ўйнайдиган болалар бўлса ҳам майли. Оиласини зўрға тебратиб юрадиган болалар бўлса¸ қандай қилиб уларни исломчи¸ жиҳодчи қилиб чиқаради билмадик. Жуда ҳайрон қолдик ўзимиз ҳам. Ҳаммамиз ҳозир шундай оғир шароитда ўтирибмиз¸ дейди судланган бир йигитнинг келинойиси.

Жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Бахтиёр Ҳамроев фикрича, ўзбек жамияти учун диний экстремизмнинг ўзи ёт бир нарса. Айни пайтда эса мамлакат бўйлаб ёш йигитларни турли хил диний оқимларга алоқадорликда айблаб, уларни ёппасига қамаш кампанияси яна авж олмоқда. Бу жараён эса Ўзбекистон авторитар режимига бўлган халқ норозилигини янада оширади, дейди Бахтиёр Ҳамроев.

- Бундай олиб қараса¸ мана ҳозир Жиззахда 25 киши қамалди. 25 кишининг оиласида тўрттадан ҳисобласангиз¸ 100 киши бўлади. Уларнинг қариндошлари билан мингларга айланади. Ҳозирги жамиятга норозилик ҳисси¸ хоҳлайсизми¸ хоҳламайсизми аллақачон пайдо бўлиб бўлган. Мана шу нарсадан биз жуда хавотирдамиз. Чунки деворни 50 кило куч билан урсангиз¸ девор жонсиз бўлган тақдирда ҳам 50 кило куч қайтаради сизга¸ дейди жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Бахтиёр Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG